Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Покистонда НАТОга қарши норозилик янада кучаймоқда


Покистон жанубида НАТО ҳарбийларига аталган юклар карвони ҳозирданоқ йиғилиб бормоқда.
Покистон жанубида НАТО ҳарбийларига аталган юклар карвони ҳозирданоқ йиғилиб бормоқда.

НАТО ҳаво ҳужумида покистонлик 24 ҳарбийнинг қурбон бўлиши мамлакатда минглаб аҳоли иштирокидаги намойишларга сабаб бўлди.

Бугун Покистон ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Хар АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтонга сим қоқиб, 26 ноябр кунги НАТО амалиёти ортидан мамлакатда юзага келган қаттиқ норозилик масаласида сўзлашди.

26 ноябр куни Покистоннинг Моҳманд вилоятида НАТО ҳарбийлари томонидан амалиёт ўтказилган ва унда 24 нафар покистонлик ҳарбий қурбон бўлган, 13 нафари жароҳатланган эди.

Бу мамлакатда катта норозиликни келтириб чиқарди.

Вазир Ҳина Раббоний Хар АҚШ Давлат котиби билан суҳбат чоғида бу ҳужумларни “халқаро қонунлар ва инсон ҳаётига ҳурматсизликнинг яққол намунаси ҳамда бу Покистон суверенлигига ўтказилган тазйиқдир”, деб баҳолади.

Бугун Моҳмандда 24 аскарнинг дафн маросими бўлиб ўтди ва унда Покистон армияси бош генерали Ашфақ Қаёний ҳамда бошқа юқори мартабали ҳарбийлар иштирок этди.

Дафн маросими минглаб иштирокчиларнинг норозилик намойишларига уланиб кетди.

Норозилардан бири – парламент аъзоси Ҳафиз Рашид Аҳмад бу ҳаракатга нисбатан муносиб жавоб бўлиши керак, деб таъкидлади.

- Мен тез орада моҳмандлик етакчилар билан учрашаман ва бу масалани муҳокама қиламиз. Бизнинг ҳукуматимиз АҚШнинг бу ҳаракатига жиддий жавоб қайтариши керак. Биз ҳукуматдан шундай жиддий ҳаракатларни кутяпмиз, - дейди Покистон парламенти аъзоси.

Шунингдек, бугун намойишчиларнинг яна бир гуруҳи Карачи шаҳрида чиқиш қилгани, яна бир гуруҳи эса АҚШ консуллиги биноси ёнида йиғилгани хабар қилинди.

Намойишчилар АҚШ ҳукуматидан 26 ноябр кунги ҳаракатларга қонуний жавоб беришни талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG