Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:24

Қарши шаҳар марказий савдо мажмуаси тадбиркорлари дўконсиз қолди


Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йили кўплаб ўзбекистонлик тадбиркорлар учун омадли бўлмади.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йили кўплаб ўзбекистонлик тадбиркорлар учун омадли бўлмади.

Қаршидаги марказий бозор реконкструкцияси сабаб тадбиркорларнинг кичик дўконлари бузиб ташланиб, ўрнига янги ва катта дўконлар қурилди. Бозор маъмуриятидан дўконлар бузилишдан олдин "янги дўконлар сизларники бўлади" деган ваъдани олган тадбиркорлар қурилиш битгач, янги дўконларнинг бошқа эгалари чиқиб қолганидан шикоят қилмоқдалар.


Қарийб 20 йилдан бери Қарши шаҳар марказий буюм бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Баҳодир Нусуровнинг Озодликка айтишича, эски буюм бозори бузилишидан олдин уларга янги бозордан дўконлар ваъда қилинган. Бироқ янги бозор қурилганидан сўнг, бозордаги тадбиркорларнинг аксарияти жойсиз қолганлиги маълум бўлди:

- Энди ҳозир бизларнинг дўконимизнинг ўрнига дўкон қурилиши керак эди. Бизга бир вақтлар шаҳар ҳокимининг зами Ғафур Пўлатов янги дўкон нархи“ 7 миллиондан ошмайди” деган эдилар. Майли деб биз кўнган эдик. Биз бозордан “президентимизнинг қарорлари экан” деб чиқиб кетган эдик. Булар президентимизнинг қарорларидан бошқа мақсадларда фойдаланиб, бизларнинг жойларимизни бойларга сотиб, ўзининг таниш-билишларига сотиб бизларни бозордан беиш қилиб чиқариб юборган. Бир йилдан ўтаяпти бизлар беиш юрибмиз,- дейди Баҳодир Нусуров.

Президент эълон қилган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йили бизга омад келтирмади, аксинча юзлаб тадбиркорлар ишсиз қолди, дейди тадбиркор. Унинг айтишича, тадбиркорлар ўз ҳақларини талаб қилиб мурожаат қилмаган расмий идоралар қолмаган:

- Президент девонига мурожаат қилдик, ўзимизнинг депутатларга мурожаат қилдик, прокуратурага, Вазирлар Маҳкамасига, вилоят ҳокимига, ҳамма жойга мурожаат қилдик. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Бизга ҳеч ким жой бераман демайди, бизлар бозорга борганда “Ариза ëзгансан. Аризачиларга жой бермаймиз” деб бизларни қувиб солаяпти.

Туроб Жўраев деган янги ҳокимимиз бўлган. “Бизларни янги жой билан таъминласин” деб ëзган аризамизга, имзо қўйиб берганлар. Лекин булар вилоят ҳокимининг қарорини менсимасдан ҳамма нарсани ўзларининг фойдасига ҳал қилаяпти. “Бизлар бозорга ўзимиз хўжайин. Ҳоким ҳам, бозорқўм ҳам шу ерда. Бизлар ҳеч кимга қулоқ солмаймиз” дейишади,- дейди Баҳодир Нусуров.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган Қарши шаҳридаги савдо мажмуаси ҳуқуқшуноси Эшдавлат Эштемировнинг айтишича, норозилик билдираётган тадбиркорларнинг шикоятларида асос йўқ:

- Бизлар дўкон қилганмиз. Катта турғун савдо дўконларини ижара ҳуқуқини жойига қўйиб тадбиркорларга тарқатганмиз. Танлов бўлганда. Танловдан ўтган кишилар, қонунга тўғри келган кишиларга дўкон берилган. Масалан битта дўконга иккаламиз талабгормиз. Биттамиз жойсиз қолишимиз керак. Ë сиз оласиз ëки мен оламан. Ўшани тақсимлаш комиссияси кўриб, масалан сизни айтган, мен қуруқ қолганман. Ëки мен олиб сиз қуруқ қолгансиз. Мана шунақа ҳолат бўлган. Ўша ҳолатлар бўйича шикоятлар тушдида, текширув ўтказилди вилояти ҳокимияти тарафидан, Тошкентдан мутахассислар келди. Ҳаммаси текшириб бизлар қилган ишни қонуний деб топди. Лекин улар талаб қилаяпти,- дейди бозор ҳуқуқшуноси.

Эшдавлат Эштемировга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан тадбиркорда дўкон танлаш ҳуқуқи йўқ ва бу ҳуқуқ бозор маъмуриятига берилган.

Ҳуқуқшунос, шунингдек, янги дўконлар сотилаётгани тўғрисидаги тадбиркорларнинг идааоларини ҳам рад этди:

- Шаҳар ҳокими томонидан қарор қабул қилиниб, махсус комиссия тузилган. У нарсаларни бир киши ëки бозорнинг раиси ҳал қилаëтгани йўқ. Уни гуруҳ ҳал қилаяпти. Ҳокимият вакиллари бор, солиқ вакиллари бор, савдо-саноат палатасидан уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган шахслар қатнашган. Ўша ҳолатлар бўйича ўзининг хулосасини берган. Уларнинг тўрттами бештами аризаси текширилди. Муаммонинг ечилмай қолишига сабаб, масалан, 800 киши савдо қиладиган жойга 400 савдо дўкони қилаяпмиз. 400 киши жойсиз қолаяпти. Битта шулар эмасда,- дейди Эшдавлат Эштемиров.

Биз ҳуқуқшунос билан қилган суҳбатимиздан сўнг яна Баҳодир Нусуровга мурожаат қилдик. Тадбиркор бозор ҳуқуқшуноси маълумотларини рад этар экан, бузилган дўконлар ўрнига ҳуқуқ идораларида ишлайдиган одамларнинг яқинлари ва умуман бозорга алоқаси йўқ одамларга берилганини айтди:

- Йўқ, унақа нарса бўлгани йўқ ака. Менда документлари бор. Қандай етказишни билмайманда. Умуман бозорда савдо қилмаган одамларга ҳам жой бериб юборилган. Бизлар Тошкентдан келган комиссиянинг ответини олган эдик. Биз энди ноқонуний йўл билан олганмиз, лекин қўлимизда бор. Бозор ичига 50 фоиз одам без документ кирган.

Ҳокимнинг одами, прокурорнинг одами, суд одами, началник милициянинг одами кабиларга жой бериб ташлаган. Катта-катта одамларнинг яқинларига бериб юборган булар. Бизларда документ борда. Умуман фаолияти йўқ одамларга берилганда. Тошкент солиқ қўмитасидан келган комиссия текширганига, вилоят солиқ қўмитаси текширганига документ чиққан. Бозорда фаолияти кўрсатмаган одамларга жой берилган. Асосимиз бор қўлимизда,- дейди Баҳодир Нусуров.

Бозор тадбиркорларининг айтишларича, агар уларнинг талаблари қондирилмаса ва иш жойлари билан таъминланмаса, улар норозилик тадбири уюштирмоқчи.

Бозор ҳуқуқшуноси Эшдавлат Эштемировга кўра, бозор маъмурияти шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда тадбиркорларни янги иш ўринлари билан таъминлаш ҳаракатини қилмоқда.

Илгари Қарши шаҳар ва Шаҳрисабз туманларида ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Сафар Фармонов Қарши шаҳар савдо мажмуасининг директори бўлиб ишламоқда.

Сафар Фармоновнинг телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG