Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:22

Россия мухолифати йирик намойишларга ҳозирланмоқда


Дам олиш кунлари Россиянинг бир қатор шаҳарларида сайловларнинг сохталаштирилганига қарши йирик намойишлар ўтказилиши режаланаяпти.


Мазкур акциялар Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштирилмоқда.

Сешанба куни Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларидаги намойишлар пайти юзлаб одам ҳибсга олинганига қарамай, мухолифатчилар янги норозилик чиқишларига тараддуд кўрмоқда.

Биргина Facebook тармоғида 20 мингга яқин одам 10 декабр куни Москванинг Инқилоб ҳиёбонида ўтказилиши режеланаётган намойишга чиқишга хоҳиш билдирган.

Россиядаги вКонтакте тармоғида тўққиз минг одам шанба кунги тадбирга чиқажагини, ўн икки ярим минг одам бу ҳақда ўйлаётганини айтган.

Шунингдек, тарғибот Live Journal тармоғи ва бир қатор веб-саҳифалар орқали олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларга қараганда, намойишларни Москва ва Россиянинг 37 шаҳрида ўтказиш режаланмоқда.

- Москванинг айрим округларида “Единая Россия” 90 фоиз овоз олгани айтилади ва аҳир бу сохтакорликдан бошқа нарса эмас. Бу партия бунча овоз олиши умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳозир овозлари ўғирланганини пайқаган одамлар ўзларини ҳақоратлангандай ҳис этаяпти, - дейди москвалик блоггер Илья Клишин.

Сешанба куни москваликлар шаҳар марказида кўп йиллардан буён кузатилмаган энг йирик норозилик чиқишларига гувоҳ бўлди.

Якшанба кунги парламент сайловлари жараёнида сохтагарчиликларга қўл урилгани борасидаги хабарларни қоралаб, минглаб одамлар кўчаларга чиқишди.

Бундан аввал сайловдаги сохтакорликлар, бир сайловчи бир неча бор овоз бергани акс этган видеолар Интернетдаги ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.

- Агар ижтимоий тармоқлар бўлмаганида, сайловда йўл қўйилган бу қадар кўламли қонунбузарликлар ҳақида билмаган бўлар эдик. Мана шу ҳол компютер олдида ўтирган одамларни кўчага чиқишга ундади, - дейди россиялик блоггер Александр Морозов.

Айни пайтда собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачев Россияда якшанба куни ўтган парламент сайловлари сохталаштирилганини айтиб, уни қайта ўтказишга чақирган.

- Мамлакат раҳбарлари қатор қаллобликларга қўл урилгани ва натижалар халқ иродасини акс эттирмаслигини тан олишлари керак. Менинг фикримча, омма қарашларини писанд қилмаслик расмийлар обрўсини туширади ва вазиятни беқарорлаштиради, - деб айтган Михаил Горбачев Interfax мухбири билан суҳбатда.

Вашингтонда эса республикачи сенатор МакКейн Путинни Россияда “араб баҳори” эхтимолидан огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG