Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:27

“Исроилнинг самимий дўсти” Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди


Исроил матбуоти Ўзбекистоннинг Яҳудий давлатидаги собиқ элчиси Ойбек Усмоновнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланганини ана шундай шарҳламоқда.


Исроилнинг Курсон ахборот агентлиги хабарига кўра, Исроил Ташқи ишлар вазирлигида бу хабар мамнунлик билан қабул қилинган. Яҳудий дипломатик идораси Усмоновни “Исроилнинг самимий дўсти” дея баҳолаган.

Ойбек Усмонов 2001 – 2006 йилларда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси бўлиб ишлаган.

Бу даврда “икки давлат муносабатлари сезиларли даражада фаоллашган”и айтилади.

Усмонов Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинлангунига қадар Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида ишлаган.

У Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари билан муносабатларни ривожлантириш масалаларига масъул бўлиши айтилмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ойбек Усмоновнинг Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланиши минтақа давлатлари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш режалари билан боғлиқ.

- Менинг назаримда Ойбек Усмоновнинг бу лавозимга тайинланиши хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни англатади. Иккинчидан, бу Ойбек Усмонов элчи бўлган давлатлар билан муносабат бир қадар илиқлашувига қаратилган кадрлар танлови деб ўйлайман, - деди ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос.

Ойбек Усмоновнинг янги лавозимга тайинланиши вазирликда давом этаётган кадрлар алмашинуви жараёнининг давоми сифатида кўрилмоқда.

Абдулазиз Комилов 13 январ куни Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган эди.

Бу лавозимда ишлаб келган Элёр Ғаниев эса, ўзининг аввалги лавозими Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ўтказилган эди.

Абдулазиз Комилов 2003 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган.
XS
SM
MD
LG