Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:20

Бош прокуратура: "Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайди"


Ўзбекистонлик мардикорларнинг Россияда қулликка тушиб қолиши ҳолати тез-тез учраб туради.
Ўзбекистонлик мардикорларнинг Россияда қулликка тушиб қолиши ҳолати тез-тез учраб туради.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2011 йилда хориж мамлакатлари расмий идораларига республикада одам савдосида айбланаётган шахсларни экстрадиция қилиш юзасидан 80 та сўровнома юборганини маълум қилди. Бош прокуратура мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ қонунбузарликлар сони камайганини айтмоқда.

Статистика маълумотларига кўра...

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган рақамлар мамлакатда қуллик ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони кескин камайганини кўрсатади.

Бу ҳақда хабар қилган Регнум агентлиги Бош прокуратура вакилининг “Одам савдосига қарши олиб борилган комплекс чора-тадбирлар ижобий натижа бермоқда. 2008 ва 2009 йилларга нисбатан бу каби қонунбузарликлар ўтган йили 60 фоизга камайгани кузатилди”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Шунингдек, бош прокуратура ходимининг таъкидлашича, "одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш ва ҳимоялаш республика реабилитация марказида 2009 йилдан буён 600 киши реабилитация қилинган".

Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олиб, 2008 йилда одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилган.

Бунинг ортидан 2008 йил 17 апрелда парламент томонидан "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун, 2008 йилнинг 8 июлида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг махсус қарори билан 2008-2010 йилларга мўлжалланган Одам савдосига қарши курашиш бўйича Миллий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

“Кимга мурожаат қилишимизни билмаймиз”

Бироқ, Россиянинг турли ўлкаларида меҳнат муҳожирларининг қулликда, ҳақ тўланмасдан ишлатилиши ҳоллари тез-тез учраб туради.

Озодлик Краснодар шаҳридаги пластик заводларидан бирида 130 га яқин меҳнат муҳожири қулликда ушлаб турилгани, 40 нафарига яқини ўзбекистонлик экани ва улар мунтазам калтакланаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Корхонадаги ҳозирги вазиятни ўрганиш мақсадида исмини ошкор этишни истамаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири билан телефон орқали яна боғландик.

Бу йигит Озодлик эфиридаги чиқишидан кейин улар устидан назорат кучайтирилганини айтади.

- Ҳозир бизларни тинимсиз пойлаб юрибди: нима қўйяпмиз, нима қиляпмиз... Кеча Бегалини ҳам ёмон калтаклади улар. Уни олиб кириб, бақириб, сўкиниб “Уйингга ўлигингни жўнатаман”, деб ётибди. У ҳам қочиб кетаман, деб ётибди, дейди ўзбек муҳожири.

Озодлик Краснодардаги муҳожирларни бошқараётган Зарифхон исмли бригадир улардан 26 минг руб миқдорида “штраф” талаб қилаётгани, акс ҳолда улар “қарзини” узмагунича ишлашини айтаётганини хабар қилган эди.

- “Нимага у ерга телефон қиласан? Улар ким бўлибди? Менга бирор нарса дея олмайсан”, деяпти. У Ўзбекистонда радиода эшитибди. Ўшандан билган экан. Телефон қилганингиздан кейин бир-икки кун индамай юрди. Кейин бошлади-да. “Ўша штрафни берасан кетасан, бўлмаса ҳеч қаерга кетмайсан”, деяпти,- дейди ярим йилдан буён қулликда ушлаб турилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлардан бири.

Касалликни эмас, унинг илдизини даволаш керак...

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Бош прокуратураси келтираётган рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва меҳнат муҳожирлари сони ошиб бораётган мамлакатда миграция сиёсати ишлаб чиқилиши зарурлиги ҳақида гапиради.

- Одам савдоси муаммолари, илдизлари мамлакатдаги камбағалчилик ва қашшоқликдан иборат. Менимча Ўзбекистонда одам савдоси кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати томонидан одам савдосига қарши кураш бўйича жуда катта кампания олиб бориляпти, лекин ҳатто адолатсиз ҳукмлар, қарорларнинг кўпайтираяпти. Исталган одам тутиб кетилиб бевосита жавобгарликка тортиляпти. Лекин бу касалликнинг ўзи билан курашиш, яъни унинг илдизлари билан курашиш бўйича Ўзбекистонда шу пайтгача механизмлар ишлаб чиқилганича йўқ. Одам савдоси қўрбони бўлиши мумкин бўлган аҳоли қатлами,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Мустақил журналистнинг фикрича, одам савдоси ва қулликни олдини олишда биринчи навбатда давлат идоралари, Ўзбекистон ҳукумати даражасида халқаро келишувлар имзоланиши зарур.

- Яъни, Ўзбекистон ҳукумати биринчи навбатда ўша мигрантларнинг ҳолатини легаллаштириш, уларнинг қонуний йўллар билан чиқиб кетишини таъминлаш ва бу борада Қозоғистон, Россия ҳукуматлари билан биргаликда давлатлараро келишувлар, шартномаларни қилиб, мардикорларнинг ҳуқуқларини расмий йўлга қўйиш лозим.

Ундан ташқари, у ердаги мигрантларнинг ҳуқуқларини аввалдан таъминлаш механизмларини йўлга қўйиш керак. Масалан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида бир қанча ҳукуматлараро шартномалар имзоланди, лекин бу шартномаларнинг ўз аксини амалда кўраётганимиз йўқ. Қозоғистон билан ҳам ўзаро шартнома йўқ.

Умуман, одам савдоси қурбонлари асосан мигрантлар экан, биринчи навбатда улар бўйича қандайдир сиёсат ишлаб чиқилиши керак. Ўзбекистон ўзидаги қашшоқлик, ижтимоий камбағалликни тан олишдан қочиб келади. Ваҳоланки, шу даражада ёлғон статистика бериб ўзини яхши қилиб намоён қилиш тенданциясидан кетадиган бўлса, одам савдоси илдизлари, менимча камаймайди,- дейди тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, 2010 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан 2325 киши жабр кўрган. Жумладан, жабрланганларнинг 1826 таси эркак, 499 таси аёл эканлиги айтилади.

Жиноятнинг бу турига шахсларга таҳдид қилиш, жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш, номусга тегиш, ҳужжатларни тортиб олиш орқали амалга ошириладиган жиноятлар киради. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддасига биноан мажбурий меҳнат ва фоҳишаликка тортган шахсларга 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG