Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:40

Телевизор: Ким эдингизу ким бўлдингиз


Бу йил мукофотланганларга мукофотларни топшириш маросимида президент Каримовнинг айтганлари тугаб бораётган йил, нафақат йил, балки мустақиллик шароитида ўтган 20 йилнинг ўзига хос якунидир. ЎзТВнинг маросимдан тайёрлаган репортажини кўрган Озодлик телетомошабини Сарвар Усмон Сиз тингловчи билан ўша репортаждан олган таассуротларини ўртоқлашмоқчи.


Ғалвир ва муз

Бу кунлар – “ғалвирни сувдан кўтарадиган” – йил якунларини чиқарадиган кунлар.

Шақир-шуқур оқадиган шаллақи сойларни демасангиз, бу совуқ кунларда “хокисор” ариқлару “камтарин” анҳорлар муп-музлаган – ғалвир солиб бўлмайди.

Ғалвирни қишлик тўни кийдирилмаган сув қувурлари жўмрагига ҳам тутолмайсиз. Қувурлар сувини ғалвирдан ўтказиш учун музни эритиш керак, эритиш учун эса ўт ёқмоқ зарур.

Электр тақчил, газ тақчил, кўмир қиммат бу кунларда захлаб ётган омбордан ғалвирни опчиқишга эринасиз – “Э, қуриб кетмайдими!”

Майли, майли, қўзғалманг – танангиз ҳарорати билан иситиб қўйганингиз сандални совутманг.

Ғалвирни сувдан сиз учун биз кўтарамиз – йил якунларини биз чиқарамиз.

Тўғрироғи, якунларни, нафақат йил, балки мустақиллик шароитида ўтган 20 йил якунини президент Каримов чиқариб, чиқарганини ЎзТВ кўрсатиб бердики, у кишининг Конституция куни арафасида айтганлари ана ўша якунлардир.

Тарихий баёнотга ишора

Президент 7 декабр куни тарихий бир баёнотни қилдилар. Бугунги эшиттиришимизнинг асосий мақсади ўша баёнотни Сизга яна бир бор эслатиб қўйишдир. Балки ўз вақтида эътибор бермагандирсиз?!

Лекин, тегирмон навбати билан дейишганидек, ўша гапга навбати билан келамиз.

Ўзбекистон ТВси президент Каримов мукофотланганларга мукофотларни байрам арафасида топширганини кўрсатди.

Мукофотланганлар, деб хабар берди ўша куни Ахборот олиб борувчиси, Ўзбекистоннинг “Шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш соҳасидаги узоқ йиллик қаҳрамонона меҳнати ҳамда ëш авлодни ватанпарварлик ва халқпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун” мукофотланган эдилар.

Озодлик – Каримов бхай-бхай

Мукофотланганлар орасида Муножот Йўлчиеванинг ҳам борлигига жуда суюндик.

Бу опанинг ўзбекни дунёга танитиш йўлидаги хизматлари чиндан ҳам буюкдир.

Озодликка шу йилнинг августида берган суҳбатларида опа, жумладан, бундай деган эдилар.

- 2005 йилда мен Туркиянинг Коня шаҳрида концертда қатнашиб келдим. Айнан шу сўфий фестивалида қатнашдим. Ўша ерда классик ашулаларимизни ижро қилдим. Жуда ҳам яхши қабул қилишади, деган эди Муножот Йўлчиева.

Қаранг, Озодликда гапирган ҳофиз опага президент Каримов орден топшираяпти.

Озодлик – Каримов бхай-бхай!

Уста Гулматнинг фидокор “отаси”

Ўзбекистон телевидениеси президент қўлидан мукофот олганлар орасида сўзни лағмондай чўзиб, музқаймоқдай эритиб, соққадай думалатиб, раққосадай жилпангалатиб, арқондай эшворадиган, синдириб-тешиб қўядиган тенги йўқ сўзамол шоир Анвар Обиджонни ҳам кўрсатди.

Анвар ака 7 декабр кунги ўтиришини бир пайтлар “боласи” Уста Гулматга чевара бўлмиш Кулкулий афандининг тилидан ёзиб қўйгандилар:

“Менингдек ташнабоп шоир олмадек камдир айронда,
Биров бунда ҳақиқий дур, бировлар сохта маржонда”.


Президент қўлидан мукофот олганлар орасида ким “ҳақиқий дуру” кимиси “сохта” эканлигини тафтиш қилиб ўтирмайлик.

Бизни бошқа нарса қизиқтирди. Анвар Обиджон “Фидокорона хизматлари учун” орденини Уста Гулмату Кулкулий афандилар билан бирга қилган “нафис эжод”лари учун олдими ёки қорасўз билан битган мақолалари учунми?

Фикри ожимизни Сиз ўқиғувчига еткирмоқ учун ўша мақолалардан бири – “Халқ сўзи” газетининг 2010 йил 1 апрел сонида босилган “Кўринмас ғазна” сарлавҳали мақоладан бир-икки парча келтиришимизга изн беринг.

“Кўринмас ғазна”ни ёзиши учун Анвар акага қишлоқдоши, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Эркин ака ижод этган бир шеър туртки бўлгани кўриниб турибди.

Анвар ака мақолада Эркин аканинг ўша шеърини тўлиқ келтирган.

Шеърда мана бу сатрлар бор:

Оллоҳнинг яна бир инояти-ла
Ўзбек осмонида балқди бир қуёш.
Зукко, қатъиятли, кенгбағир инсон
Янги ёрқин йўлда бўлди юртга бош.


Анвар Обиджон Эркин аканинг шеъридан олгани тассуротини тасвирлар экан, ёзади:

“Ўқияпман-у, вужудимга завқ қуйилаётгандек. Агар буни дамо-дам газетада кўриниб қўйиб, шуни пеш қилиб иш битириб юришга одатланган “ундирқалам” кишилардан бири ёзган бўлса, бунақа тўлқинланиб ўтирмасдим”.

Анвар ака ўзини танг қолдирган шеърни ёзишга Эркин акани нима мажбур қилгани тўғрисида бош қотиради ва жавобни дарҳол топади:

“…одмигина бу кимсанинг буюк давлатлар қаторидан жой олишга шиддат билан интилаётган, сарҳадларини мустаҳкам қалъага айлантириб, тинчликни, ободликни таъминлаб келаётган мамлакатда яшаётганидан ғурурланиб, халқни фаровонлик сари етаклашда катта жонбозлик кўрсатаётган Юртбошисига ризолик изҳор этиб шеър битишига нима туртки берди экан? Менимча, туртки бўлган нарсанинг номи – Бурч”, деб ёзади Анвар ака.

Ўз навбатимизда биз ҳам савол қўямиз: “Кўринмас ғазна” мақоласини ёзишга Анвар Обиджонни нима мажбур қилди. Бизнингча, мажбур қилган нарсанинг номи – Бурч.

Анвар ака президент олдидаги ўша Бурчини бажарди. Президент ҳам “Бор товоғим – кел товоғим” принципини биладиган одам. Шоирга “Фидокорона хизматлари учун” орденини берди.

Тарихий баёнот

Мана 20 йилдирки, ҳар бир ўзбекистонлик келажагининг буюк бўлажагини билади.

Буюк келажакни ваъда қилар экан, Хрушчёвдан фарқли ўлароқ, унинг қачон келишини Каримов ўз вақтида аниқ айтмаганди.

Хрушчёв амаки 60-чи йиллар бошида Коммунизм 20 йилдан кейин, яъни 80-йили қуриб битирилишини айтганди.

Лекин негадир, 80-йили Коммунизм бўлмади. Унинг ўрнига Олимпиада бўлди.

Каримов буюк келажакнинг қачон келажаги масаласига 7 декабр куни анчайин аниқлик киритди:

- Эътибор беринглар 19 йил олдин, 1992 йилда Ўзбекистоннинг келажаги буюк давлат деганда ким ишонарди? Шу нуқтаи назардан қараганда мана бугун мана шу шароитда, мана шунақа вазиятда учрашаяпмиз. Айтинглар энди, мана шу улуғ давлатга даражасига кўтарилиш ўтган даврни агар инобатга оладиган бўлсак, ҳаммамизда бир ишонч пайдо бўладимики, эртага биз албатта мана шу мақсадга улуғ мақсадга албатта эришамиз. Бугунги авлод эришади. Эртанги ëки невараларимиз эмас, болаларимиз эмас. Бир вақтлар шу билан бизлар яшаганмизки, майли бизлар кўрмаганни болалар кўрсин. Йўқ, бугун президнет бўлиб, давлат раҳбари бўлиб сизларга юзларингизга, очиқ кўзларингизга қараб айтаман, мана шу авлод албатта ўз бахтига етади ва муродига етади, деди президент.

Демак, буюк келажакка бугунги авлод етади.

Фақат президент “бугунги авлод” деган тушунча ёши нечада бўлганларни қамраб олишини аниқ айтмади.

Шундан келиб чиқиб, буюк келажак ё 2012- ёки 2013-йили келишини ҳам (бугунги энг кекса авлод - қариялар учун), яна 70 йилдан кейин келишини ҳам (2011-йили туғилган энг янги бугунги авлод – чақалоқлар учун) тахмин қилиш мумкин.

Ҳар ҳолда ёмонмас. Ҳар ҳолда кечи билан 70 йилдан кейин Ўзбекистонда келажак эмас, БУ КУН буюк бўлиши аниқ бўлди.

Шу куннинг саволи

Президентнинг мукофотланганларга мукофотларни топшириш маросимида айтганлари нафақат мукофотланганларга айтилган гап эди.

Ўзбекистон телевидениеси ўша издиҳомни батафсил кўрсатар экан, мукофотланганлар олган мукофотлар бутун халқнинг мукофотига айланди.

Президентнинг айтганларини бутун халқ эшитди.

Ислом Каримов издиҳом давомида мукофотланганларга юзланиб “Ким эдигу ким бўлдик?” деб сўради.

Президент Каримовнинг бу саволга ўз жавоби бор ва ўша жавобни Ўзбекистон телевидениеси халққа етказди.

Лекин халқ катта. У 28 миллион кишидан иборат.

Шунинг учун президентидан бошқачароқ фикр юритувчилар ҳам бўлиши мумкин. (Дунёда нималар бўлмайди дейсиз?!)

Шунинг учун, Янги йил арафасида, Сиз тингловчига ғалвирингизни сувдан кўтаришни, президентингиз ўртага ташлаган савол устида ўйлаб кўришни таклиф қилмоқчимиз.

Ким эдингизу ким бўлдингиз?
XS
SM
MD
LG