Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:32

ҲРУ Ғарбни Тошкент билан ҳамкорлиги учун танқид қилди


“Ғарб ҳукуматлари Марказий Осиëнинг авторитар режимлари билан яқинлашиш андишасида ҳуқуқ бузилишларига амалда кўз юммоқда”.

Бу Ҳюман Райтс Уотч халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг янги ҳисоботидан иқтибосдир.

ҲРУнинг 13 декабр куни эълон қилинган ҳисоботида БМТнинг қийноқлар бўйича экспертлари учун 10 йилдан буён ëпиқ бўлган Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари қамоқхоналарда жазо ўтаётгани, мамлакатда қийноқлар амалиётига барҳам берилмагани, фуқаровий жамият қуриш бўйича ташаббуслар шафқатсизлик билан бостирилаётгани ҳақида сўз боради.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича ходими Стив Свердлов фикрича, Ўзбекистон бу инсон ҳуқуқлари вазияти ўта аянчли бўлган яккамохов мамлакат эканини Ғарб ниҳоят англаши ва мушоҳада қилиши керак. Унга кўра, Афғонистонга қўшни бўлиш расмий Тошкентга қийнаш ва репрессия қилиш каби даҳшатли амалиëт учун индулгенция бермаслиги керак.

ҲРУнинг “Гувоҳлар қолдирилмади. Қийноқлар, ишламаëтган habeas corpus ва Ўзбекистонда мустақил адвокатуранинг тугатилиши” деб номланган 104 варақли ҳисоботи, маълумотларга кўра, қийноқлардан азият чеккан 100 дан ошиқ мазлум билан қилинган суҳбатларга асосланган.

Унда қайд этилишича, Ҳюман Райтс Уотч бир фаолнинг сўроқ чоғида устидан қайноқ сув қуйилгани ва резина тўқмоқ билан дўппослангани фактини ҳужжатлаштирган.

Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистонда сув тўлдирилган баклашка билан уриш, пластик халта ëки противогаз билан бўғиш¸ оëғи ë қўлидан осиб қўйиш каби қийноқлар ҳам ҳужжатлаштирилгани, кўп ҳолларда маҳбусларнинг зўрлангани ва жинсий таҳқирланганига оид далил-исботлар мавжудлиги қайд этилади.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда habeas corpus жорий қилинганидан кейин ҳам (2008 йил) қийноқлар ва инсон ҳуқуқларини поймол қилишлар билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгармаганини таъкидлайдилар. ҲРУ суҳбатлашган ўзбекистонлик адвокатлар назарида, habeas corpus ҳозирча Ўзбекистондаги маҳбусларга қийноқлар ва таҳқирли муносабатдан ҳимоя қилувчи кучли қалқонга айлана олмаган.

Шунингдек, ҲРУ ҳисоботида Ўзбекистонда моҳиятан мустақил адвокатура йўқ қилинганига ҳам алоҳида урғу берилади. Ҳужжат муаллифларига кўра, мамлакатда бир неча муросасиз адвокат лицензиядан маҳрум қилинган.

Ҳюман Райтс Вотчнинг аниқлашича, Ўзбекистонда милиция ва миллий хавфсизлик идораларидаги мулозимлар айбланувчи¸ гувоҳ ëки учинчи бир шахсдан қийноқ эвазига кўрсатма олишни суд-тергов самарадорлигини оширадиган эффектив зарур восита, деб билишади.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ва репрессия авж пардада давом этаëтганига қарамасдан АҚШ ва ЕИ ҳамда Европанинг баъзи етакчи давлатлари сўнгги йилларда расмий Тошкентга нисбатан инсон ҳуқуқлари борасидаги позицияларини ўта сусайтиришди. Улар Афғонистондаги НАТО контингентига юк элтадиган ҳудуд сифатида стратегик муҳим бўлган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига панжа орасидан қарашни маъқул кўришмоқда”, дейилади ҲРУ ҳисоботида.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи 2009 йилда Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилган эди. 2011 йил сентябрида эса АҚШ Конгресси бундан етти йил муқаддам жорий қилган чекловларни айланиб ўтиб, Ўзбекистонга ҳарбий ëрдам дохил кўмак бера бошлаган.

Ҳисобот сўнгида Ҳюман Райтс Уотч АҚШ¸ ЕИ ва бошқа етакчи давлатларни БМТ қошида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини таҳлил қиладиган махсус механизм яратиш тадбирини қўллаб-қувватлашга чорлайди.

Айни пайтда ҲРУ Ўзбекистон ҳукуматини қийноқларни тўхтатишга чақиради.

“Ҳукумат habeas corpusни адлия тизимига самарали татбиқ қилинишини таъминлаши лозим. Процессуал ҳуқуқ жаҳон стандартларига уйғун бўлиши ва адвокат танлаш ҳамда адвокатларнинг мустақил бўлиши кафолатланиши лозим”, - дейилади ҲРУ ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG