Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

Толибон Қуръон ёқилгани учун ўч олмоқда


Афғон полицияси беш кун мобайнида норозилик намойишларини тарқатди.
Афғон полицияси беш кун мобайнида норозилик намойишларини тарқатди.

Афғонистон полицияси АҚШнинг икки зобитини отиб ўлдирганликда гумон қилинаётган разведка хизмати ходимини қидирмоқда.

НАТО кучлари сафида хизмат қилган икки америкалик маслаҳатчи 25 феврал куни Кобулдаги Афғонистон Ички ишлар вазирлиги биносида отиб ўлдирилган эди.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистондаги Халқаро кучлар матбуот котиби генерал Карстен Якобсон НАТО маслаҳатчилари Афғонистон Ички ишлар вазирлигида отиб ўлдирилганини тасдиқлади.

- Биз Кобул шаҳрида бир шахс қурол чиқариб Халқаро кучлар аъзосини отиб ўлдиргани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаймиз. Биз Халқаро кучлар аъзолари нобуд бўлганини тасдиқлаймиз. Ҳозирча воқеа тафсисоти ҳақида маълумот беришга вақт эрта деб ҳисоблаймиз, - деди генерал Карстен Якобсон.

Исми ошкор этилмаган Афғонистон расмийсига асосланиб BBC ва Франс пресс ахборот агентлигининг хабар қилишича, қотиллик содир этилганидан кейин ғойиб бўлган Ички ишлар вазирлигининг разведка департаменти зобити, 25 яшар Абдул Сабур асосий гумондор сифатида қидирувга берилган.

Шанба кунги воқеадан сўнг НАТО Афғонистон ҳукумати идораларидаги ўзининг ҳамма маслаҳатчилари чақиртириб олинишини билдирган.

Ички ишлар вазирлигидаги қотиллик учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олди.

Толибон НАТО базасида Муқаддас Қуръон китоби насхалари ёқилгани учун ўч олиш мақсадида шундай қилинганини билдирди.


Афғонистондаги Бағром базасидаги АҚШ ҳарбийлари 20 феврал куни Қуръон нусхаларини ахлат ëқиладиган қутига ташлагани ва ёқиб юборган эди. Вашингтон бу воқеа юзасидан ҳозирда махсус текширув жараëни бораётганини билдирган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай маъмуриятининг билдиришича¸ АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги НАТО ҳарбий базаси ҳудудида Қуръон нусхалари ëқилгани учун Кобулга расман узр сўралган мактуб йўллаган.

Бағром ҳарбий базасида Қуръон китоби нусхалари ëқилганига норозилик тариқасида 21 февралдан бери бери давом этаётган намойишларда шу кунга қадар камида 24 одам нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG