Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ўзбек талабалари тожик гуруҳида ўқимоқчи эмас


Тожик гуруҳига мажбуран ўтказилган ўзбек талабалари аризасидан парча.
Тожик гуруҳига мажбуран ўтказилган ўзбек талабалари аризасидан парча.

Тожикистон Давлат педагогика университети Ўзбек тили ва адабиёти бўлимида сиртдан таълим олаётган биринчи курс талабалари тожик гуруҳида ўқишга мажбурланаётганидан норози.

Тожикистоннинг чекка қишлоқларидан бўлган Шамсия Ҳамроева, Парвина Олтибоева, Дилфуза Қодирова ва Сурайё Шералиева шу йилнинг 24 январ куни, яъни қишки синовларни топширгандан сўнг университет масъуллари томонидан кейинги семестрда тожик гуруҳларида ўқишни давом эттириш ҳақида кўрсатма олган.

Бунинг сабабини университетнинг таълим бўйича масъуллари “бир гуруҳда камида саккиз киши бўлиши шарт”лиги билан изоҳлаган.

Бу қарордан норози бўлган ёш педагоглар Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятига ариза билан мурожаат қилиб, муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўраганлар.

Хат муаллифлари ректор номига ҳам ёзма мурожаат қилингани, аммо аниқ бир жавоб олинмаганини ҳам ёзганлар.

Тожик филологияси факултети таркибидаги Ўзбек тили ва адабиёти бўлими доценти Ражабали Хидировнинг Озодликка маълум қилишича, ўзбек гуруҳлари икки йилдан буён мажбуран тожик гуруҳларига қўшиб юборилмоқда.

Унинг айтишича, ўтган йил ҳам ўзбек тили ва адабиёт бўлимида ўқиган 13 кишидан иборат каттагина гуруҳ тожик гуруҳларига қўшиб юборилган.

- Уларнинг ҳаммаси тожикча ўқияпти. Ўзларининг айтишича, ҳеч нарса билишмайди, қийналиб ўқияпти. Тожик муаллимлари ҳам: “булар ҳеч нарса ўрганолмайди”, деб “дод” дейишаяпти. Ҳар куни шу масала бўйича тўқнашамиз. Шартнома боғланган бўлса, нега бунақа қилишади, билмаймиз. Майли, бизга ойлик бермасин, лекин шу талабалар ўқишсин, - дейди ўзбек тили ва адабиёти бўлими ўқитувчиси Хидиров.

Айний номидаги Тожикистон Давлат педагогика университетининг таълим масалалари бўйича масъули Аъзам Худойдодов биз билан телефон орқали суҳбатда тўрт кишидан иборат гуруҳ гуруҳ бўла олмаслигини, бу университет қонунларига зид эканини таъкидлади.

“Хўш, у ҳолда университет ректорининг тўрт кишидан иборат гуруҳ ташкил этилганига оид буйруғи ҳам ноқонунийми?” дея сўрадик Худойдодов жанобларидан.

- Кечирасиз, бу саволингизнинг менга дахли йўқ, - дея жавобни қисқа қилди Худойдодов.

Ўзбек тили ва адабиёти бўлими студентларининг ректор буйруғи устидан шикояти ҳақида биз орқали хабар топган университет масъули бир муддат асабийлашишдан сўнг мана буларни маълум қилди:

- Буларни вақтинча тожик гуруҳларига ўтказдик, лекин қишки имтиҳонларни ўзбек тилида топширишди. Иккинчи ярим йилликда ўзбек гуруҳлари ташкил қиламиз, бу борада аллақачон ректорнинг буйруғи чиққан, улар яна ўша ўзбек гуруҳларда ўқийди, - деди ректор муовини Худойдодов.

Унинг айтишича, икки йил аввал ўзбек гуруҳлари билан муаммо бўлмаган, яъни университетнинг ўзбек тили ва адабиёти бўлими асосан Ўзбекистондан келган талабалар билан тўлган.

- Эндиликда Тожикистон дипломлари Ўзбекистонда нострификация қилинаётгани сабабли университетимизда ўқишни истаган ўзбекистонликлар сони кескин қисқарган. Ўзбек гуруҳларимиз асосан ўзбекистонликлар ҳисобидан тўларди. Лекин ҳозир вазият бошқача, - деди Худойдодов.

Тожикистон Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррама Мирзоалиева ўз идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилган талабалар тақдирига бефарқ бўла олмаслигини ва айни кезда улар аризаси бўйича Тожикистон Таълим вазири билан музокарага шайланаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG