Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:08

Тожикистонда қамалган рус учувчилари озод этилди


Садовничий ва Руденко Тожикистон прокуратураси талабига кўра суд залидан қўйиб юборилди.


22 ноябр куни Россия фуқароси Владимир Садовничий ва эстониялик Алексей Руденко ишини қайта кўриб чиққан Хатлон вилоят коллегия суди вилоят прокуратураси эътирозини қабул қилди ва амнистия қўллаш билан икки рус учувчисини суд залидан озод қилди.

Бугун эрталаб Хатлон вилоят судида чиқиши тингланган вилоят прокуратураси вакили Толибжон Азимов Россия фуқароси Садовничий ва унинг ҳамкасби Руденко суд залидан озод этилишини сўраганди.

- Биз бу икки учувчининг айбдор ёки айбсизлиги ҳақида ҳеч нарса демаймиз. Аммо Хатлон вилоят судидан суд биринчи инстанцияси қабул қилган ҳукмни ўзгартириб, уларнинг биринчи марта судланаётганини назарга олган ҳолда, жазони енгиллаштиришини сўраймиз. Яъни учувчиларнинг ҳар бирини 2 йилу 6 ою 14 кунга озодликдан маҳрум қилиниши ҳамда 4 йилгача учувчилик ҳуқуқидан маҳрум этилишини сўраймиз, - деган эди вилоят прокурори муовини Азимов.

“Шунингдек, - дея қўшимча қилганди вилоят прокуратураси вакили Азимов, - республикада қабул қилинган “Авф тўғрисида”ги қонун талабига мувофиқ, уларнинг жазо муҳлати 2 йилга қисқартирилиб, улар тергов ҳибсхонасида 6 ой ортиқча ўтиргани назарга олиниб, суд залидан озод этилиши лозим”.

Ҳукм ўқиб эшиттирилгандан сўнг Озодликка гапирган прокурор муовини Азимов “Ролкан” ширкати бош директори Сергей Полуяновга нисбатан очилган жиноят иши давом эттирилишини билдирди.

Хатлон вилоят маҳкамаси жараёнини бевосита кузатган Россиянинг Душанбедаги элчихонаси вакили Дмитрий Кабаев учувчиларга нисбатан қониқарли ҳукм чиқарилганини таъкидлади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Қўрғонтепа шаҳар маҳкамаси ҳукмига биноан “Ролкан” ширкатига тегишли ва Садовничий ҳамда Руденко бошқарган АН-72 русумли иккита самолёт Тожикистон давлати фойдасига мусодара қилинган эди. Шаҳар судининг самолётларнинг мусодара қилинганига оид қарори Хатлон вилоят маҳкамаси томонидан ўзгартиришсиз қолдирилди.

Аснода озодликка чиққан Владимир Садовничий бундан хурсанд эканини маълум қилди.

- Озодликка чиққанимдан жуда хурсандман. Лекин бизга нисбатан Қўрғонтепа шаҳар суди чиқарган ҳукм ўзгартирилиб, бутунлай озод этилмаганимиздан хафаман, чунки биз айбсизмиз, - деди Россия фуқароси Садовничий.

Озодликка чиққан Садовничий, жумладан, тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан чиқариб юборилаётганидан ташвиш билдириб, “бу тадбирлар бизнинг ишимиз билан боғлиқлик жойи бўлса, Россия ҳукумати буни қасддан қилаётган бўлса мен расмийларни бу йўлдан қайтишга даъват этаман”, деди.

Эслатсак, “Ролкан” ширкати учувчилари бўлган россиялик Садовничий ва Эстония фуқароси Руденко шу йилнинг 12 мартида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик, контрабанда ва халқаро парвоз меъёрларини бузганлик айби билан Қўрғонтепа шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

8 ноябр куни Қўрғонтепа суди рус учувчиларининг ҳар бирини 8,5 йилданга озодликдан маҳрум этганди.

Қўрғонтепа суди ҳукми, ўз навбатида, Россия томонининг ғашига тегди ва у икки давлатнинг сиёсий баҳсига туртки бўлди.

Кремл расмий Душанбедан Садовничий ва Руденкога нисбатан ҳукм бекор қилиниб, улар зудлик билан қўйиб юборилишини талаб қилди.

Бироқ тожик томони Москва талабини назар-писанд қилмади. Бу орада юзлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россия ҳудудидан ҳайдалди.

Расмий маълумотларга кўра, 11 ноябрдан шу кунгача 1500 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири Россияда ҳибсга олинган. Норасмий манбалар эса бу рақам икки баравар кўпроқ эканини айтади.

Кузатувчилар тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан қувилиши рус учувчиларининг Қўрғонтепада қамалиши билан боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, Россияда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият тобора кескинлашаётгани сабабли Тожикистон томони рус учувчиларини озод этишдан ўзга чораси қолмаган.

Хўш, бугун бири Россия ва бошқаси Эстония фуқаролари бўлган икки хорижлик учувчи тожик расмийлари қабул қилган авф боис озодликка чиқарилар экан, Кремл тожикистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қарорини ўзгартирадими?

Мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров бундай деб ўйламайди.

- Меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масала аллақачон сиёсий тус олди. Бу воқеа Россия ва Тожикистон муносабатларини қонунлар эмас, балки сиёсат белгилаб беришини кўрсатди. Яъни ким зўр ва ким қандай таъсир ўтказа олади - мана шу нарса бугун яққол исботини топди, - дея мулоҳаза билдирган таҳлилчи Раҳматулло Зоиров рус учувчиларининг озод этилиши ортидан Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият ўнгланишига шубҳа билан қарашини айтади.

Айни пайтда учувчиларнинг озод этилиши Тожикистон ва Россия ўртасида юзага келган тарангликни юмшатиш эҳтимоли ҳақида фикр билдираётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG