Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:53

Довудхон Обидхон ўғли: Хабарларда асос йўқ


"Islomovozi.com" сайтида берилган баёнот.
"Islomovozi.com" сайтида берилган баёнот.

Суиқасдга учраган Обидхон қори Назаровнинг ҳозирча матбуотга сўзламаётган ўғли имомнинг аҳволи оғир, аммо барқарор қолаётганини ёзди.

26 феврал куни "Islomovozi.com" сайтида Швецияда суиқасдга учраган таниқли ўзбек уламоси Обид қори Назаровнинг сўнгги кунлардаги аҳволи ҳақида яна бир расмий баёнот чоп этилди.

Обид қорининг ўғли Довудхон Обидхон ўғли номидан тарқатилган ушбу баёнот мазмунига кўра, 22 феврал куни Швециянинг Остершунд шаҳридаги уйи подездида номаълум шахс томонидан отиб кетилган уламонинг аҳволи ҳануз оғир, аммо барқарорлигича қолмоқда.

"Отамиз Обидхон Собитхон ўғиллари ўзларига қарши уюштирилган суиқасд натижасида олган жиддий жароҳатлари туфайли ҳозирда шифохонада даволаняптилар. Шифокорлар уларнинг аҳволларини оғир бўлса-да, барқарор дея баҳолашяпти" деб ёзади, жумладан, Довудхон.

"Islomovozi.com" сайти Обид қори Назаровга тегишлидир ва ушбу сайт воқеа содир бўлганидан буён уламонинг мухлисларини умумий аҳволдан қисман хабардор қилиб келмоқда.

Тўлиқ тафсилотлар эса оммадан сир сақланмоқда.

Буни изоҳлаган Довудхон ўз баёнотида: "Содир этилган жиноят устида олиб борилаётган тергов-текширув жараёнига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги сабабли мазкур воқеа тафсилотларини ҳозирча оммага билдира олмаймиз", деб ёзган.

Шунингдек, Довудхон ўз отаси Обид қорига қарши суиқасд ҳақида қатор ахборот воситаларида берилган айрим хабарларни "асоссиз", деб баҳолар экан, айнан қайси хабарлар ҳақида гап бораётганини ҳам билдирмаган.

22 феврал куни кундузги соат 12 яримлар атрофида пешин намозига отланаётган кезда ўз подездида суиқасдга учраган Обид қори Назаровга нисбатан жиноятга оид маълумотлар эса мутлақо сир сақланмоқда.

Уламога яқин манбалардан олинган маълумотларга кўра, у киши подездда ёлғиз бўлган вақтида унга ҳужум қилинган ва воқеага гувоҳлар йўқ.

Аммо, одатан, бундай жиноятлар содир этилган кезда жамоатчиликка бериладиган айрим муҳим маълумотлар, жумладан, уламога нечта ўқ узилгани ва уламо қандай жароҳатлар олгани ҳақидаги дастлабки маълумотлар ҳам жамоатчиликдан сир сақланмоқда.

Полиция ошкор қилган ягона расмий хабар — уламонинг бошдан жароҳат олгани ва воқеа жойидан қурол топилгани ҳақидаги икки оғиз жумладир.

Аммо, норасмий манбалардан олинган бошқа хабарларга кўра, Обид қорига камида иккита ўқ узилган. Улардан бири имомнинг бошига, яна бир эса кўкрак қисмига теккан.

Эҳтимол, Довудхон Обидхон ўғли шу мазмундаги хабарларни "асоссиз", деётгандир. Бироқ, буни унинг ўзидан аниқлаштиришнинг ҳануз имкони йўқ.

Довудхон ва Обид қори Назаровнинг бошқа яқинлари воқеа содир бўлган 22 февралдан буён жамоатчилик билан ҳар қандай мулоқотдан чекланмоқда.

- Полиция терговга ҳалақит қилмаслик учун оммага маълумот бермасликни улардан сўраган. Биз ҳам фақат ўзимизнинг айрим биродарлардан чекланган маълумотни олиб турибмиз. Шунга қараганда, у киши комада ётибди, ўзларига келмаганлар, - дейди Швециядаги яна бир таниқли имом Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Швециядан олинган хабарга кўра, мамлакат хавфсизлик хизмати Обид қори Назаровга қилинган суиқасд юзасидан тергов бошлаган.

Östersunds-Posten газетаси мухбири Филип Густавсонга кўра, швед махсус хизматининг мазкур суиқасд билан қизиқаётгани ўзбек имомига қилинган суиқасдни оддий жиноят сирасидан эмаслигини кўрсатади.

Ҳанузгача дастлабки терговга оид бирор версияни очиқламаган швед полицияси ушбу жиноятни фош қилиш учун АҚШ махсус хизматлари ва Интерпол билан ҳамкорлик қилаётгани айтилмоқда.

- Мен Остершунднинг газетаси расмий вебсайтида ўқиб қолдим. Полиция тергов маълумотларини ФБР ва Интерполга ҳам бераётгани ҳақида газетага маълум қилган. Бу газетанинг шанба кунги сонида берилди, - дейди Муҳаммдсолиҳ Обутов.

2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган 54 ёшли таниқли ўзбек уламоси, Тошкентдаги "Тўхтабойвачча" масжиди имоми Обид қори Назаровга қарши суиқасд 22 феврал куни Швециянинг Остершунд шаҳридаги Стромсунд шаҳарчасида, унинг ўз уйи подъездида уюштирилган эди.

Мустақил манбаларга кўра, бу манзил ҳануз швед полицияси ва махсус хизматлари томонидан назорат қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG