Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:44

Кремл сукут сақламоқда...


Медведев минглаб намойишчиларнинг шиорларига қарши эканини айтмоқда. Намойишчилар "Адолатли сайловлар учун" шиори остида кўчага чиққан эди.
Медведев минглаб намойишчиларнинг шиорларига қарши эканини айтмоқда. Намойишчилар "Адолатли сайловлар учун" шиори остида кўчага чиққан эди.

Россия расмийлари 4 декабр куни давлат думасига ўтказилган сайловлар натижалари қайта кўриб чиқилмаслигини айтмоқда. Кремл 10 декабр куни Москва ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтган оммавий норозиликларга расман бўлмасада ўз муносабатини ана шу тарзда билдирди.


Россия ҳукумати парламентга бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан 10 декабр куни Москванинг Болотная майдони ва мамлакатнинг яна 80та шаҳрида норозилик ўтказган минглаб фуқароларнинг норозилик чиқишига бирор расмий жавоб берганича йўқ.

Айниқса, жамоатчиликни Россия Президенти Дмитрий Медведев норозилик акцияларига бўлган муносабатини интернет орқали билдиргани таажублантирди.

Медведев ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида намойишчилар позициясига қўшилмаслги, аммо ҳар ким қонун доирасида ўз фикрини эркин билдира олиши мумкинлигини таъкидлади.

“Конституцияга кўра, Россия фуқаролари сўз эркинлиги ва намойишлар уюштириш эркинлигига эга. Мен митингларда янграган чақириқ ва шиорларга қаршиман. Шунга қарамасдан, сайлов участкаларидан келган барча хабарларни текшириб чиқишни, сайловга тегишли қонунчиликнинг бажарилишига оид текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ бердим”, деб ёзди Дмитрий Медведев.

Сайлов натижаларига норозилик билдирганларнинг талабларига бош вазир Владимир Путин ҳам ўзидан ҳозирча муносабат билдирмади.

Ахборот агентликлари Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг бу масала юзасидан журналистларга берган жавобинигина тарқатмоқда.

У Россия ҳукуматида Москвада намойишга чиққан ўн минглаб одамларнинг талабларига бирор изоҳ йўқлиги ва сайловларда ноҳақликларга йўл қўйилган бўлса ҳам, бу кўрсаткич сайловнинг умумий ҳисобидан 0,5 фоизни ташкил этганини айтиб ўтди, холос.

"Солидарность" ҳаракати ҳамраиси Борис Немцов Озодликка ҳукумат раҳбарларининг жамоатчилик талабига бўлган бундай муносабатини сурбетлик, дея атади.

- Уларнинг сайлов ҳалол ўтказилгани тўғрисидаги ёлғон гаплари, президентнинг ҳаммаси жойида экани ва у айрим вазиятларни қайта кўриб чиқишга буйруқ бергани ҳақидаги иддаолари уларнинг ўз мамлакати, ўз халқини тушунмаслигидан дарак беради, дейди мухолифат лидери Борис Немцов.

Айни пайтда, Россия жамоатчилик фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва маданият арбоблари 12 декабр – Россия Конституцияси куни ҳукумат намояндаларини “Умумроссия давра суҳбати”га таклиф этди.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатилган электрон мактубда, жамоатчилик намояндалари, жумладан Москва Хелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева, ёзувчи Владимир Войнович, актрисалар Лия Ахеджакова ва Наталья Фатеева, политолог Георгий Сатаров ва Ошкоралик ҳимояси жамғармаси президенти Алексей Симоновлар, Кремл раҳбарларини Россияда сўнгги йилларда ўрнатилаётган яккаҳокимликни тинч йўл билан қонун устуворлигига таянувчи демократик тизимига кўчириш йўл-йўриқларини муҳокама этишга чақирмоқда.

Яқинда Дмитрий Медведев томонидан истеъфога чиқариб юборилган Россиянинг собиқ молия вазири Алексей Кудрин "Ведомости" газетасига берган интервьюсида Марказий сайлов қўмитаси раиси Владимир Чуровни истеъфога чиқариб юборишга чақирди.

Шунингдек, собиқ вазир янги сиёсий-либерал партия тузилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Бу сайловлар айнан либерал-девократик қадриятларни ҳимоя қила оладиган кучларнинг етишмаслигини намоён қилди. Шу сабабли, бундай тузилманинг вужудга келишига жамоатчиликда жуда катта талаб бор ва у тузилади, деди бунда ҳаракатни ўзи ҳам бошқариши мумкинлигини айтган Алексей Кудрин.

Шу ўринда, Россиянинг бошқа йирик сиёсий кучлари ҳам сайлов натижаларига ўз норозилигини билдирмоқда.

Россия Компартияси Марказий қўмитаси Президиуми 4 декабр сайловларини нолегитим, деб эълон қилди ва МСҚ раиси Владимир Чуров истеъфосини талаб қилди.

КПРФ тарқатган баёнотда “бўлиб ўтган сайловлар сўнгги 20 йил ичида энг ифлос ва ноҳақ” экани ва “бундай бедодлик ҳатто 90-чи йилларда ҳам бўлмаганини” таъкидланади.

Бундай баёнотларига қарамасдан, парламент сайловларида иккинчи ўринни эгаллаган коммунистлар ўз мандатларини қайтаришга шошилмаётир.

Деярли барча сайлов участкаларида овоз бериш натижалари қалбакилаштирилганини айтаётган мухолифат кучлари Кремл қўйилган талабларни бажармаса, 24 декабр куни бунданда йирикроқ намойишларни уюштиришни ваъда қилмоқда.

Жумладан, норозилик иштирокчилари сиёсий маҳбусларни озод қилиш, 4 декабр парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш, Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуровни истеъфога чиқариш ва унинг фаолиятини тафтиш этиш, сиёсий партияларни қайдга олиш ҳақидаги қонунни ўзгартириш, мухолифат партияларини қайд этиш ва янги сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда.

МДҲ институти директори, Давлат думасида “Единая Россия” партиясининг собиқ вакили Константин Затулин Озодлик билан суҳбатда ҳукумат бундай вазият юзага келиши мумкинлигини ҳисобга олмагани, бироқ Россия мухолифати ҳозирги вазиятда бирор натижага эришиши мумкинлигига ишонмаслигини айтади.

- Мен бу мухолифат ҳаракати ҳозирги кўринишида қайта сайловларни ўтказишга эришиши мумкинлигига ишонмайман. Мен ҳатто бунинг аксига ишонаман. Чунки парламент сайловларининг бекор қилиниши бўлажак президент сайловларини катта сўроқ остига қўяяпти. Шунинг учун бўлса керак буни англаб етган Путин инқирозга учраган “Единая Россия”га эмас, балки “Халқ фронти” ҳаракатига таяниб президентлик сайловларига отланяпти, деди сиёсатшунос Константин Затулин.

10 декабр куни Россиянинг кўплаб шаҳарларида Давлат Думасига ўтказилган сайлов натижалари билан норози фуқароларнинг оммавий чиқишлари уюштирилди. Бу чиқишларнинг энг йириги Москвада бўлиб ўтди: полиция Болотная майдонига 25 минг одам йиғилганини хабар қилган бўлса, мустақил кузатувчилар иштирокчилар сони 80 мингдан ошганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG