Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Тошкент ва Душанбе алоқалари ўнгланмади


Таҳлилчилар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг тобора ёмонлашиб бораётганига икки давлат раҳбари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг тузалмаётгани сабаб бўлаётганини урғуламоқдалар.
Таҳлилчилар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг тобора ёмонлашиб бораётганига икки давлат раҳбари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг тузалмаётгани сабаб бўлаётганини урғуламоқдалар.

2011 йилда Ўзбекистоннинг яқин қўшниси Тожикистон билан муносабатларида яхши томонга ўзгариш умуман кузатилмади.

Аксинча, кузатувчиларга кўра, бу икки давлат алоқалари инқироз ёқасига бориб қолди.

Ўзбекистон ва Тожикистон “Ёввойи табиатни асраш тўғрисида” 2011 йил 23 ноябрида Норвегиянинг Берген шаҳрида имзолаган келишувдан ташқари қолган бирор соҳада шартнома имзоламади ҳам, ҳамкорлик ҳам қилмади.

Марказий Осиёда тарихи, маданияти, урф-одатлари ва яна бошқа кўп жиҳатлари билан бир-бирига жуда ўхшаш ва яқин бўлган икки қўшни республика кечаётган йилда аввалги йиллардан фарқли равишда ҳатто маданий ҳамкорликларни ҳам йиғиштириб қўйди.

Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчилари ҳар йил ҳеч бўлмаганда икки-уч марта Душанбе гастролига келиб турарди. Пойтахт саройларида ўзбекча қўшиқларнинг янграши сал бўлса-да, орадаги музларни эритиб турганди.

Бироқ тугаб бораётган йилда Душанбе шаҳрига Тошкентдан бирорта ҳам санъаткор келмади. Йил ўрталарида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов ва ўзбекистонлик машҳур хонанда Юлдуз Усмонова шаҳарнинг Борбад саройида концерт бериши эълон қилинди.

Бироқ кўп ўтмай Юлдуз ва Обид суратлари туширилган афишалар Душанбе шаҳар кўчаларидан олиб қўйилди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон билан алоқалари заифлашган Тожикистон ҳукумати қўшнисига ўчакишган ҳолда республика мактабларини тожиклаштириш сиёсатини 2011 йилда жадаллаштирди. Бунга эса ўзбек тилидаги дарсликлар ва мутахассисларнинг етишмаслиги баҳона бўлди.

Шунинг баробарида Тожикистонда ўзбекча эшиттиришлар қисқартирилди. Ўзбек нашрларини бу мамлакат ичкарисига олиб кириш эса республика Маданият вазирлиги қарори билан таъқиқланди.

Тошкент ва Душанбе алоқаларидаги бегоналашиш ортидан, кузатувчилар фикрича, 2011 йилга келиб икки давлат муносабатлари инқирозга юз тутди. Натижада Тошкент ва Душанбе ўртасида энергетик ҳамкорлик деярли ўлик мавзуга айланди.

Тугаб бораётган йилда, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон қўшни Ўзбекистондан бирор кВт/соат электр энергия импорт қилмаган.

Гарчи Тожикистоннинг табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжи бир миллиард куб метр экани айтилса-да, аммо 2011 йилда Тожикистон Ўзбекистон билан 180 миллион куб метр табиий газ импорти бўйича шартнома тузди. Йил давомида шу миқдор табиий газнинг атиги 88 миллион куб метри сотиб олинган, холос. Бунга ўзбек табиий гази нархининг тожикистонликлар учун бир йилда икки марта қимматлагани сабаб бўлди.

Темир йўл транзити масаласида 2010 йили кузатилган ўзаро баҳслар 2011 йилда айнан такрорланди. Лекин ўтган йил Ўзбекистон томони юк вагонлари транзити темир йўллардаги логистик ва техник сабаблар билан боғлиқ эканини айтган эди. Бу йил эса Ғалаба-Амузанг темир йўли террорчилик ҳуружи туфайли яроқсиз бўлиб қолгани маълум қилинди.

“Тожикистон темир йўллари” ширкат раҳбарлари тугаб бораётган йил арафасида ўзбекистонлик ҳамкасбларидан “темир йўл бу яқин орада тикланмаслиги” ҳақида телеграмма олганини маълум қилди.

- Кечаги телеграммасида улар тергов ишлари ҳали ҳам давом этаётганини ва темир йўлни таъмирлаш ишлари ҳалигача бошланмаганини хабар қилган. Ахир бу халқаро темир йўл саналади-ку. Бу йўлдан транзит юклар, НАТО кучларининг Афғонистонга юбораётган ноҳарбий юклари ҳам ўтади. Булар “йўл портлаган, тергов ишлари ҳали тугамади, ҳали йўл тузалмайди”, деб халқаро ҳамжамиятни чалғитаяпти, - деган эди 23 декабр куни темир йўл ширкати раиси муовини Усмон Қаландаров.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат бошлиқлари ва масъуллари оддий ўзбекистонлик ва тожикистонликлар ҳаётини янада қийинлаштираётган муаммоларга ечим топиш ва муросага келишиш ўрнига Роғун ГЭСи ва Талко алюминий заводи атрофидаги баҳсларни янада катталаштирди.

Декабр бошида Европа парламенти депутатлари билан учрашган Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг парламентдаги етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси ўринбосари Борий Алихонов Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қуриш режаси минтақадаги шундоқ ҳам оғир экологик вазиятни мураккаблаштириб¸ ижтимоий-экологик¸ шунингдек гуманитар фалокатларга олиб келишидан огоҳлантирган эди. Шунинг билан бирга ўзбекистонлик депутат Тожикистондаги алюминий заводининг атроф-муҳитга чиқараëтган заҳарли моддалари ҳам Ўзбекистон ҳудудидаги экологик вазиятни янада оғирлаштираëтганини билдирганди.

13 декабр куни эса ўзбекистонлик экологлар Тожикистон алюминий заводи расмийларини юзма-юз мулоқотдан қочаётганликда айблаб чиққанди.

Айни пайтда ТАЛКО расмийлари ўзбек экологлари илгари сураётган заводнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарларини биргаликда ўрганиш масаласи ҳукумат юқори раҳбарлари даражасида ҳал қилинадиган масала эканини таъкидлади. Хуллас, табиат ва инсон саломатлиги учун ташвишли саналган бу муаммо ҳам 2011 йилда ўз ечимини топмай қолди.

Наркотиклар контрабандаси, одам савдоси, чегараларни миналардан тозалаш масалаларида ҳам томонлар бир-бирларини айблашдан нари ўтмадилар.

Ноябр ойи ўрталарида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшнилари тожикистонлик ҳамкасбларини наркогуруҳларга ҳомийлик қилаётганликда айблаб, баёнот берди. Баёнотда ўзбек чегарачилари Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳомийлик қилган жиноятчилар томонидан ўққа тутилгани ва натижада бир ўзбек чегарачиси ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Тожикистон миналар масаласи бўйича марказ расмийси Парвиз Мовлонқуловдаги маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегараларида кўмилган миналардан 2011 йилда бир киши ҳалок бўлган.

- Ўзбекистон билан чегараларимизни миналардан тозалаш ишлари ҳамон бошланмаган. Чунки у томон чегаралар миналардан тозаланишидан манфаатдор эмас. Бу ҳудудларда фақат тадқиқотлар ва аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилади, холос, - дея билдирди миналар масаласи бўйича марказ расмийси Парвиз Мавлонқулов.

Минтақа давлатларидан Ўзбекистон ва Тожикистон 2011 йил яхши қўшничилик принципларига амал қилмаслиги йил бошиданоқ башорат қилинган эди.

Аснода мустақил таҳлилчилар асрлар давомида бир-бирига қуда-анда тутинган икки қондош республика алоқалари 2012 йилда бундан ҳам ёмонлашиши мумкинлигини тахмин қилаётир.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви асосан субъектив хусусиятга эга. Яъни икки давлат раҳбарлари – Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов муносабатлари жуда ёмон ва бу зиддиятлар янада кучайиши мумкин. Оддий халқ бундан кўпроқ жабр кўради. Менимча, бизни бу инқирозли вазиятдан қутқарадиган ягона йўл – президентларнинг ярашуви, холос. Агар улар ўз шахсий амбицияларидан воз кечмаса, янги йилда муносабатлар янада кескинлашиши табиий, - дея мулоҳаза билдирди сиёсий таҳлилчи Раҳматулло Зоиров.

Айни пайтда тожик жамиятида Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида 2012 йил позитив ўзгаришлари бўлишига умид қилаётган сиёсий доиралар, мустақил таҳлилчилар ҳам учрайди.
XS
SM
MD
LG