Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

Икки марта дежавю


Агар шу кундаги тенденциялардан келиб чиқилса, Ислом Каримов 2025 йилни "Энг мустаҳкам оила йили" деб эълон қилади.


Кейинги кунларда Ўзбекистон ТВсида мамлакат сиёсий ҳаётидаги фавқулодда жонланиш акс этди.

Сиёсий ҳаётни ҳар доимгидай президент Каримов жонлантирди.

У кишининг ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон президенти ваколатлари муддатини жорий 7 йилдан 5 йилга тушириб қўйди.

Сенатор Эркин Рўзметовнинг "Ахборот" дастурида айтишича, “Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида конституциямизга киритилаëтган бу тузатиш мамлакатимиз сиëсий ва иқтисодий тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш йўлида мақсадли, босқичма босқич, тадрижий йўл билан илгарилаб бораëтганлигининг яққол тасдиғидир”.

Президентнинг янги ташаббусини нафақат сенаторлар, балки озодликчилар ҳам юқори баҳолади. Сайтимиз муштарийларидан бири мана бу шарҳни ижод қилди:

“Яшанг, Ислом дода, бўшашманг, қариганингизда кучга кираяпсиз!”

Лекин, кўпчилик ҳайрон. Бундан қарийб 10 йил муқаддам – 2002да президентлик муддати 7 йилга узайтирилганда бу иш жамиятни демократлаштириш зарурати билан изоҳланган эди.

Мана энди 5 йилга туширдилар. Яна жамиятни демократлаштириш зарурати билан изоҳламоқдалар.

Дежавю. Деп-дежавю!

Хўш, президентлик муддатини нимада ўлчайдилар? Аптекачининг тарозисидами ё чеварнинг латта метридами?

Балки жамиятни демократлаштириш учун 7 йиллик муддат ҳам, 5 йиллиги ҳам оптимал эмасдир?

Балки Россиядагидай 6 ёки АҚШдагидай 4 йил оптималдир?

Балки, президент, масалан, 5 йил, 7 ой, 16 кун, 22 соату 43 минут амалда ўтирса жамият аниқ демократлашиб қолар?

Билмадик. Ҳар ҳолда "Ахборот" дастури бундай ҳисоб-китоб қилиб бермади.

Ўзбекистон шароитида 7 билан 5 нинг фарқини тушунмагани каби Ислом Каримовнинг яна бир ташаббусини ҳам кўпчилик тушунмади.

Конституция куни муносабати билан ирод этган нутқларида у киши келаси йил номини эълон қилдиларки, бу ҳақда ҳам ЎзТВ хабар берди.

“Кириб келаëтган янги 2012 йилга юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб ном беришни таклиф этаман”.

Яна бир марта дежавю бўпкетди-ку!

Ахир 1998 ҳам "Оила йили" бўлувдику?!

Ё Ўзбекистонда просто оила билан мустаҳкам оила орасида фарқ борми?

Агар бўлса, уни нимада ўлчайдилар? Аптекачининг тарозисидами ё чеварнинг латта метридами?

Ё орада ўтган 13 йил ичида ўзбек оиласи шу қадар парчаланиб кетдимики, энди уни мустаҳкамлаш керак?

Ёки фантазия тугаб қолдими?

Агар шундай бўлса, 14-йилнинг "Гўзал хотин-қизлар йили", деб номланишини кутамиз. 99 – просто "Хотин-қизлар йили" эди.

Қолаверса, президентнинг ўзлари йиғинлардан бирида аёлларга муҳаббатини изҳор қилган эди.

“Ман шу аëлларни яхши кўраман¸ деган фикрни ман қанча ман раҳбар бўлсам шунча йил гапираман ва чарчамайман шу ҳақда гапиргани”.

"Гўзал хотин-қизлар йили"дан сўнг – 15-йил "Жуда соғлом авлод йили" бўлади. 2000-йил просто "Соғлом авлод йили" эди.

Ҳамма йилларни санаб ўтиришга вақт йўқ.

Шунинг учун циклнинг охирини айтамиз-қўямиз: 2024-йилни президент Каримов "Энг кичик бизнес ва энг тадбиркорлик йили", деб эълон қилади. Чунки 13 йил олдинги йил – 2011-йил просто Кичик бизнес ва просто тадбиркорлик йили бўлган эди.

Кейин цикл яна қайта бошланади: 2025-йилни президент Каримов "Энг мустаҳкам оила йили" деб эълон қилади.
XS
SM
MD
LG