Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:53

Ўзбекистон: юҳога айланган инфляция


Инфляция ўзбек сўми қадрини кундан - кунга тушириб юбораяпти.
Инфляция ўзбек сўми қадрини кундан - кунга тушириб юбораяпти.
Ўзбекистон иқтисодини ўрганувчи мутахасислар фикрича, мазкур мамлакатда ойликларнинг оширилиши инфляция даражасининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Одатда ойликлар инфляция даражасини қоплаш ва аҳолининг қашшоқлашувига йўл қўймаслик мақсадида оширилади. Аммо Ўзбекистондаги инфляция қандай балодирки, тўмас аждарҳо каби даромадларни ямлаб ютмоқда?

Инфляциянинг ўзи нима?

Инфляция терминига иқтисодий дарсликларда мана бундай таъриф берилади:

“Инфляция ( лотинча Inflatio –кўтарилиш)- товар ва хизматлар учун нархларнинг умумий кўтарилишидир. Инфляция жараёнида бир миқдордаги пулга аввалгига қараганда камроқ товар ва хизматларни сотиб олиш мумкин”.

Инфляциянинг 5 та омили мавжуд:

1. Давлат ҳаражатларининг ўсиши
2. Режаланганидан кўпроқ пул чиқариб, оммавий кредит сиёсатини юритиш
3. Йирик ширкатларнинг нарх белгилашдаги монополияси
4. Касаба уюшмаларининг бозор иқтисоди шартларига асосан ойликларни ошириш даражасига монополияси
5. Реал миллий ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши.

Мавзу доирасида Ўзбекистондаги инфляцияга бу омиллардан қай бири кўпроқ таъсир кўрсатмоқда ва инфляциянинг сармоя сиёсатига таъсири қандай бўлмоқда деган саволларга жавоб топмоқчимиз.

Рақамлар “урушганда”

Ўзбекистон раҳбарияти, халқаро ташкилотлар ва мустақил иқтисодчилариннг Ўзбекистондаги инфляция даражаси ҳақида келтираётган рақамлари бир-биридан кескин фарқ қилади.

Масалан, президент Ислом Каримов 2011 йилнинг 21 январида Ўзбекистон вазирлар маҳкамасида сўзлаган нутқида, аҳоли даромадлари 2010 йилда 2009 йилга нисбатан 123,5 фоизга ўсганини, инфляция эса 7,3 фоиз бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, Ислом Каримов 2011 йилда инфляция даражаси 7-9 фоиздан ошмаслигини билдирган.

2011 йилнинг апрелида эса Ўзбекистон молия вазири Рустам Азимов Тошкентда ўтган халқаро илми й-амалий анжуманда сўзлаган нутқида жорий йилда инфляция 7-8 фоиздан ошмаслигини, аҳоли даромдалари эса йил сайин 22-24 фоизга ошаётганини билдирган.

Жорий йилнинг 8 августида эса Ўзбекистон статистика қўмитаси 2011 йилнинг 6 ойида инфляция даражаси 3,6 фоиздан ошмаганини эълон қилди.

Вячеслав Зубенко Ўзбекистон статистикаси ҳаиқатдан узоқ эканини айтади.
Вячеслав Зубенко Ўзбекистон статистикаси ҳаиқатдан узоқ эканини айтади.
Украинада Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётини ўрганувчи таҳлилчи, сармоядорлар ва брокерларнинг “Биржевой лидер” журнали шеф редактори Вячаслав Зубенко ўзбек расмийларининг бу билдирувларини шарҳлар экан, улар келтирган рақамлар ҳақиқатдан анча узоқ эканини айтади:

- Ойлик маошларнинг 22-24 фоизга кўтарилиши ўзбекистонликларнинг реал фаровонлигини ошириши керак эди. Агар инфляция даражаси 8 фоиздан ошмаса ва ойликлар 22-24 фоизга кўпайса, аҳолининг реал даромади 14-16 фоизга юқорилаши керак. Бу эса сўмнинг долларга нисбатан қиймати мустаҳкамланади, аҳолининг харид қуввати ошади, ишлаб чиқариш ҳажми ўсади, деган гапдир. Аммо бугунги Ўзбекистонда бу ҳолатларнинг бирортаси ҳам кузатилмайди, -деди Вячеслав Зубенко.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги инфляция даражаси ҳақида бошқача маълумотларни келтирадилар.

Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб -китобига кўра, 2011 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси тахминан 11, 5 фоизга етади. Мустақил манбалар эса инфляция бундан ҳам юқори эканини билдиришмоқда.

- Йил бошида Ўзбекистон пойтахтида маҳсулотлар ва хизматлар йиғиндиси бир киши учун бир ойига икки юз икки минг сўмни ташкил қилган бўлса, июн ойи ўрталарида бу кўрсаткич икки юз йигирма етти минг сўмни ташкил қилган. Олти ойда маҳсулотлар ва хизматлар йиғиндиси нархи 12 фоиздан кўпроққа ўсган. Биз 2011 йилнинг олти ойи мобайнида Ўзбекистонда инфляция даражаси камида 12-13 фоизга етганини кўриб турибмиз. Қайтариб айтаман, бу энг минимал кўрсаткич, аслида бу кўрсаткич бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, -деди Вячеслав Зубенко.

Ўзбекистонлик тажрибали иқтисодчи Расулжон Абдумажидов эса ўз ҳисоб-китоблари натижасида Ўзбекистонда инфляция 47 фоизга етганини айтади:

-2011 йилда Ўзбекистонда инфляция 47 фоизга чиқди. Мен 50 та маҳсулотга бўлган нарх-навонинг кўтарилишини ўрганиб, мана шу рақамни ҳисоблаб чиқардим. Мен озиқ-овқат, кийим-кечак, қурилиш маҳсулотлари, ўқув қуроллари нархларини ўргандим. Баъзи маҳсулотларнинг нарҳи 2011 йилда 90 фоизгача ошган,-деди Расулжон Абдумажидов.


Ҳукумат инфляция даражасини нега яширади ёки “истеъмол саватчаси” деган тушунча мавжудми?

Бутун дунёда инфляция даражаси истеъмол нархлари индекси, содда қилиб айтганда «истеъмол саватчаси» билан ўлчанади. Аммо Ўзбекистон Статистика қўмитаси сайтида “истеъмол саватчаси” деган тушунчани топа олмадик. Бу борадаги саволларимизга Ўзбекистон статистика қўмитаси расмийлари жавоб беришдан бош тортдилар.

Шунинг учун бу борадаги саволларимизни яна ўзбекистонлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидовга бердик.

Озодлик: Ўзбекистон Статистика қўмитаси сайтида иқтисодга оид, инфляциянинг расмий кўрсаткичига оид ҳисоботларни ўрганиб чиқдим. Бирорта ҳисоботда инфляция қайси индексга асосланиб ҳисоблаб чиқилгани айтилмаган. Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси” деган тушунча, унга нечта маҳсулот киритилгани ҳақида мутлақо маълумот йўқ.

- Бундай маълумот йўқ. Шунинг учун иқтисодчи олимлар ҳам, эркин иқтисодчилар ҳам ўз таҳлилларида расман нимага таянишни билмайдилар.

Озодлик: Давлат миқёсида ўша “истеъмол саватчаси” ишлаб чиқилганми?

- Йўқ, ишлаб чиқилмаган. Ҳамма гап мана шунда-да.

Озодлик: Демак, “истеъмол саватчаси” ишлаб чиқилмаган экан, расмийлар инфляция даражаси ҳақида ҳоҳлаган маълумотни беришлари мумкин экан-да?

-Ҳа, ҳоҳлаган маълумотни бераверадилар. Масалан, инфляция уч фоиз деб беришлари мумкин, бир фоиз деб беришлари мумкин. Қоғоз ҳар қандай рақамни кўтараверади, -деди иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов.

Эксперт Вера Лазаренко
Эксперт Вера Лазаренко
Ўзбекистон ҳукумати нега инфляция даражасини яширишга уринади? Бу саволимизга Ню –Йўркдаги ICMB молия ширкати эксперти Вера Лазаренко жавоб берди:

- Инфляция даражасининг юқори бўлиши ҳар қандай иқтисод учун салбий омилдир. Инфляциянинг юқори экани мазкур мамлакатда иқтисодий ҳатарлар борлигини кўрсатади. Бу эса минтақага йирик ва узоқ муддатли сармоядорларнинг келишига тўсқинлик яратади. Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг реал инфляция даражасини яширишга ҳаракат қилиши бу йўналишда ўз фойдасини бермайди. Чунки сармоядорлар мустақил манбаалар маълумотларига таянишмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг реал иқтисодий кўрсаткичларни яшириш ҳаракати сармоядорларни бу мамлакатдан янада узоқлаштирмоқда, -деди Вера Лазаренко.

Даромадни еб тугатаётган инфляция ёҳуд инфляцияни семиртираётган даромад

Ўзбекистон иқтисодини ўрганувчи таҳлилчилар фикрича, мамлакатда ойликларни ошириш учун ҳеч қандай иқтисодий асос мавжуд эмас. Ҳукумат ойликларни ошириш баробарида инфляциянинг кўтарилиши ва аҳолининг қашшоқлашувига хизмат қилмоқда.

- Осиё тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотларида Ўзбекистонда Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши инфляция даражасидан ортда қолаётгани кўрсатилади. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиши 7 фоизни ташкил қилганини билдирган. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматида ойликларни ошириш учун ҳеч қандай иқтисодий асослар йўқ эканини кўрсатади. Ўзбекистонда бу шароитда ойликларнинг оширилиши фақат инфляциянинг кучайишига сабаб бўлади, -деди иқтисодчи Вячаслав Зубенко.

Расулжон Абдумажидов ҳам ҳамкасбининг бу фикрига қўшилади ва оммабоп тарзда Ўзбекистонда ойликларнинг оширилиши нега инфляция кучайишига сабаб бўлишини тушунтириб берди:

- Бунинг сабаби ойликларнинг оширилишида ишлаб чиқариш билан баланс йўқ. Товар билан пулнинг ўртасида баланс йўқ, яъни пул товар билан таъминланмаяпти. Шунинг учун нарх қиматлаб, инфляция кучайиб кетаверади.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати шуни билган ҳолда нега энди ортиқча пул массасини кўпайтираяпти?

- Иш ҳаққининг оширилиши солиқнинг кўпайишига олиб келади. Солиқнинг кўпайиши ҳисобига бюджетни катталаштириб кўрсатади. Бу экономика тилида фалсификация дейилади. Бу инфляциянинг энг катта фактори, -деди Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистондаги бундай ҳолат миллий валютага ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмоқда.

- Ўзбекистонлик ички сармоядорлар ўз маблағларини одатда хориж мамлакатларига жойлаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Чунки хорижда уларнинг маблағлари Ўзбекистон ичкарисидагига қараганда кўпроқ ҳимояланган, -дейди Ню –Йўркдаги ICMB молия ширкати эксперти Вера Лазаренко.

Нима қилмоқ керак ёки нима қилинди?

Ўзбекистонда инфляция даражаси нега юқори ва уни камайтириш учун нима қилмоқ керак?

Мавзумиз доирасида суҳбатлашганимиз иқтисодчилар бир овоздан Ўзбекистонда инфляциянинг кучайишига ташқи ва ички омиллар мавжуд эканини айтишди. Ташқи таъсирлар халқаро иқтисодий кризис билан боғлиқ. Ўзбекистон эскпорт қилаётган газ, пахта хом ашёси каби маҳсулотларга кризис шароитида нарх пасаяди, бу эса мамлакатга хориж валютаси тушумини озайтиради.

“Биржевой вестник” журналининг шеф редактори, иқтисодчи Вячеслав Зубенко бугунги кунда инфляциянинг кучайишига Ўзбекистон ичкарисидаги омиллар кўпроқ сабабчи эканини айтади:

- Кичик ва ўрта бизнесда ишлаб чиқариш муҳитининг салбий кўрсаткичи энг асосий омиллардан биридир. Бу соҳага Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулотининг 42 фоизи тўғри келади. Ўзбекистон иқтисодининг асосий қисми яширин бўлгани учун бюджетга тушумларнинг оз тушиши ҳам инфляцияни кучайтирувчи сабаблардан биридир. Учинчи сабаб миллий валютанинг конвертация қилинмаслигидир. Бундай шароитда тўртинчи сабаб ўз-ўзидан пайдо бўлади: бу хорижий сармояларнинг йўқлигидир. Инфляция даражаси очиқ айтилмайдиган ва эркин конвертация йўқ бўлган мамлакатга сармоядорлар келмайди, -дейди Зубенко.

Мутахасиснинг айтишича, инфляция даражасини тушириш учун Ўзбекистонда ташқи савдо ва хусусий тадбиркорликни либерилизациялаш, товар ва хизматлар билан таъминланмаган ортиқча пул миқдорини муомиладан чиқариш, миллий валюта қийматини сунъий йўл билан ушлаб туриш амалиётини тўхтатиш зарур бўлади. Зубенко ўзбек сўмини деноминация қилиш пайти етиб келганини ҳам айтиб ўтди.

- Ўзбекистон айни пайтда мамлакатдаги иқтисодий муҳитни яхшилаш учун фақат дастлабки қадамларни ташлади. Хусусий шахслар маблағларини амнистия қилиш, мамлакатга келаётган маблағларнинг бир қисмини банк орқали ўтказиш, электрон тўловлар тизимини жорий этиш кабиларни дастлабки қадам сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ Ўзбекистон иқтисоди маъмурий буйруқбозлик асосига қурилган. Энг муҳими мана шу тизимни ислоҳ қилиш керак, -деди Зубенко.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов ҳам бу борада ўз таклифларини билдирди:

- Энг аввало антикоррупцион ва антикрисиз дастури ишлаб чиқлиши керак. Ўзбекистонда бу йўналишда ҳукумат дастури йўқ. агар бу дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмаса инфляция кучайиб бораверади. Иккинчидан пул ислоҳотини ўтказиш керак. бугунги кунда 10 та номинал пулдан фақат учтаси: 200, 500, 1000 сўмлик амалда қолган. Қолган 7 номиналдаги пул истеъмолдан чиқди. Шунинг учун пул ислоҳотини 2005 йилдаёқ ўтказиш керак эди, -деди Расулжон Абдумажидов.
XS
SM
MD
LG