Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

Афғонистонда намойишлар давом этаяпти


АҚШ аскарининг 16 афғонистонликни ўлдиргани ортидан Афғонистонда норозилик намойишлари давом этмоқда.

13 март куни Афғонистон ҳукумати делегацияси Қандаҳорда АҚШ аскари 16 фуқарони отиб ўлдирган жойни кўришга борган пайти жанггарилар ҳужумига учради.

Ҳужум натижасида бир нафар афғон ҳарбийси ҳалок бўлган, яна икки одам жароҳатланган.

Делегация вакиллари орасида президент Ҳамид Карзайнинг икки укаси ҳамда Афғонистон Қуролли кучлари қўшма штаби бошлиғи генерал Каримий, Афғонистон Чегара ишлари вазири Асадулла Ҳолидлар бўлган.

Қандаҳор полицияси расмийси, генерал Абдул Розиққа кўра, делегация вакиллари Балнади қишлоғига борган пайти ўққа тутилган ва ҳужум натижасида бир нафар афғон ҳарбийси ҳалок бўлган, яна бир аскар ва ҳарбий прокуратура вакили жароҳатланган.

Президент Карзайнинг укаларидан бири Қаюм Карзайнинг айтишича, Қандаҳор губернатори Тўралай Веса ва мамлакат ташқи ишлар вазири Асадулла Холидга ҳужум натижасида шикаст етмаган ва улар соғ-саломат Қандаҳор шаҳрига қайтган.

Шунингдек, 13 март куни Афғонистон шарқидаги Жалолобод шаҳрида 400 нафар атрофидаги талаба 16 афғонистонликнинг АҚШ ҳарбийси томонидан ўлдирилишига қарши норозилик акцияси ўтказди.

Норози талабалар қотилликни содир этган АҚШ аскарини жамоатчилик олдида суд қилишни талаб қилиб, "Америкага ўлим!", "Бизнинг тинч фуқароларни ўлдирган аскарга ўлим!" чақириқлари билан чиқишди.

Намойиш иштирокчиларидан бири Дадуллоҳ Хон афғон халқи қайсидир давлат мустамлакасидан яшашни истамаслигини айтади.

- Биз хорижий ҳарбийлар билан стратегик ҳамкорликни истамаймиз. Афғонлар ўз ҳолича яшашни иставчи мустақил инсонлар. Биз қайсидир давлатнинг мустамлакасида яшашни истамаймиз. Шунинг учун ҳам биз Қандаҳордаги қотилликни кескин қоралаяпмиз ва жиноятга чек қўйилишини талаб қиламиз,- деди Дадуллоҳ Хон.

Якшанба куни тунда АҚШ аскари Қандаҳордаги ҳарбий базадан чиқиб, 16 нафар тинч аҳоли вакилини отиб ўлдирган эди.

Президент Карзай АҚШ аскарининг ҳужуми оқибатида ўлганлар орасида бир қанча болалар ва уч нафар аёл бўлганини маълум қилди.

АҚШ президенти Барак Обама ушбу воқеа учун масъулларнинг барчаси жазоланишини ваъда қилди.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати қотилликни содир қилган ҳарбийга оид айрим маълумотларни очиқлади.

38 ёшли америка аскари оилали бўлиб, икки боланинг отаси экани айтилмоқда.
Шунингдек, у снайпер сиффатида ҳарбий тайёргарликлардан ўтган ва яқинда Ироқда бошидан жароҳатлангани ҳам маълум қилинди.

Ушбу воқеа Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига нисбатан таранг муносабатни кучайтирди.

Америка аскарларининг қуръон нусхани ёқиши ортида Афғонистонда норозиликлар кучайган эди.

Толибон ҳаракати якшанба кунги қотиллик учун ўч олиши борасида таҳдид қилганидан сўнг, Афғонистондаги АҚШ элчихонаси барча америкаликларни эҳтимолий қасос ҳужумларидан огоҳликка чақирди.
XS
SM
MD
LG