Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:39

Францияда арманилар қирғинига оид қонун рад этилди


Париждаги Франция Конституциявий кенгаши биноси
Париждаги Франция Конституциявий кенгаши биноси
Франция Конституциявий кенгаши вакилларига кўра, мазкур қонун фикр ва ифода эркинлиги тамойилларига зиддир.

Франция парламенти ўтган ой қабул қилган қонун лойиҳасига биноан, арманилар қатлиомини омма олдида рад қилганларга бир йилгача қамоқ жазоси ёки 45 минг еврогача жарима белгилаш кўзда тутилган эди.

Арманистон ва армани жамоалари бу қонунни хуш қаршилаган бўлса, Туркия бу воқеадан сўнг ўз элчисини зудлик билан Франциядан чақиртириб олган ва Франция билан ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишини билдирган эди.

Франция Конституциявий кенгашининг бугунги қарорини эса расмий Анқара олқишлади.

- Франция Конституциявий кенгаши мамлакат Конституцияси, қолаверса, инсон ҳуқуқлари ва Европа тамойилларига уйғун қарорни берди. Биз буни олқишлаймиз, - деди Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли.

Туркия бош дипломати Франция билан ҳамкорликни тиклаш масаласи парламентда кўриб чиқилишини ҳам таъкидлади.

Арманиларга кўра, 1915 йилда Усмонийлар Туркиясида бир ярим миллионга яқин армани қатл қилинган.

Анқара нуқтаи назарича эса, қарийб 100 йил олдин тахминан 300 мингга яқин армани ҳалок бўлган.

Шунингдек, Усмонийлар империясига қарши арманилар қўзғолон кўтарганидан сўнг Шарқий Анталияга рус армиясининг бостириб кириши натижасида кўплаб турклар ҳам ҳалок бўлишган.

Жаҳондаги 20 га яқин давлат, жумладан, Франция ҳам 1915 йилги ҳодисаларни арманилар қатлиоми, деб расман тан олган.

Арманилар қирғин қилинганлигини рад қилишни жиноят даражасига кўтарувчи қонуннинг парламент муҳокамасига қўйилиши президент Николя Саркозининг сайловолди кампанияси сифатида кўрилади.

Францияда ярим миллионга яқин армани яшайди. Уларнинг бўлажак президентлик сайловларида берадиган овози муҳим ўрин тутиши мумкин, демоқда кузатувчилар.

Франция президенти Николя Саркози айни пайтда арманилар қатлиомини инкор этувчиларни жавобгарликка тортиш кўзда тутилган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга киришган.
XS
SM
MD
LG