Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:42

Янгийўл тумани пахтачиликдан воз кечади


Ўзбекистонлик фермерлар ўз тасарруфидаги ерларга пахта экишга мажбурланади.
Ўзбекистонлик фермерлар ўз тасарруфидаги ерларга пахта экишга мажбурланади.

Янгийўл туманидаги пахта майдонларида энди сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади. Бу тадбир мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, бунга доир қарор Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида тайёрланмоқда.


Янгийўл туманининг пахтачиликдан сабзавотчиликка ихтисослаштирилаётгани тўғрисидаги ҳукумат қарори тайёрланаётганлиги ҳақидаги хабарни Янгийўл тумани ҳокими ўринбосари Рустам Қосимов ҳам тасдиқлади:

- Тўғри, шундай гап бор. Лекин бу ҳақда ҳали ҳукуматнинг қарори чиққанича йўқ. Яқин кунларда бу масала ўз ечимини топса керак, - дейди ҳоким ўринбосари.

Рустам Қосимов Янгийўл тумани ерларининг пахтачиликдан сабзавотчиликка ихтисослаштирилиши сабабини бундай изоҳлади:

- Ҳозир бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи биринчи ўринга чиқиб қолди. Биласиз, дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам аҳоли сони кун сайин ўсиб боряпти, озиқ-овқатга бўлган талаб ошяпти, бозордаги нарх-наволар бунинг исботини кўрсатяпти. Юртбошимиз ҳам шу масалани қўйган. Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда ички бозорни, Тошкент бозорлари таъминотини яхшилаш ва экспортга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида шу иш қилиняпти,- дейди Рустам Қосимов.

Ҳоким ўринбосарига кўра, сабзавотчиликда меҳнат ресурслари пахтачиликка нисбатан кўпроқ талаб қилинади ва шунинг учун ҳам ҳозир фермерларнинг ер майдонлари уларнинг қувватига қараб кичиклаштирилади.

Бироқ, Ўзбекистонда расман қайдга олинмаган Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси раиси Марат Зоҳидовга кўра, Тошкент вилояти Янгийўл тумани ерларининг пахтачиликдан сабзавотчиликка ихтисослаштирилиши коррупция билан боғлиқ "янги ўйинларни" келтириб чиқариши мумкин:

- Бу тўралар беш йилдан буён Тошкентга яқин бўлган пахта ерларини сотдилар. Бу ерларни пулдор одамлар сотиб олди. Лекин бу майдонлар пахта ери бўлгани учун ҳисобда турарди. Кейин сотилган пахта ерлари ҳисобини тўғирлаб қўйиш учун узумзорларни, боғларни кесиб ташлаб пахтазор қилишди. Биз бу масалани прокуратурадан тортиб президентгача бир неча бор кўтарганмиз,- дейди Марат Зоҳидов.

Марат Зоҳидовга кўра, янгийўллик деҳқонлар, пахта ерларини сабзавотчиликка ихтисослаштириш ва фермерларни ер билан таъминлаш жараёни адолатли бўлишига ишонмайди:

- Бу жараён ҳали узоқ давом этади. Чунки коррупция билан курашиш жуда қийин,- дейди Марат Зоҳидов.

Янгийўл тумани ерлари тоза ва сувга сероб бўлганлиги учун ҳам республикада ҳосилдорлиги баланд бўлган ҳудудлардан бири саналади.

Тошкент шаҳрини қишин-ёзин барра кўкатлар, сабзавот билан таъминлашда янгийўллик деҳқонларнинг муҳим улуши бор.

Пахта етиштириш давлат монополияси бўлган Ўзбекистонда расман мустақил бўлган фермерлар ўзларига катта даромад келтирадиган бошқа экинларни эка олмайди. Фермерлар ҳар йили пахта ва ғалла етиштириш бўйича ҳукуматга қарашли ташкилотлар билан шартнома имзолашга мажбур.

Янгийўллик деҳқонлар энди ҳар йили мажбурлаб эктириладиган пахта яккаҳокимлигидан қутуладиган кўринади.

Тошкент шаҳрининг ўз атрофидаги туманлар ҳисобига кенгайиб бораётгани ҳисобига Янгийўл туманининг пойтахтга чегарадош ҳудудларида ернинг нархи кўтарилиб бораётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG