Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:36

Ўзбекистонда совуқ ҳаво сақланиб қолади


Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, келаси беш кунда мамлакатда совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб қолади. Бироқ, синоптиклар ўзбекистонлик деҳқонларни хурсанд қиладиган хабарни айтмоқдалар: “Бу йил тоғларга жуда кўп қор тушди ва ёзда сув мўл бўлади”.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказининг Озодликка берган маълумотига кўра, 5-8 феврал кунлари мамлакатда қор ёғмайди, бироқ ҳаво совуйди:

- Тошкентда кечаси -9-12, кундузи 6-8 даража совуқ бўлади. Мамлакатнинг ғарбида жойлашган Қорқалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятларида ҳаво ҳарорати кечаси -16-21 даражагача тушади. Фарғона водийси вилоятларида эса кечаси -10-12, кундузи -6-8 даража совуқ бўлади,- дейди Гидрометеорология хизмати марказининг навбатчиси.

Марказ бош директори ўринбосари Бахтиёр Қодировнинг айтишича, бу йилги ҳаво ҳарорати сўнгги 25 йил ичида рекорд даражада паст бўлган:

- Бу йил совуқ келди. Охирги 25 йилдаги ўртача ҳаво ҳароратига таққослаб чиқсак, ноябр ҳам, декабр ҳам, январ ҳам иқлимий нормадан паст бўлди. Ҳозир феврал ҳам нормадан паст бўлиб турибди,- дейди Бахтиёр Қодиров.

Бироқ, дейди синоптик, бу совуқларнинг хосияти ҳам бор, бу йил тоғларга қор кўп тушди ва бу йилнинг серсув келишидан далолатдир:

- Ноябр ойида ёғин-сочин нормадагидан 5 баравар кўп бўлди. Ундан кейин ҳам қор кўп ёғди. Ана шу ҳисобидан бу йил сув захиралари нормадагидан 1,5-2 баравар кўп бўлди. Тоғларда қор захиралари яхши йиғиляпти. Худо хоҳласа, бу йил деҳқонларимиз сувга сероб бўлади,- дейди Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази бош директори ўринбосари Бахтиёр Қодиров.

Ўзбекистоннинг ғарбий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида совуқ кунларда фавқулодда ҳодисаларга тайёр бўлиб туриш учун ҳокимиятлар қошида махсус штаблар тузилмоқда. Шундай штаблардан бири Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида ҳам тузилгани ҳақида туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими айтиб берди:

- 29 январдан бошлаб бизда махсус навбатчилик ташкил қилинди. Газ идорасидан, электр тармоқларидан, сув идорасидан вакиллар кечаю-кундуз навбатчилик қилади. Мақсад, совуқ таъсирида бирор бир фавқулодда воқеа содир бўлса, уни тез ва самарали бартараф этишдир,- дейди Қўнғирот тумани ҳокимлиги мулозими.

Хоразм вилоятининг Питнак туманида ҳам шундай штаб ташкил қилинган. Бироқ шу туманда истиқомат қилувчи Аминбой аканинг айтишича, бундай штаблардан умуман бир самара йўқ:

- Бундай штабларнинг ҳеч қандай ёрдами тегмайди. Штабда навбатчилик қиладиганларнинг ўзларининг уйида газ билан светнинг ўзи йўғу. Қани бу ерда мантиқ? Худонинг ўзи асрасин. Халқ бу совуқларда ўз кунини ўзи кўриб ётибди, булардан бир чақачалик фойда йўқ,- дейди питнаклик Аминбой ака.
XS
SM
MD
LG