Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Кўлобда савдогарлар митингга чиқди


26 феврал куни 300 дан ортиқ тижоратчи Тожикистоннинг Кўлоб шаҳар ҳукумати биноси олдида намойиш ўтказди.

Бунга шаҳардаги техника сотадиган “Лола” бозори маъмурияти дўкондорлар учун ижара ҳаққини кескин ошириб юборгани сабаб бўлди.

- Савдо йўқ, даромад йўқ, қулоғимизгача қарзга ботдик. Бу ёғи турли хил солиқ, бу ёғи ижара пулини кўтаришаяпти, - дея норозилик билдирган кўлоблик тижоратчилар шаҳар расмийларидан бу муаммони тезроқ ҳал қилиб беришни талаб қилди.

Маълум бўлишича, мазкур бозор маъмурияти йилда бир марта дўкон эгалари билан шартнома имзолайди. Ана шу ҳужжат асосида ҳар бир савдогар ойига 160 сомоний ёки тахминан 33 АҚШ доллари миқдорида ижара ҳаққи тўлайди. Энди эса, янги шартномага мувофиқ, ижара пули 20 сомонийга (4 АҚШ долларидан сал кўпроқ – таҳр.) оширилди.

- Биргина бу эмас, - дейди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган савдогар йигит, - мелисаси келади “1 сомоний бер” деб, бозоркоми келади, қўриқчиси келади, яъни норасмий солиқлар ҳам бор бунга қўшимча.

Суҳбатдош бозор ичкарисидаги дўконлар савдогарларнинг пули эвазига қурилганини ҳам қистириб ўтди.

Хуллас, расмий ва норасмий солиқлар ҳамда ижара пулининг оширилиши, Кўлоб минтақасидаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги 300 дан ортиқ савдогарнинг норозилик намойишига чиқишига сабаб бўлган.

Норозилар ҳузурига чиққан шаҳар ҳукумати раисининг биринчи муовини Рустам Неъматов уларни “пашшадан фил ясамаслик”ка чақирди.

- Бир ойда йигирма сомоний нима деган гап? Бу унчалик катта пул эмас-ку. Ижара пулини тўланг, бозор маъмурияти билан келишиб, фаолиятингизни давом эттираверинг, - деди шаҳар ҳукумати расмийси Неъматов.

“Лола” бозорининг раиси Нурали Ҳасанов ижара ҳаққининг оширилишини бозор учун солиқ тўловининг оширилгани билан изоҳлади.

- Ким хоҳласа шу, хоҳламаганларга жавоб, - деди бозор раиси Нурали Ҳасанов норозиларга қарата.

Шу тариқа намойишчиларнинг талаби қондирилмади ва куннинг иккинчи қисмида ҳамма тарқалди.

Кўлоб минтақасидаги аҳолининг катта қисмини қашшоқ оилалар ташкил қилади. Бу ҳудуд аҳолисининг кўпчилиги асосан тижорат ҳисобидан кун кечиради.

Мустақил таҳлилчи Амният Ҳабибовнинг айтишича, сўнгги йилларда Тожикистоннинг “Солиқ кодекси”га тез-тез ўзгартиришлар киритилиши, хусусан, республика жанубидаги тадбиркорларга анча муаммолар яратмоқда.

- Тожикистонда 21 хил солиқ бор. Бу эса фуқароларимиз учун тадбиркорликнинг у ёки бу тури билан шуғулланишга тўсиқ бўлмоқда. Улар даромадга нисбатан солиқни кўпроқ тўлайди. Ундан ташқари, бозорларда норасмий солиқ ҳам олинади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама поймол қилинган. Шуни назарга олган ҳолда, бугун ёки эрта халқнинг сабри тугашига ишончим комил, - деди мустақил таҳлилчи Ҳабибов.

Якшанба куни Кўлоб шаҳрида бўлиб ўтган намойиш тожик жамиятида катта баҳсларга сабаб бўлди. Хусусан, Озодлик радиосининг тожик хизмати сайтида баҳсга киришган форумчиларларнинг кўпи “адолат учун оёққа қалқиш вақти етган”ини таъкидлаган. Айрим шарҳловчилар: “агар халққа муносабат шу бўлса, Тожикистонда яна бир марта барқарорлик издан чиқиши мумкинлиги”дан огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG