Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Олмалиқда коллеж директори ҳибсга олинди


Олмалиқ шаҳар Политехника коллежи директори Даврон Холиёров пора олди-бердисига алоқадорликда айбланиб қўлга олинди.

Воқеадан хабардор Озодлик манбасига кўра, 45 яшар Даврон Холиёров 17 феврал куни Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг Солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бошқармаси томонидан қўлга олинган.

Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг навбатчи ходими Холиёровнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бироқ воқеа тафсилотларини очиқламади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз Холиёровнинг қариндошларидан бирига кўра, коллеж директори пора олишга алоқадорликда айбланиб ушланган.

Холиёровнинг қариндошига кўра, ўтган ойда Олмалиқ шаҳар Политехника коллежининг директор ўринбосари ва коллежнинг маркетинг бўлими раҳбари ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан айбланиб, ушланган. Кейин уларнинг кўрсатмаларига асосан Даврон Холиёров ҳибсга олинган.

“Даврон Холиёровнинг айби йўқ, Департамент терговчилари замдиректор ва маркетинг бўлими раҳбаридан қийноқ асосида унга қарши кўрсатма олган” дейди Холиёровнинг қариндоши.

Кейинги ойларда Ўзбекистонда порахўрлик айби билан қатор таълим соҳаси вакиллари қўлга олиниб, маҳкамага тортилиш ҳолатлари кузатилди.

7 феврал куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди пойтахтнинг Ҳамза туманидаги 206-мактаб директори 42 ёшли Хосият Муқимовани 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

24 январ куни ўзини осиб ўлдирган Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 25 мактаб директори, 50 ёшли Ҳамдам Пардаевнинг ўз жонига қасд қилишига мактабдаги молиявий муаммолар юзасидан бошланган тафтиш сабаб бўлгани айтилди.

Ўтган йилнинг декабрида ҳам Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 26-сонли “Меҳрибонлик уйи” директори Соҳибахон Ҳамроқуловани сохта ҳужжатлар орқали 16 миллион сўмни ўзлаштирганликда айбдор деб топди.
XS
SM
MD
LG