Линклар

Шошилинч хабар
29 феврал 2024, Тошкент вақти: 17:27

Халқаро хабарлар

Афғонистонда толиблар ҳукумат биносига ҳужум қилди


Бугун эрталаб Афғонистон шарқидаги Пактика вилояти маркази Шарана шаҳридаги ҳукумат биносига Толибон жанггарилари ҳужум уюштирди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, полиция билан отишма натижасида жанггарилардан икки нафари ўлдирилган.

Шунингдек, отишмада полициячилардан икки нафари ҳалок бўлган, бири яраланган.

Толибон ҳаракати ҳужум учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.

Кун янгиликлари

Навальний дафн этиладиган Борисов қабристонида полиция назорати кучайтирилди

Москванинг Борисов қабристони ва унинг атрофида полиция назорати кучайтирилди. Мазкур қабристонга 1 март куни қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальний дафн этилиши кутилмоқда.

Қабристон ва "Борисово" метро бекати атрофини ҳозирдан бошлаб икки-уч полициячидан иборат патрул гуруҳлари назорат қилмоқда. Бу ҳудуддаги ҳар бир фонарга видеокузатув камералари ўрнатилди. RusNews нашрининг ёзишича, бу ерга темир тўсиқлар ҳам олиб келинган.

Полициячилар қабристонга келганларнинг паспортларини текширмоқда ва бу ерга нега келганини суриштирмоқда. "Можем объяснить" телеграм каналининг ёзишича, полициячилар қабристонга келаётганларнинг шахсий буюмларини текширмоқда ва буни "террор амалиётининг олдини олиш амалиёти" сифатида тушунтирмоқда.

Алексей Навальний билан видолашув 1 март куни Москванинг Марьинодаги “Утоли моя печали” черковида ўтказилиши, диний маросимдан сўнг унинг жасади Москва жануби шарқидаги Борисов қабристонида ерга берилиши кутилмоқда.

Аввалроқ сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаётганини билдирган эдилар. Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари тадбирни ўтказишдан бош тортган.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Путин Федерал йиғинга қилган мурожаатида яна “Ғарбни огоҳлантирди”

Федерал йиғинга 29 февралда мурожаат билан чиққан Россия президенти Владимир Путин нутқини Украинага босқин мавзусидан бошлади.

"Россия ҳозир ўз суверенитет ва хавфсизлиги учун адолатли курашни олиб бормоқда", - деган Путин “махсус ҳарбий амалиётни” (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай деб атайди – муҳаррир) “россияликларнинг аксарияти қўллаётгани”ни иддао қилди.

Путин нутқи давомида Ғарб давлатларини яна бир бор кескин танқид қилди. "Ғарб бизнинг ривожланишимизни тўхтатиб қолишгагина интилмаяпти, уларга Россия ўрнига йўқликка маҳкум ҳудуд керак”,- деди Путин.

У сўзида давом этар экан: "Ғарб Россия Европага ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёлғон гапиришда давом этмоқда. Бу алаҳсираш. Украинага НАТО контингентини жўнатиш ҳақида гапира бошладилар. Уларга бизга контингентлар жўнатганларнинг тақдири нима бўлганини эслатамиз. Энди интервентлар учун оқибатлар аввалгиларидан кўра фожиалироқ бўлади. Бизда уларнинг ҳудудларидаги нишонларга зарба бера оладиган қурол бор”, - деди.

Ўтган ҳафтада АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, Британия ва қатор бошқа давлатлар Москвага нисбатан янги санкцияларни жорий этган эди. Жумладан, АҚШ Россияга нисбатан 500 та қўшимча чеклов киритди. Санкциялар Путиннинг ашаддий танқидчиси ўлароқ кўриладиган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоқда ўлгани ва Украинага босқиннинг икки йиллиги муносабати билан киритилди.

Айни пайтда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Associated Press агентлигига берган интервьюсида, ҳарбий иттифоқ Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Столтенберг бу баёнотни Ғарб давлатлари гўёки Украинага қўшин жўнатиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бир пайтда берди.

Федерал йиғинга қиладиган йиллик мурожаатида президент давлат сиёсатининг келажакдаги асосий йўналишлари тўғрисида мужда беради. «Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, Путиннинг бугунги мурожаати «моҳиятан унинг сайлов олди дастурини шакллантиради».

Россияда президентлик сайлови 15 мартдан 17 мартгача ўтказилади. Путин ўз номзодини кўрсатган ва бешинчи марта президентлик лавозимини эгаллашни ният қилган. Қонунчиликка асосан барча номзодлар ўз дастурларини 6 мартгача эълон қилиши шарт.

Европа Кенгаши Украинага 50 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади

Европа Кенгаши биноси.
Европа Кенгаши биноси.

Европа Кенгаши 2024-2027 йиллар давомида Ukraine Facility дастури доирасида Украинага ЕИ бюджетидан 50 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда Европа Кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.

Тасдиқланган ҳужжатга асосан, кейинги тўрт йил ичида ЕИ бюджетидан Украинага беминнат ёрдам қаторида 17 миллиард евро берилади. Қолган 33 миллиард евро эса узоқ муддатли имтиёзли қарз сифатида тақдим этилади.

Европа Кенгаши Украинага бериладиган грант маблағларининг бир қисмини музлатилган Россия активлари ҳисобидан бермоқчи.

Аввалроқ Европа парламенти Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган эди.

Ukraine Facility дастури доирасида Украинага 50 миллиард евро ажратиш тўғрисида Европа Иттифоқига аъзо бўлган 27 давлат лидерлари 1 февралда Брюсселда ўтган саммитда келишувга эришганди.

“Мазкур дастур Украинани барқарор равишда, узоқ муддатга ва кутилган тарзда молия билан таъминлайди. Европа Иттифоқи Украинани дастаклаш бўйича масъулиятни ва лидерликни ўз қўлига олмоқда”,- деди Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель.

Юлия Навальная Европа парламентида нутқ сўзлади

Юлия Навальная ўз нутқида Путинни "криминал гуруҳ лидери" деб атади.
Юлия Навальная ўз нутқида Путинни "криминал гуруҳ лидери" деб атади.

Қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальнийнинг хотини Юлия Навальная 27 февралда Европа парламентида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Россия президенти Владимир Путинни “криминал гуруҳ лидери” деб атади ва унга ҳамда атрофидагиларга нисбатан босимни давом эттиришга чақирди. Навальная нутқини “Настояшчее время” канали трансляция қилди.

Навальная Путин “Алексей Навальнийга ва ажойиб қўшни давлатга нисбатан ҳаракатлари учун жавоб бериши лозим”, деб айтди. “Қўшни давлат” деганда у Украинани назарда тутди. Унинг нутқи Европарламентда гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Навальная Европа сиёсатчиларини Украина ва бошқа масалаларда Кремль билан музокаралар олиб бормасликка, аммо Путин ва унинг атрофидагиларга тааллуқли бўлган молиявий оқимлар юзасидан терговлар ўтказишга чақирди.

“Айнан Путиннинг буйруғи билан Алексейни уч йил қийноқларга солдилар. У ҳар қандай алоқадан, қўнғироқлардан ва хатто хатлардан маҳрум қилинган ҳолда камерада сақланди. Кейин уни ўлдирдилар ва хатто шундан сўнг ҳам унинг жасадини ва онасини таҳқирлашда давом этдилар”,- деди Навальная.

28 февралда Европарламентда Навальний ўлими юзасидан резолюция муҳокама қилина бошланди. Резолюция лойиҳасида Навальнийнинг ўлими қотиллик деб баҳоланган.

Резолюцияда Россия ҳукумати Навальнийнинг дафн маросими ўтказилишига тўсқинлик қилмасликка, Европа Иттифоқи эса сиёсатчига нисбатан суд қарорларини чиқарган ва унинг ўлимига масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирилган.

Иллинойс суди Трамп исмини сайлов бюллетенига киритишни тақиқлади

Трамп Жанубий Каролинада ўтказилган праймеризда.
Трамп Жанубий Каролинада ўтказилган праймеризда.

Иллинойс суди 28 февралда штатда ўтадиган партиялар праймеризда Дональд Трамп исмини сайлов бюллетенидан ўчириб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Судья Трэйси Портер штат сайлов комиссиясининг Трампни овоз беришда иштирок этишига рухсат берувчи қарорини бекор қилди. Судьянинг билдиришича, собиқ президент исёнга ва тартибсизликларга алоқадорлиги ортидан давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари президентлик сайловида Жо Байден ғалаба қилгани тасдиқланишига йўл қўймаслик мақсадида Конгрессни босиб олишга уринганди.

Трамп суд ҳукми устидан бир неча кун ичида юқори инстанцияга шикоят қилиши мумкин. Иллинойсда праймериз 19 март куни ўтказилади.

Дональд Трамп расмий вакили мазкур қарорни чиқарган судьяни сиёсий тарафкашликда айблади. Расмий вакил бу қарор устидан шикоят қилинишини билдирди.

Иллинойс Дональд Трамп исмини овоз бериш бюллетенига киритишни тақиқлаган учинчи штат бўлди. Бундан олдин Колорадо Олий суди ва Мэн штати давлат котиби ҳам мана шундай қарор қабул қилган.

Дональд Трамп бу қарорлар устидан АҚШ Олий судига ариза киритган. Яқин кунларда Олий суд бу масалани кўриб чиқиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Молдова суверенитетини дастаклашини билдирди

Тирасполдаги "Советлар уйи". 2019 йилда олинган сурат.
Тирасполдаги "Советлар уйи". 2019 йилда олинган сурат.

АҚШ тан олинмаган Приднестровье минтақаси Россияга кўмак сўраб мурожаат қилганидан сўнг вазиятни диққат билан кузатмоқда, деб билдирди давлат департаменти расмий вакили Мэтью Миллер.

“Россиянинг Европадаги агрессив ролини эътиборга олган ҳолда, Россиянинг Приднестровьедаги ҳаракаларини ва умуман вазиятни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Қўшма Штатлар Молдованинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегаралари доирасида унинг ҳудудий яҳлитлиги ва суверенитетини дастаклайди. Биз Кишенёв ва Тирасполни Днестрнинг ҳар икки томонида муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш йўлларини излашга чақиришда давом этамиз”,- деди Миллер.

28 февралда Приднестровьенинг россияпараст депутатлари ўзларининг еттинчи съездида Мосвадан минтақани Молдова “босимидан ҳимоя қилиш” илтимоси билан мурожаат қабул қилди.

Тан олинмаган Приднестровье СССР тарқалиб кетганидан бери россияпараст кучлар томонидан назорат қилиб келинади, бироқ халқаро ҳамжамият уни Молдова ҳудуди сифатида тан олади.

Сўнгги марта депутатлар съезди 2006 йилда ўтказилган эди. Ўшанда депутатлар Приднестровьени Россияга қўшилиши юзасидан референдум ўтказиш қарорини қабул қилган. Референдумда Приднестровье овоз берувчиларининг кўпчилиги бу таклифни қўллаган.

Москва Украинага бостириб кирганидан бери Кишинёв Кремль Приднестровьени Одесса йўналишига ҳужум қилиш мақсадида янги фронт қатори қўллашидан ташвиш билдириб келади.

Приднестровьеда Россиянинг бир ярим мингта аскари жойлаштирилган.

Қайта қуриш йилларида СССР ҳукумати раҳбари бўлган Николай Рижков вафот этди

Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.
Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.

1991 йилда тарқалиб кетган СССРнинг собиқ ҳукумат раҳбари Николай Рижков 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.

Рижков қачон ва қаерга дафн этилиши ҳозирча аниқ эмас. ТАССнинг хабар беришича, дума юқори палатаси дафн маросимини уюштириш ва ўтказишда иштирок этади.

Рижков 1985-1991 йилларда Коммунистик партия Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг аъзоси ва СССР Министрлар кенгаши раиси бўлган. Бу СССРда туб ўзгаришларни бошлаб берган қайта қуриш даврлари эди. Бу даврда бозор иқтисодиётига йўл очган муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилган.

Бироқ Рижков раҳбарлигидаги ҳукумат изчил бўлмагани ортидан 1989-1990 йилларда мамлакат кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз тутди.

1991 йилда Рижков РСФСР президентлигига сайловда иштирок этган ва Борис Ельцинга мағлуб бўлган.

СССР тарқалиб кетганидан сўнг у давлат думасида депутатлик қилди. 2003 йилдан 2023 йилгача Федерация кенгашида Белгород вилоятидан сенатор бўлган.

Россия 2014 йилда Украинани аннексия қилганидан сўнг Рижков Ғарб санкциялари жорий этилган шахслар рўйхатига киритилган.

Навальний 1 мартда Борисов қабристонида дафн этилади

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.
47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Алексей Навальнийни дафн этиш маросими 1 март куни Москванинг Марьинодаги “Утоли моя печали” черковида ўтказилади. Диний маросимдан сўнг у Москва жануби шарқидаги Борисов қабристонида ерга берилади. Бу ҳақда марҳум сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.

Аввалроқ сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаётганини билдирган эдилар. Кира Ярмишга кўра, Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари тадбирни ўтказишдан бош тортган.

Ярмиш Навальнийнинг сафдошлари кўплаб давлат ва хусусий дафн агентликлари билан алоқага чиққанини, бироқ улар сиёсатчининг номини эшитиши биланоқ маросимни ўтказишдан бош тортаётганини айтганди.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Шойгу Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотларини "Россияга қарши фаолият"да айблади

Сергей Шойгу.
Сергей Шойгу.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги уруш фонида Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотлари аксилроссия фаолиятини кучайтиргани тўғрисида баёнот берди.

27 февралда Мудофаа вазирлиги коллегиясида бу ҳақда гапирган Шойгуга кўра, Марказий Осиёда “юздан ортиқ йирик ғарбпараст нодавлат ташкилотлари” фаолият юритмоқда, уларнинг 16 мингдан кўпроқ ваколатхона ва филиаллари бор.

“Махсус ҳарбий амалиёт фонида бу нодавлат ташкилотлари Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги ҳарбий-техник, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни озайтириш мақсадида ўзларининг аксилроссия фаолиятини кучайтирган. Бу борада биз огоҳлантирувчи чораларни кўрмоқдамиз”, - деди Шойгу, бироқ айнан қандай чоралар кўрилаётгани тўғрисида аниқ маълумот бермади.

Шойгуга кўра, жорий йилда Марказий Осиёдаги асосий фаолият минтақа давлатларидаги инқирозли вазиятларни бартараф этишга қаратилади ва Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистонда еттита ҳарбий машғулот ўтказилади.

Россияда ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери “хорижий агент” деб аталувчи қонун амалда қўлланилиб келинади. Россия Адлия вазирлиги мазкур қонун воситасида чет элдан молиялаштирилган ёки ўз наздида сиёсат билан шуғулланган нодавлат ташкилотларини “хориж агенти” деб эълон қилган. Қонунда сиёсий фаолият тушунчаси аниқ белгиланмагани ортидан ҳукумат маърифат, маданият, соғлиқни сақлаш, экология ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланган ўзига ёқмаган нодавлат ташкилотларини таъқиб қилмоқда. Бунинг натижасида Россияда кўплаб нодавлат фаолияти тўхтатилди.

Россия ананъавий тарзда Марказий Осиёни ўз таъсир ҳудуди сифатида кўриб келади. Қатор экспертлар Украина босқини ортидан Россиянинг минтақадаги таъсири сусайганини ва унинг ўрнини Хитой эгаллашга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.

Иссиқкўлда чех ва словак туристлар кўчки остида қолди. Тўрт киши ҳалок бўлди

Қор кўчки юз берган ҳудуд.
Қор кўчки юз берган ҳудуд.

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Шахти-Жирғалан қишлоғида юз берган қор кўчкиси оқибатида Чехиянинг уч нафар ва Словакиянинг бир нафар ватандоши ҳалок бўлди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг 27 февралда вилоят полициясига таяниб хабар беришича, ҳалок бўлган туристлар 29, 30, 42 ва 46 ёшда эди.

Расман билдирилишича, 25 февраль куни Чехиядан келган 23 нафар турист икки гуруҳга бўлиниб, чанғи учиш учун тоққа чиққан.

14 кишидан иборат гуруҳни чанғи учаётганда қор кўчкиси босиб қолган. Кўчки остидан 10 киши бир бирларига ўзаро ёрдам бериб, тирик чиққан. Тўрт киши ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари топилиб, Қоракўл моргига етказилди.

Ҳозирда бу ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Байден ва Трамп Мичиганда ўз партиялари ўтказган праймеризда ғалаба қилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жо Байден ва Дональд Трамп 27 февралда Мичиганда ўз партиялари ўтказган праймеризда ишончли ғалабага эришди.

Демократик партиядан иккинчи муддат президентликка номзодини кўрсатган Жо Байден, дастлабки маълумотларга қараганда, 80 фоиз овоз олди.

Республикачилар партиясидан номзодликка талабгор Дональд Трамп 67 фоиз овозга эга бўлган. Унинг асосий рақиби Никки Хейли 28 фоиз овоз олди ва президентлик учун курашни давом эттиришини билдирди.

Трамп бу билан бешта штатда ўтказилган праймеризда ғалабага эришди. У Республикачилар партиясидан президентликка номзодлик курашида лидер бўлиб қолмоқда.

Кузатувчилар Никки Хейли 5 март куни бирданига 15 та штатда ўтказиладиган праймеризда муваффақиятсизликка учраса, президентлик учун курашдан бош тортиши мумкинлигини таҳмин қилмоқда.

Мичигандаги праймериз Жо Байден учун кутилмаган синов бўлди. Байден праймеризда ишончли ғалабани қўлга киритган бўлса-да, демократ сайловчиларнинг 15 фоизи номзодларга овоз беришдан бош тортди.

Кузатувчиларга кўра, бу демократларнинг бир қисми АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши урушда Байден Исроилни қўллаётганидан норози эканини англатиши эҳтимол. Мичиганда сайловчиларнинг сезиларли қисми араблардир.

Праймеризлар июнь ойида якунланади. Номзодлар Республикачилар ва Демократлар партияларининг июль ва августда ўтадиган анжуманларида тасдиқланади.

НАТО Украинага қўшин жўнатиш режаси йўқлигини билдирди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Associated Press агентлигига берган интервьюсида, ҳарбий иттифоқ Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Столтенберг бу баёнотни Ғарб давлатлари гўёки Украинага қўшин жўнатиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бир пайтда берди.

Столтенберг НАТО Украинага мисли кўрилмаган даражада кўмак кўрсатаётганини таъкидлади.

“Биз 2014 йилдан бери бу ишни қилиб келяпмиз ва кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг ҳаракатларимизни кучайтирдик. Аммо НАТОнинг Украинага қўшин жойлаштириш режаси йўқ”, – деди у.

Парижда 26 февралда ўтган Европа Иттифоқининг 20 лидери саммити арафасида Словакия бош вазири Роберт Фицо айрим давлатлар ўз ҳарбийларини Украинага жўнатишнинг нақадар мақсадга мувофиқлигини ўрганаётгани тўғрисида гапирган эди.

Саммит якунланганидан сўнг Франция президенти Эммануэль Макрон журналистларга берган суҳбатида Россияга қарши урушда Киевни дастаклаш мақсадида Украинага қўшин жўнатиш эҳтимолини эътибордан соқит қилмади.

“Бугун пиёда қўшинларни жўнатиш масаласида муроса мавжуд эмас, лекин буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз Россия ғалабага эришмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз”, - деди Макрон.

Макрон қайси давлатлар Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Саммит Макрон ташаббуси билан ўтказилди ва унда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобни кучайтириш масаласи муҳокама этилди.

“Россия позицияси ўзгарди. У янги ҳудудларни босиб олишга интилмоқда ва Украина бу йўналишдаги ягона давлат эмас, бошқа давлатларга ҳам кўз тикмоқда. Шунинг учун Россия катта хавф туғдирмоқда”, – деди Макрон ўз сўзида.

Саммитда киберҳимоя, Украинада ҳамкорликда қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш, Украина-Беларусь чегарасида мудофаани мустаҳкамлаш, Украина ҳудудларини миналардан тозалаш, Россия бевосита таҳдид солаётган Молдова каби давлатларнинг мудофаасини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олинди.

Украина президенти Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан “Тинчлик формуласи”ни муҳокама қилди

Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонига борди.
Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонига борди.

Украина президенти Владимир Зеленский 27 февралда Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашди.

Зеленский ўз телеграм каналида валиаҳд шаҳзода билан Россия билан урушни тўхтатиш учун Киев олға сураётган “тинчлик формуласи”ни муҳокама қилганини ёзди.

Учрашувда Россия томонидан асирга олинган украин ҳарбийларини ватанига қайтариш масаласи ҳам кўтарилди.

Associated Press агентлигининг ёзишича, Муҳаммад бин Салмон ўзини Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш масаласида потенциал воситачи сифатида намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бир қаторда Саудия ОПЕК+ доирасида Россия билан энергетик соҳада тиғиз равишда боғлиқ.

26 февралда Муҳаммад бин Салмон Ар Риёдда Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилган эди. Саудия расмийлари шаҳзода Володин билан “умумий манфаатларга жавоб берувчи масалаларни муҳокама қилгани”ни билдирган.

Киев таклиф қилаётган “Тинчлик формуласи” ўн банддан иборат ҳужжат бўлиб, унда урушни тугатиш йўллари ва Европада бундан буён уруш бўлишига имконият яратмайдиган хавфсизлик режимини жорий этиш таклиф қилинади.

Владимир Зеленский бу формулани 2022 йилнинг ноябрида таклиф қилган эди. Россия бу ҳужжатни қабул қилиб бўлмайдиган таклифлар йиғиндиси сифатида баҳолаган. Унда Россия армиясини Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларидан чиқариш назарда тутилади.

Навальнийнинг сафдошлари дафн маросими ўтказиш учун жой топа олмаяпти

Сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаяпти, деб билдирди марҳумнинг матбуот котиби Кира Ярмиш. Унга кўра, Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари табдирни ўтказишдан бош тортмоқда.

Ярмиш Навальнийнинг сафдошлари кўплаб давлат ва хусусий дафн агентликлари билан алоқага чиққанини, бироқ улар сиёсатчининг номини эшитиши биланоқ маросимни ўтказишдан бош тортаётганини айтди.

«Бир жойда бизга дафн агентликларига Навальнийнинг маросимини ўтказмаслик тўғрисида кўрсатма берилганини очиқ айтишди. Бир суткадан бери маросимни ўтказиш учун бино топа олмадик», - деди Ярмиш.

Унга кўра, ҳозирда дафн маросимини ўтказиш учун бино қидириш ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Навальний шу ҳафтанинг охирида сўнгги манзилга кузатилиши тўғрисида хабар қилинганди.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Апрелдан бошлаб Прага ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилади

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines ширкати Прага ва Тошкент ўртасида мунтазам авиақатновни йўлга қўймоқда. Ширкатнинг билдиришича, 2024 йил 18 апрелдан бошлаб Чехия ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасидаги авиақатноқ ҳафтасига бир марта – ҳар пайшанба куни амалга оширилади.

Расман билдирилишича, парвоз вақти олти соатни ташкил қилади. Прагадан пайшанба куни учиш вақти соат 16 да. Тошкентга самолёт соат жума куни соат 01:00да қўнади.

Vinegret.cz сайтининг хабар беришича, биринчи рейс учун чипталар сотувга чиқарилди. Бир томонга учиш нархи 330 евро ёки 8370 кронни ташкил қилади. Йўловчиларга 20 кило юкни бепул олиб ўтиш мумкин бўлади.

Qanot Sharq авиаширкати 1998 йилда ташкил қилинган. Унинг авиапарки 6 та замонавий лайнердан иборат: иккита Airbus A320CEO, иккита Airbus A321NEO ва иккита Airbus А330CEO.

Qanot Sharq Airlines, Spot.uz нашри хабарига кўра, Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиаширкатдир. У Ўзбекистон шаҳарларидан Туркиянинг Истанбул ва Анқара, БААнинг Дубай, Саудия Арабистонининг Жидда ва Мадина, Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларига парвозлар амалга оширишни мўлжаллаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG