Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Риштонлик фуқаро газ муаммоси боис ўзини осди


23 январ куни Фарғонанинг Риштон тумани Учариқ қишлоғида яшовчи фуқаро Абдураҳмон Мелибоев газ идораси ходимлари билан жанжал натижасида ўз жонига қасд қилди.

31 январ куни Озодликнинг Фарғонадаги манбаларидан бири Риштон туманидаги суиқасд борасида маълум қилди.

- Риштон туманида Учариқ деган қишлоқ бор. Ўша ерда битта одамни “газингни пулини тўла” деб мажбур қилгандан кейин ë ўзини осган, ë ўзига пичоқ урган. Шунақа иккита маълумот бор. Биттаси осган деди, биттаси ўзига пичоқ урган деди,- дея хабар қилди фарғоналик манба.

Учариқ қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, воқеа 23 январ куни содир бўлган.

Воқеадан хабардор риштонликлардан бирига кўра, газдан каттагина қарзи бўлган Абдураҳмон Мелибоев газ идораси ходимлари билан жанжаллашганидан сўнг ўзини осиб ўлдирган.

Учариқ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги маъсул ходимларидан бири, маълум сабабларга кўра исми-шарифини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, 44 ёшли фуқаро Абдураҳмон Мелибоев “Водийгазтаъминот” ташкилотининг Риштон туман бўлими ходимлари билан келиб чиққан жанжал оқибатида ўз жонига қасд қилиб, оламдан ўтган.

- У куни ўша ўлгандан кейин экспертизага олиб боришиб келди. Шуғулланишаяпти нималар. Билмадим нима бўлди экан. Прокурор ҳам шуғулланаëтган эди.

Бу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилганини қўшимча қилган Учариқ қишлоқ фуқаролар йиғинининг маъсул ходими воқеанинг бошқа тафсилотларидан бехабарлигини айтди.

Риштон туман газ идораси ходимлари бу воқеа ҳақида Озодлик билан гаплашишни хоҳламади.

Риштон туман прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, Абдураҳмон Мелибоевнинг ўзини ўлдириши бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаяпти.

Ўзбекистонда кейинги пайтда расмийлар билан жанжал оқибатида фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиши, асосан, ўзини осиб ўлдириши ҳолатлари кўпайгани кузатилаяпти.

23 январ куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 25 мактаб директори, 50 ёшли Ҳамдам Пардаев ҳам мактабдаги молиявий муаммолар юзасидан бошланган тафтиш сабаб ўз уйида ўзини осиб қўйган эди.

Ўтган йилнинг 20 ноябр куни қорамол ўғирлаганликда айбланиб ҳибсга олинган собиқ милиция ходими, 28 ёшли Алмардон Рўзиқулов Қашқадарёнинг Чироқчи тумани ИИБ изоляторида ўзини осган эди.

12 ноябр куни Жиззах шаҳар 1-сонли ички ишлар бўлимининг изляторида 21 ёшли Содиқжон Эргашев ўзини осган, Содиқжоннинг жасадини кўрган амакисининг ўғли 16 ёшли Фурқат ҳам ўша куни уйида ўзини осган.

12 октябр куни Тошкент вилоят ҳокимлигининг Иқтисодиëт бошқармаси бошлиғи муовини Шавкат Тўраев ишдан бўшатилгач ўзини осган эди.

12 сентябр куни пахта устида Сурхондарё вилоят хокимидан дакки эшитиб, тунни ички ишлар бўлимида ўтказган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳам ўзини осган эди.
XS
SM
MD
LG