Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Солиқ имтиëзи берилган газеталар нархи ошди


Янги йилдаги янгилик ҳукумат газеталари шинавандалари учун хушхабар бўлмади.
Янги йилдаги янгилик ҳукумат газеталари шинавандалари учун хушхабар бўлмади.

Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳукумат газеталари чакана нархи қимматлади. Ундан олдин газеталар даромад солиғидан озод қилинган эди.


Ўзбекистон парламенти расмий органи бўлган “Халқ сўзи” газетасининг нарҳи 300 сўмдан 400 сўмга ошди.

Шунингдек “Ўзбекистон овози”, “Тошкент оқшоми”, “Правда Востока” газеталари нарҳи устига 100 сўм миндирилган.

Хусусий кўнгилочар газеталар, хусусан, “Даракчи” газетаси нархи ҳам кўтарилган.

Аммо баъзи хусусий нашрлар нархи ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистон президентининг 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлари бериш тўғрисида”ги қарорига кўра, янги йилнинг 1 январидан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналарга мансуб бўлган оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, полиграфия ташкилотлари, телерадиоэшиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилган эди.

Бу имтиëзлардан кейин газеталар нархи ошиши кутилмаган ҳолат бўлди дейди Тошкентдаги “Матбуот тарқатувчи” ширкатининг исми айтилишини истамаган вакили Озодлик билан суҳбатда:

- Бу газеталарни тиражи ҳам кўп эмас, шу боис ошган ошмаганини фарқи йўқ. Аммо “Даракчи” газетаси анча харидоргир. Ҳар куни олиб юрган одам учун 100 сўм ошгани ҳам билинади”, дейди суҳбатдош.

Аммо ҳамма газеталарнинг ҳам нарҳи ошгани йўқ. Масалан, Самарқанддаги "БАҲС" (Бюджет, Ахборот, Ҳисобот, Солиқ) газетаси нархи ошмади дейди газета бош муҳаррири Шухрат Рахимов:

- Бизни газета нарҳи ошмади. Ўтган йили белгилаганимиз нархда турибди, нарх ошириш ниятимиз йўқ, дейди газета бош муҳаррири.

Ўзбекистон президентининг 30 декабрдаги қарори газеталарни даромад солиғидан озод қилди ва улар тўлайдиган мажбурий ажратмаларни 2 фоиздан 1 фоизга пасайтирди.

Самарқанддаги газеталардан бирининг муҳаррири Шухрат Раҳимов бу қарор ўз нашри иқтисодида деярли билинмаганини айтди:

- Босмахонадагилар бундан фойда кўрса кўргандир, аммо биз эмас. Биз ягона солиқ тўлаймиз ва бу солиқ миқдориода ўзгариш йўқ. Солиқларни алоҳида-алоҳида тўлайдиганлар балки фойда кўриши мумкин дейди, Раҳимов.

Суҳбатдош назарида газета ноширлиги фойда келтирадиган соҳа бўлмай қолди.

Тошкентдаги "Матбуот тарқатувчи" ширкат вакилига кўра, Ўзбекистон ҳукумати газета ва журнал чоп қилиш фаолияти учун имтиëзлар бергани билан мазмунан саëз ва эркин танқидий фикрлардан ҳоли нашрлар нархи қандай бўлишидан қатъий назар, харидор назаридан четда қолаверади.

Халқаро ташкилотлар, хусусан, "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган мамлакатлар сирасига қўшиб келади.
XS
SM
MD
LG