Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:41

Сил касалга на дори бор, на яхши овқат


Нурота туман тиббиёт бирлашмасига қарашли сил касалликлари бўлими шифокор ва беморлари касалхонанинг ночор аҳволда эканлигидан шикоят қилар экан, ҳукумат шу касалхонани ҳам ёпиш тараддудига тушганидан ташвиш билдирди.

Нурота туманидаги сил касалликлари шифохонасининг яқин ойларда кўчирилиши мумкинлиги ва дўхтиру-ҳамшираларнинг ишсиз қолиши ҳақидаги хабарни шу касалхонада ишлаётган шифокорлардан бири ўз исми ошкор этилмаслиги шарти билан Озодликка еткизди:

- Бу касалхона 1967 йилдан бери ишлаяпти. Ҳозир Нурота туманида сил касаллиги кўпайган. Бироқ шундай бўлсада, бу касалхонани йўқ қилишмоқчи. Энди буёғи қандай бўлади, 70 киши ишлайди. Уларнинг бола-чақаси бор. Иккинчидан¸ касалларга энди ноқулай бўлади, улар узоқ масофадаги касалхоналарга тарқатилса сарсон-саргардон бўлади, дейди расмийлар босимидан чўчиб исми сир тутилишини сўраган бу шифокор.

Дўхтирнинг айтишича, бу ҳақдаги хабарни туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ўтган йиғилишларда бир неча бор айтган. Унга кўра, 40 ўринга мўлжалланган бу касалхонанинг болалар бўлимида ҳозирда 10 бемор¸ катталар бўлимида эса 28 бемор даволанмоқда.

Шифокор фикрича, касалхона ёпилмаслиги, аксинча унга бўлган эътибор кучайтирилиши керак. Сил касалликлари учун дори-дармонлар давлат томонидан текин қилинган бир пайтда, йиллардан буëн касалхонага бу дори-дармонларнинг бирортаси етиб келаëтгани йўқ, дейди шифокор.

- Бизда сил касалликлари жуда кўп, учётда турадиган ДК плюслар, ДК минуслар. Қамоқдан сил касал бўлиб келганлар бор, шулар келиб бизда даволаниб кетади. Дори-дармон текин бўлиши керак, лекин йўқ. Озиқ-овқатнинг эса умуман зоғи йўқ. Бундай беморлар калорияли, тўйимли овқатлар ейиши керак, шунда организим касалликка қарши кураша олади. Бу ердаги овқатлар эса шилдир-шилдирдан бошқа нарса эмас, дейди касалхона шифокори.

Айни пайтда¸ аҳолини силдан ҳимоялаш жараëни ҳам боши берк кўчага кириб қолган - Нурота туманида 2008 йилдан бери сил касалига қарши эмлаш ўтказилмаган.

Шу касалхонада даволанаётган нуроталик Элнур Давлатов ҳам касалхонанинг кўчирилиши берморларга ноқулайлик олиб келиши ҳақида гапирар экан, сил билан оғриган беморлар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамларнинг бирортаси ҳам бўлмаётганини таъкидлайди:

- Агар дангалини айтсам, давлат томонидан палонча пул ажратди, деб эшитамиз, лекин дори-дармоннинг ўзи йўқ. Бизлар ўз чўнтагимиздан олиб даволаняпмиз. Ёлғон бўлмасин, бир йилда бир ой дори беради, бошқа 11 ойда ҳеч нарса йўқ. Овқатни эса ўзимиз пиширамиз. Чунки касалхона овқатининг на бир гўшти бор, на ёғи бор, на томати бор, дейди ҳозирда Нурота сил касалликлари шифохонасида даволанаëтган Элнур Давлатов.

Озодлик билан суҳбатда Нурота тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Обид Ёрматов силлар учун махсус бу касалхонанинг яқин ойлар ичида кўчирилиши ҳақидаги гапларни рад этди:

- 2013 йилдан бошлаб Навоийда сил касалликлари янги касалхоналари қурилади. Вилоят бўйича учта болница қурилади. Биттаси Зарафшонда, биттаси Қизилтепада, биттаси Навоийда қурилади. Қурилиш уч йил давом эттирилади. Қурилиб бўлгандан кейин бўлади у нарса, деди бошқарма бошлиғи.

Туман бош врачи сил касалликлари касалхонасига дори-дармон берилмаётгани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этди:

- Специфик дорилар ҳаммаси бепул. Давлат томонидан берилади. Сотиб олишга аптекаларда ҳам йўқ. Шприц бепул, система бепул. Қолганига мана бир хил дорилар ëтади. Витамин, обшеукрепляюций, ўзларига оладиганларини улар қўшимча қилиб олган бўлиши мумкин. Лекин дорилар 100 фоиз бепул улар учун, - деди Обид Ёрматов.

Бирлашма бошлиғи сўнгги йилларда Нурота туманида сил касаллиги кўрсаткичи камайганлигини айтар экан, беморларнинг овқатланишида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди:

- Мана экономист ҳам ëнимда ўтирибди. Бизлар инфекционний болницага, кейин марказий шифохонага бермаган икки марта таомни сил касалларига берамиз. Икки марта таом берилади. Бу касалхона койка планни бажармаган. 40та койка бўлиши керак. 50-60 фоизга бажарилган йилликдан. Шундай бўлган тақдирда ҳам икки марта овқат, кунига 2-3 килодан гўшт берилади. Гўшт узилиб қолган бўлиши мумкин, лекин шилдир-пилдир деган нарса йўқ, агар бўлган бўлса менга келиб айтсин улар, мен ўзим кунига шу ерда, ҳокимият бораяпти, истеъмолчилар ҳуқуқларидан боради. Назоратда туради улар, дейди Нурота тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Обид Ёрматов.

Аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий жиҳатдан муҳофа қилиш ўз устивор мақсадларидан бири эканини таъкидлаб келаëтган Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилнинг 1 апрелидан бошлаб сил касалликларини даволаш муассасаларда ишлаётган ходимларнинг ойлик маошлари 50 фоизга ошириш ҳақида фармон чиқарган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, 2009 йилда Ўзбекистонда 21.453 нафар сил касаллиги билан оғриган бемор қайд этилган. Шундан 16.569 нафари илк марта рўйхатга олинган. Ўзбекистонда йилига ҳар 100 мингдан 19 киши сил касаллигидан вафот этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар мамлакатдаги сил касалига чалинганлар сонига оид рақамларни сир тутиб келади.
XS
SM
MD
LG