Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:22

Карзай: Афғонистон-АҚШ стратегик ҳамкорлик ҳақида сўзлашув олиб бормоқда


Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай АҚШ билан узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишув хусусида олиб борилаётган музокараларда муваффақиятга эришилганини айтди.

Афғонистон ва АҚШ ўртасида олиб борилаётган сўзлашувлардан мақсад АҚШ қўшинлари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин бу мамлакатда Американинг бир неча минг ҳарбийси қолишига қонуний асос яратиш ҳамда Афғонистон ҳукуматига ёрдам кўрсатиши яна 10 йил давом этишини таъминлашдан иборат.

Хабарларга кўра, АҚШ назоратидаги қамоқхоналарда сақланаётган маҳбусларни Афғонистон ҳукумати ихтиёрига топшириш ва жанггариликда гумон қилинган шахсларни қўлга олиш учун АҚШ кучларининг тунда рейдлар ўтказиши борасидаги келишмовчилик музокараларга салбий таъсир этган.

Ўтган ой НАТОнинг Бағромдаги ҳарбий базасида муқаддас Қуръон китоби нусхалари ёқилганига қарши Афғонистонда норозилик намойишлари авж олганидан кейин АҚШ-Афғонистон ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистондаги НАТО ҳарбий базаси ҳудудида Қуръон нусхалари ëқилгани учун Кобулга расман узр сўралган мактуб йўллаган.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайга йўлланган мактубда мусулмонлар муқаддас китоби қасддан эмас, тасодиф туфайли ëндирилгани ва воқеа юзасидан бошланган тергов натижасида айбдорлар тегишли жазони олиши билдирилган.

Воқеадан кейин Афғонистон бўйлаб авж олган норозилик намойишларида 30 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

6 март куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Карзай Озодлик радиоси мухбири саволига жавоб берар экан АҚШ билан “музокараларда муваффақиятга эришилгани” ва уни мустаҳкамлаш учун ўз ҳукумати саъй ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

- АҚШ билан стратегик муносабатлар ўрнатишда Афғонистоннинг ўз шартлари бор. Бу шартлар Лоя Жирға томонидан белгиланган. Биз АҚШ билан ушбу масала устида иш олиб боряпмиз. Ўтган ҳафта давомида бу борада муваффақиятга эришилди. Кеча ҳам сўзлашувлар олиб бордик. Биз айрим масалаларга ойдинлик киритилишини хоҳлаймиз. Музокараларда муваффақиятга эришилди. Биз уни мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз,- деди Афғонистон президенти.

Афғонистон ҳукумати матбуот котиби Аймал Файзига кўра, президент Карзай душанба куни АҚШнинг Кобулдаги элчиси Райн Крокер ва Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондони генерал Жон Аллен билан учрашган. Музокара чоғида Бағром ҳаво базаси яқинидаги қамоқхонани олти ой ичида Афғонистон ҳукумати назоратига топшириш муҳокама қилинган.

Ҳамид Карзай Бағромдаги қамоқхона Кобул ҳукумати ихтиёрига феврал ойи бошида топширилишини талаб қилган. Кейинроқ муддатни 9 мартга қадар узайтирган эди.

АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси матбуот котиби Гавин Сундволл душанба кунги учрашув тафсилоти ҳақида маълумот бермади.
XS
SM
MD
LG