Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:14

Сирдарёга "яхши" прокурор тайинланди


Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосарлигидан Сирдарё вилоят прокурори лавозимига ўтказилган Яхшибой Очилов ҳақида ҳозирча шундай дейилмоқда.

Сирдарёдаги манбалардан олинган хабарга кўра, куни кеча ўз хизмат вазифасини бажаришга киришган янги ва "яхши" прокурор бир неча йиллар давомида Қашқадарё вилояти прокурори ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Яхшибой Очиловдир.

Қашқадарёликлар бу кишини, одатан, прокурорлар ҳақида айтилмайдиган “ғамхўр, одамшаванда”, деб сифатлаётгани боис унинг Сирдарёда ҳам шундай ном қолдиришига умид билдирилмоқда.

Хабарларга кўра, Сирдарёда вилоят прокурори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Баҳодир Абдувалиев ҳам, одатдагидан фарқли тарзда, ишдан олинмаган. У вилоят прокуратурасидаги ўртамиёна лавозимлардан бирига ўтказилган.

3 кун муқаддам иш бошлаган прокурорнинг шахсига оид маълумотлар билан танишган сирдарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Исроил Ризаев ҳозирча умидлари катта эканини айтди.

- Суриштирувларимизга қараганда анча яхши кадр экан. Қашқадарёни анча тартибга солган экан. Ўзини ҳам одамшаванда, дейишди. Умид қиламиз энди, биздаги системага тушиб, коррупцияга аралашиб кетмасдан, яхши ишлайди, деб,- дейди Исроил Ризаев.

Унга кўра, бир неча йиллардан буён вилоят прокурори лавозими бўш бўлган ва ҳозир ишдан олинган Баҳодир Абдувалиев вилоят прокурори вазифасини бажариб келган.

- Сирдарё специфик бир вилоятда. Биринчидан, аҳолининг этник таркиби жуда хилма-хил, шунга кўра, жиноятчилик ҳам. Иккинчидан, икки қўшни республика - Тожикистон ва Қозоғистон билан чегарадош. Бу ҳудудларда контрабанда жуда кучайган. Уюшган жиноятчилик кучайган. Шунинг учун бизнинг вилоятда прокурор бўлиш қийин, - дейди Исроил Ризаев.

Унга кўра, ишдан олинган Баҳодир Абдувалиев анча-мунча яхши ишларни ҳам қилиш билан бирга айрим жиддий хатоларга йўл қўйган.

Ҳуқуқ фаоли хатолар, дея конкрет мисолларни келтирар экан, 2010-2011 йилларда вилоятда шов-шув бўлган иккита суд ишини тилга олди.

Булардан бири "Биродарлар" номи остида қамалган ёш диндорлар гуруҳига оид ишдир.

2010 йилнинг баҳорида аввалига "Жиҳодчилар", кейинчалик “Биродарлар” номи остидаги диний гуруҳга алоқадорликда айбланиб, ёши 25-35да бўлган 70 га яқин намозхон ҳибсга олинган ва уларнинг кўпчилиги озодликдан маҳрум қилинган эди.

- Шу гуруҳ устидан суд ишларини кузатдик ва маълум бўлдики, ҳақиқатда ҳам бу болалар намозлардан кейин группа-группа бўлиб ўтиришган. Ўзаро баҳслашишган. Лекин, қўйилган айбловлардаги каби давлатни, конституцион тузумни ағдариш ҳақида гаплашишмаган. Бундан ташқари, улардан ашёвий далил сифатида олинган адабиётлар ҳам шу ўзимизда сотилаётган адабиётлар экани судда айтилган. Лекин улар қамаб юборилди, - дейди Исроил Ризаев буни вилоят прокуратурасининг камчилигига йўяр экан.

Бундан ташқари, у вилоят тарихида илк бор "қўпорувчилар гуруҳи" аматаси билан қамалган 10 га яқин ёш йигит устидан кўрилган жиноий ишни ҳам тилга олди.

- Ҳозиргача суд инстанциялари орасида юриб, шу болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу ёшлар устидан кўрилган ишни ҳам прокуратуранинг хатоси, дейиш мумкин,- дейди Исроил Ризаев.

Унга кўра, ҳозир прокуратура ва суд тизими ўртасида кўп учраётган асосий муаммо ҳар икки институтнинг ўз кафолатларини тўлиқ бажармаётганидир.

- Прокуратура ишни кўриб чиқиб, тергов хулосасини беради. Кейин эса суд ўз ваколатларидан фойдаланиб, ишни қайта текшириб ўтирмайди ва тасдиқлаб қўя қолади. Ундан кейинги инстанциялар ҳам қуйи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдира қолади. Бундай тизимни бекор қилиш керак, - дейди кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келаётган Исроил Ризаев.

Озодлик ўз манбаларидан олган хабарларга кўра, Сирдарё вилоятига тайинланган янги прокурор 53 ёшли Яхшибой Очилов кўп йиллардан буён прокуратурада ишлаган, айни соҳада етишган кадрлардан биридир.

Унинг Қашқадарё вилояти прокуратурасидаги 19 йиллик фаолияти давомида "Адлия катта маслаҳатчиси" унвонини олгани ҳам айтилди.

Шунингдек мустақил манбалардан олинган хабарларга кўра, унинг укаси Анвар Очилов бир неча йилдан буён Қашқадарё вилоятининг Фуқаролик ишлари бўйича судида судя лавозимида ишлаб келмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG