Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:10

Шайх Зиёвуддин Бобохон


Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон собиқ совет даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига 25 йил раислик қилган дин пешвосидир.



Бугунги қаҳрамонимиз халқ тилида Зиёвуддин қори номи билан танилган таниқли дин пешвосидир.

У собиқ совет даврида Ўзбекистонда танилган йирик аҳли илмлардан бири, 1957-1982 йиллар оралиғида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раҳбари ва Ўзбекистон тарихидаги иккинчи муфтий бўлган.

У киши ўтган галги қаҳрамонимиз Эшон Бобохоннинг ўғлидир.

Ўтган сафар айтганимиздек, тақдир тақозоси билан Бобохонлар сулоласи 1943 йилдан то 1989 йилга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтийлик лавозимида бўлган.

Зиёвуддин Бобохонга муфтийлик собиқ совет ҳукуматининг рухсати билан у кишининг отасидан мерос ўтган. Ўз навбатида Зиёвуддин қори бу ловозимни ўз ўғли Шамсиддин ибн Зиёвуддинга ўтказган.

Аввал айтганимиздек, биз ўзбек имомлари туркумини бошлар эканмиз, имкон қадар кенгроқ даврни олишга ҳаркат қилдик ва ҳозирча қулочимиз Ўзбекистонда илк диний идора ташкил қилинган давр – 1943 йилга қадар етди.


Шайх Зиёвуддин ибн Бобохон ҳақида расмий манбалар маълумоти

Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон 1908 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

12 ёшида Қуръонни ёд олган. 1920 йили “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга кирган.

Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва кейинги даврларда ўз отаси — 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига асос солган ва унга раҳбарлик қилган муфтий Эшон Бобохонга кўмакчи бўлган.

1947-1948 йилларда Қохирадаги ал-Азҳар университетининг шайхларидан –Абдуллоҳ Фуққоий ва Ҳофиз Тийжонийлардан дарс олиб, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларига бориб билим олиб қайтган.

1948 йилда диний бошқарма раисининг ўринбосари, 1957 йилда - Эшон Бобохон вафотидан кейин Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси этиб тайинланган.


Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Ҳиндистоннинг марҳум Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри билан.
Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Ҳиндистоннинг марҳум Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри билан.
У кишининг ташаббуси билан 1961 йилда диний бошқарма қошида Халқаро алоқалар бўлими ва тўрт тилда “Совет шарқи мусулмонлари” номли журналини чоп этиш йўлга қўйилган.

1971 йилда Тошкентда Имом Бухорий номли олий маъҳад (ислом институти) очилганидан сўнг бу олий ўқув юрти ишларига бош-қош бўлган ва шунингдек, СССР ҳудудида Қуръоннинг чоп этилишига раҳбарлик қилган.

Шайх Зиёвуддинхон Бобохон 1982 йилда вафот этган.


Абдулазиз Мансур: Совет давридаги муфтийликнинг юки оғир эди

Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Зиёвуддин қорининг қўлида етти йил таълим олган.

- Ўша даврда бир ëқдан даҳрийлик сиëсати, социализм, коммунизм ташвиқоти бўлиб турган пайт. Бошқа бир ёқдан диндорларга қатағонлар бўлган, уламоларнинг кўплари хорижий мамлакатларга бошпана излаб кетган, қолганлари муросаи-мадора қилиб ишлаб ëки қиëфасини ўзгартириб, уламо эмас деҳқонми, косибми шаклида юрган бир пайтда муфтий бўлишнинг ўзи осон бўлмаган. Чунки ҳам шариатни, ҳам сиëсатни мувофиқлаштириш керак эди.

Зиëвуддин қори акадек ислом дини таълимотини чуқур биладиган ҳамда замонани ҳам, сиëсатни ҳам яхши тушунадиган инсонни Оллоҳ таоло тайëрлаб қўйган экан. Мана ўзимиз тирик гувоҳи бўлдик. Қойил қолардимки, бу кишининг сўзларини ўша пайтда ëзиб олиб, таҳлил қилинарди-да юқори идораларда. Халқимиз ҳам ислом динидан узоқлашиб кетган, фарзу суннат, ҳалол-ҳаромлардан ҳам анча бехабар бўлиб турган пайтда Зиëвуддин қори ака ҳам ислом динини имкониятлари борича тарғиб қилиб, ҳам сиёсатни олиб бордилар, - дейди Шайх Абдулазиз Мансур.

Ҳозир муҳожиратда бўлган таниқли имом Обид қори Назаров ҳам ўз даврида Зиёвуддин қори ёнида шогирдлик қилган диндорлардан биридир.

У кишига кўра ҳам, муфтий Зиёвуддин қори асосий эътиборни имкон қадар диний таълимни кучайтиришга қаратган.

- Масжидлар очилишида, китоблар, асосан Қуръони Карим чоп этилишида ва Ҳаж зиёратини уюштиришда хизматлари жуда ҳам катта бўлган, деб биламан. Чунки четга борадиганлар ўша пайтда номма-ном Москвадан, КГБ идорасидан тасдиқланарди. Кейин Ўзбекистон КГБсидан суҳбатдан ўтиб, уларга маслаҳат, кўрсатма, буйруқ, топшириқлар берилиб, бир неча томоннинг розилиги олингандан кейин Ҳажга борарди одамлар.

Зиëвуддин қори акалар зиёратчиларни иложи борича кўпайтиришга ҳаракат қилишган. Масжидларнинг кўпроқ бўлишига, китоблар, Ҳажга борадиганлар, четга бориб ўқийдиганлар сонини кўпайтиришга булар қўлларидан келганча берилган имконият доирасида курашган, - дея хотирлади Обид қори Назаров.


Собиқ совет даврида Ҳаж зиёрати

Бобохонлар сулоласи муфтийлик қилган собиқ совет даврида СССРлик мусулмонларни ҳажга жўнатиш амалиёти йўлга қўйилган эди.

Тарихий маълумотларга кўра, бу ташаббус аввалида Эшон Бобохон бўлган.

- Зиëвуддин қори акадан олдинроқ, оталарининг даврларида 1945 йилдан бошланган Ҳажга бориш. Лекин у ҳам чекланган миқдорда эди. Совет Иттифоқи бўйича 15-25 кишидан ошмаган ўша пайтдаги ҳожиларнинг адади. Қаранг, шундай катта мамлакатда ўша пайтда расмий ҳисоботларда 60 миллион мусулмон бор, дейилар эди. 60 киши ҳам эмас 20 киши атрофида ҳажга боришган.

Москвадан белгилаб қўйилган бу ададни биттага ошириб ҳам бўлмас эди. Талабалар ҳам ўқув юртларига шунга яраша чекланган миқдорда қабул қилинарди. Зиëвуддин қори ака даврида ҳам ҳожиларнинг адади ошмаган. Ҳожиларнинг сони мустақиллик шарофати билан кўпайиб бориб ҳозир мана 5000 нафар фуқаромиз Ҳажга, 6000 нафар фуқаромиз Умрага бораяптилар ҳар йили, - дейди Абдулазиз Мансур.

Обид қори Назаров эса ўша даврда ҳажга борган оз сонли ўзбекистонликлардан биридир.

- Мен Шамсиддин Бобохонов билан бирга Ҳажга борганман 1988 йилда. Диний идоранинг раҳбари ҳал қилган буни. Улар тавсия қилган ва у ëқдагилар тасдиқлаган. Мен ўшанда Тилла шайх масжидида Абдурашид қорига ноиб эдим. У вақтларда ҳажга боришига ҳукумат рози бўладиган кишиларга “ариза ëзинг”, деб диний идора раҳбарларининг ўзи айтарди. “Ариза ëзинг”, деган сўзни эшитиш “иш ҳал бўлибди”, дегани эди ва бу катта бахт эди, - деб хотирлайди Обид қори Назаров.


О.Назаров: Рус аскари қўлидаги Қуръон қиммати

Ҳар икки уламо – Обид қори Назаров ҳам, Шайх Абдулазиз Мансур ҳам Зиёвуддин қорининг бевосита ёнида бўлган, уни яқиндан таниган уламолардир.

Биз улардан Зиёвуддин қорининг шахсига оид хотираларини ҳам сўрадик.

Обид қори Назаров у кишининг саховатпешалиги ва ислом илмига ҳурмати акс этган бир воқеани хотирлади.

- Бир куни идорага Афғонистондан қайтган рус аскари кирди ва унда Қуръон китоби борлигини, 200 рублга сотишини айтди. Котибимиз кириб: "Қори ака, шунақа биттаси келиб, Қуръон китобини сотмоқчи. 200 рубл деяпти, лекин тушиши мумкин экан", деди. Зиёвуддин қори ака: "200 рубл берворинглар", дедилар. Котиб: "Бундан арзонроқ айтсак ҳам рози бўлади", деган эди қори ака сўраганини бериш кераклигини айтган эдилар.

​Яъни, буни бир тарафдан қори аканинг саховатпешалиги, десак, иккинчи тарафдан, шу муқаддас китобнинг ҳар кимнинг қўлида хор бўлмаслигини, ўз эътиборига лойиқ жойда бўлиши кераклигини қадрлагани кўринади. У киши шунақа ҳар бир нарсага эътиборли, зийрак киши эдилар, - деб хотирлайди Обид қори Назаров.


А.Мансур: Бир қарор масъулияти

Шайх Абдулазиз Мансур Зиёвуддин қорининг ёнида сўнгги кунларига қадар бирга бўлган.

У киши устозининг сўнгги кунларига боғлиқ бир хотирани тилга олди.

-Вафотларидан икки йил аввал у кишининг кўзлари кўрмай қолган. Аммо бунга қадар кутубхонамиздаги ҳамма китобларни ўқиб чиққан эканлар. Чунки охирги вақтларида менга: "Фалон токчадаги китобни олиб келиб, фалон бобини ўқиб беринг", деб тез-тез айтар эдилар. Айниқса, муфтийликни авлодларга қолдиришга оид, аввалги амирликларни кейинги авлодларга қолдириш ҳақидаги бобларни қайта-қайта ўқиттирар эдилар.

Бир томондан қойил қолардимки, ўша китобларнинг ҳамма бобларини ёддан билардилар. Энди-энди ақлим етяптики, у киши вафотларидан олдин муфтиятни кимга қолдириш масаласини узоқ ўйлаган эканлар. Балки бу ишнинг ўта масъулияти оғир бўлганиданми, ҳатто, ўғилларига қолдириш масаласини ҳам узоқ ўйлаган эканлар, деб тушунаяпман-да ҳозир, - дея хотирлайди Шайх Абдулазиз Мансур.


Муқояса: Собиқ совет замони ва мустақил Ўзбекистон

Тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда қолиб, мусулмонлар идораси раиси ўринбосарига муовин бўлган шайх Абдулазиз Мансур ҳам, аксинча, Ўзбекистонни тарк этиб муҳожиратга юз тутган уламо Обид қори Назаров ҳам собиқ совет даврининг дин устидан назорат ўта қаттиқ ва кескин бўлган даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига раис бўлган Зиёвуддин Бобохоннинг хизматини юқори баҳолайди.

Уларга кўра, ўша кезларда замон оғир эди. Сиёсат кескин эди.

Хусусан, Обид қори Назаров суҳбат орасида у даврни "Худди бугунгидек динга қарши бўлган сиёсат ўта шавқатсиз давр эди", дея таърифлаб ўтди.

- У даврда масжидларнинг аҳволи бугунгидек оғир эди. Марказ рухсат берган миқдорда масжидлар ишлар эди. Бирорта ортиқча масжид очиш имконсиз эди. Зиёвуддин қори акалар марказ берган имконият даражасида масжидларни бошқарар ва айни кезда рухсат берилган ўқув юртларидаги таълимни кучайтиришга ҳаракат қилар эдилар, - дейди Обид қори Назаров.


Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг

Биз бу гал ҳам собиқ совет даврида ўзбекистонлик мусулмонларга раҳбарлик қилган дин пешвоси ҳақида имконимиз қадар хотирладик.

Тингловчиларимиздан бу маълумотларга қўшимча қилиш зарур бўлган маълумотлари бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, бизга мурожаат қилишларини илтимос қилар эдик.

"Ўзбек имомлари" туркумидан бошлаганимиз янги лойиҳа бироз мушкуллиги, айрим маълумотлар нодирлигини инобатга олган ҳолда сизнинг ёрдамингизга умид қиламиз.

Ушбу туркумдаги кейинги қаҳрамонимиз эса ҳозирча Шайх Зиёвуддин Бобохонга замондош Алихонтўра Соғунийдир.

Марҳамат, бу киши ҳақида билганларингиз бўлса,

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, ozodlikweb@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 602 612 713, +420 777 148 199
XS
SM
MD
LG