Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:54

Қаттиқ совуқ юк ташилишига монеъ бўлмоқда


Устюрт минтақаси йилнинг бу фаслида қалин қор билан қопланади.
Устюрт минтақаси йилнинг бу фаслида қалин қор билан қопланади.

Россия, Беларус, Қозоғистон ва Ўзбекистонга қарашли 200 дан зиёд юк машинаси йўлларда қор қалинлиги туфайли Қорақалпоғистон ҳудудида туриб қолди.

Бу ҳақда РИА Новости Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Владимир Сосковец сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Беларус дипломати ҳозирги пайтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўлларни қордан тозалаш бўйича чора кўраётгани, ҳайдовчиларни ёнилғи ва иссиқ овқат билан таъминлаётганини айтди.

Сосковецга кўра, автоуловларнинг аксарияти Қорақалпоғистон ҳудудидаги ўзбек-қозоқ чегарасида – Довудота чегара-ўтказиш пунктида турибди. У ҳайдовчиларга об-ҳаво шароити ўнглангунича аҳоли пунктларида қолиш тавсия этилганини қўшимча қилди.

Довудота чегара-ўтказиш пунктидан Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига Устюрт даштлари бўйлаб ўтилади.

- Бу юз эмас, икки юз эмас, мингдан кўпроқ километрлик, ҳарорат -35 даражагача тушадиган кимсасиз қорли сайҳонликдир, - деди Владимир Сосковец.

Кейинги кунларда, ер юзининг бутун шимолий ярим шарида кузатилаётганидек, Ўзбекистонда ҳам ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди, ёғингарчилик кўп бўлди. Қалин ёққан қор ортидан Ўзбекистоннинг айрим жойларида ҳарорат -25 даражагача пасайиб кетди.

Ўзбекистонлик синоптиклар бу йилги ҳаво ҳарорати сўнгги 25 йил ичида рекорд даражада паст бўлганини айтмоқдалар.

- Бу йил совуқ келди. Охирги 25 йилдаги ўртача ҳаво ҳароратига таққослаб чиқсак, ноябр ҳам, декабр ҳам, январ ҳам иқлимий нормадан паст бўлди. Ҳозир феврал ҳам нормадан паст бўлиб турибди, - деганди 3 феврал куни Озодликка интервю берган Ўзбекистон Гидрометеорология маркази бош директор муовини Бахтиёр Қодиров.

Айни пайтда, жаноб Қодировга кўра, бу йил ҳаво совуб, ёғингарчилик кўп бўлишининг ҳам хайрияти бор.

- Ноябр ойида ёғин-сочин нормадагидан 5 баравар кўп бўлди. Ундан кейин ҳам қор кўп ёғди. Ана шу ҳисобидан бу йил сув заҳиралари нормадагидан 1,5-2 баравар кўп бўлди. Тоғларда қор захиралари яхши йиғиляпти. Худо хоҳласа, бу йил деҳқонларимиз сувга сероб бўлади,- деди Бахтиёр Қодиров.

Ўзбекистондаги совуқ ҳарорат жорий ҳафтанинг иккинчи ярмида чекиниши кутилмоқда.

Бугун эрталаб пойтахт Тошкентда, маълумотларга кўра, -13 даража совуқ бўлган. Бу ҳарорат, мутахассислар фикрича, эртага ҳам, индинга ҳам сақланиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG