Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Эркинлиги ҳаддан ошган ëзувчилар танқид қилинди


Ўзбекистонда бир ҳафтанинг ичида ғарб қўғирчоқларининг ëмон таъсири, тарафкаш кинолар ва уятсиз адабиëтга қарши тадбирлар бўлди.

Кечган ҳафтада Ўзбекистонда нашр қилинадиган “Маърифат гулшани” ижтимоий маърифий ҳафтаномасида Дилфуза Комилова исмли мунаққиднинг "...изм"лардан "ҳирсизм"га... Ёхуд адабиётдаги ахлоқсизликлар деган фош қилувчи мақоласи чоп қилинди.

Мақолада ўзбек ëзувчиларидан бир гуруҳи “Истиқлол ато қилган эркинликни суъистемол қилиб шармандаликни тараннум қилаëтгани” фош қилинади.

Мақоладан иқтибос:

"Ëзувчилик даъво қилаётган одам эркинликни этакни бошга ёпиб, шармандаликни "тараннум этиш" деб тушунса, эркинлик замони экан деб, ахлоқли одам ўз жуфти ҳалолининг қулоғига ҳам айтишга ийманадиган нарсалар ҳақида қоғоз қоралаб, минглаб нусха китоб ҳолида чоп эттирса, адабиётни Худо урди деяверинг!...."

Ана шундан кейин мунаққид “Худо урган” ëзувчилардан иккитаси Саломат Вафо ва Ҳабиб Темировни ўз нишонига олади.

Танқидчи назарида Ҳабиб Темиров Декамеронни чангда қолдирган ëзувчи:

“Ҳабиб Темировнинг бир неча китобларини ўқиб кўрдим. Унинг "Қора қаср асираси - 2" китобини ўқигач, хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: бу "асар" "Декамерон"ни ҳам чангида қолдириб кетибди! "Асар"да қаҳрамонларнинг ишрат саҳналари шундай берилиб, миридан-сиригача тасвирланганки, ўқиган одам "порнофильм" кўргандай бўлади. Иймонлироқ одам ўқиса, кўнгли кирланади, бунақа нарсаларга кўнгли суст кетадиган одам ўқигандан кейин чўмилиб покланмаса, бўлмайди. Асарнинг айрим қисмларида ўқигувчининг ростмана кўнгли айнийди: "Хоним тушмагур тун бўйи ухлатмагани етмагандек, эрталаб туриб: "Ичингизда ит ўлганми, нима бало, хонани бунақа саситиб юборибсиз", дея иддао ҳам қилади (28-бет)."

Ëзувчи Саломат Вафо эса танқидчи Дилфуза Комилова тарафидан “инсофсизлик”да айбланади:

“Ёзгувчи инсофни унутса... Саломат Вафонинг "Поезд" ҳикоясини мутолаа қилиш бахтсизлигига учраб қолган одам эса ростмана қайт қилиб юборади, ҳатто у қадар нозиктаъб бўлмаса ҳам.

Муаллиф эридан калтак еб жағи синган аёлнинг поездда кўрган-кечирганларини қаҳрамон тилидан ҳикоя қилган. Асли буларни матбуотда ёзишнинг ўзи ножоиз-у, лекин фикрлар исботсиз, қуруқ бўлиб қолмаслиги учун айтай: ҳикояда аёлни поезддаги ҳамроҳларининг ҳар бир жирканч қилиқлари, одобсизликлари шу қадар батафсил тасвирланганки, геморройи операция қилинган бир кишининг (ҳикояда у киши қори(!) деб тасвирланган) вагон ҳавосини қандай булғашлари-ю, бир тўда гиёҳвандларнинг (баъзиларининг "эгнида иштони ҳам йўқ" дейилган) оғзидан чиқаётган ифлос гап-сўзлар, фоҳишаларнинг бепарда суҳбатлари, поездда олиб кетилаётган, ярим чирик ўликлар тасвири-ю, ҳикоя қаҳрамони бўлмиш аёлнинг қайт қиламан деб иштонини қандай ҳўл қилиб қўйганлари тафсилотини ўқиган одам шуларни аёл киши ёзганига ишонолмайди. "Ўғри бўл, "писмадон" бўл, инсоф билан бўл", деган гап бор халқда. Номи тилга олинаётган "ёзувчи"ларимизда қобилият ва фаросат каби инсоф ҳам йўқ шекилли. Йўқ, булар ўз миллатини ҳам ҳурмат қилмайди. Эътибор беринг, ҳикоя¬да икки гиёҳванднинг ўзаро суҳбати орасида шундай гаплар бор:

"... - Намунча хасиссан, шу шиприцдан иккинчи кун урвотсан. Гигиена деган нарсани биласанми?
- Ўзбекча психология...

Икки-уч исқирт гиёҳванднинг қилиқлари билан ўлчанадиган бўлганми ўзбекча психология?! "Асар"ида бир бетайиннинг тилидан "гигиенани билмайди", дея бутун бошли халққа иддао қилаётган, хунук қилиқлардан тап тортмайдиган, меровсифат "қаҳрамон"ига қориликдек мўътабар мартабани тақаб, мазах қилаётган муаллиф ўзининг миясидаги "ахлат"ларни бир тозалаб олиб, кейин қўлига қалам олса, маъқул бўларди."

Биз танқид қилинган икки ëзувчи Ҳабиб Темиров ва Саломат Вафо билан боғланиб бу танқид ортида турган сабабларни ойдинлаштиришга уриндик.

Шунингдек Аҳмад Аъзам, Иброҳим Ҳаққулов каби таниқли мунаққидлардан ҳам фикр олдик.

Саломат Вафо биз билан суҳбатда мақолани ўқиганини айтиб, бу мақоладаги иддаоларга жавоб сифатида ўзи ëзган “Поезд” ҳикоясини ўқиб чиқишни Озодлик муштарийларига тавсия қилди. Биз муаллифнинг руҳсати билан бу ҳикояни чоп қилдик.

Саломат Вафо билан суҳбатни тўлиқ холда мана бу ерда тинглай оласиз.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:26 0:00
Бевосита линк



АҚШнинг Айова штатида ўтказилган “Бадиий ижод” халқаро дастури иштирокчиси Саломат Вафо ҳақида АҚШнинг Ўзбекистон элчихонаси сайтида мана булар ëзилади:

“С. Вафо асли – Ғарбий Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидан. У иккита роман, бир неча ҳикоялар тўплами муаллифи, ҳужжатли фильмлар ва теледастурларни суратга олишда раҳбарлик қилган, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқларидаги хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли бўлган.

“Бадиий ижод” халқаро дастурининг “Орзудаги адабиёт” семинарида у 2004 йили чоп этилган “Тилсим салтанати” романини муҳокамага қўйди. Китобда Орол денгизи бўйида яшаган жангчи аёллар – амазонкалар жамиятидаги эркак-аёл муносабатлари тасвирланади.

Китоб нашр этилиши билан муаллиф ўзбек тилида илк роман ёзган аёл ёзувчи сифатида танилди. Ўзининг айтишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси роман нашр этилишига қаршилик қилган, чунки замонавий адабиётнинг зарур унсурларидан бўлган тақиқланган мавзулар тадқиқи анъанавий ўзбек адабиётига хос бўлмаган.

“Бироқ “Шарқ” нашриёти “Тилсим салтанати”ни нашр этди ва у, айниқса, ёш ўқувчилар орасида машҳур бўлиб кетди, “Йилнинг энг яхши романи” деб тан олинди ва рус тилига ҳам таржима қилинди”, деди у.

С. Вафо ижоди, асосан, қаҳрамонларнинг ички диалоглари ва кечинмалари тавсифидан иборат.”


Оммабоп адабиëт

Танқидга нишон бўлган ëзувчилардан яна бири Ҳабиб Темиров халқаро адабий доираларда билинмаган ва айни пайтда китобхонлар орасида машхур бўлган ëзувчи сифатида кўрилади.

Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея ва АҚШдаги ўзбек муҳожирлари бу ëзувчининг романларини интернетдан сотиб олиб мутоала қилаëтгани маълум бўлди.

Китоб сотишга ихтисослашган халқаро IberLibro.Com порталида Ҳабиб Темировнинг "Қора қаср асираси" китоби 26 евродан сотилаëтганини кўрдик.

Тошкентдаги китоб магазинларидаги сотувчининг айтишича Темиров китоблари пештаҳтада туриб қолмайди.

- “Қора қаср асираси” бор. Тўрттаси 1-2-3-4. “Қўш узук”, Макр муҳаббат” ва “Дунëда энг гўзал аëл” деган китблари бор эди. Ҳозир сотувда йўқ.

Озодлик: Нимага йўқ?

- Одамлар сотиб олиб кетишди.

Озодлик: Сотувга яна қачон келади бу китоблар?

- “Қўш узук” бизда бор ҳозир.

Озодлик: Одамлар Ҳабиб Темиров китобларини яхши олаяптими?

- Ҳа, яхши олишади. Кичкина-кичкина қиссаларда улар. Жуда яхши китоблари.

Озодлик: Нархлари неча пулдан?

- Нархлари арзон. 3000-3500 сўм.

Озодлик: Ўзингиз ҳам ўқидингизми бу китобларни?

- Албатта ўқидим. “Қўш узук”, “Дунëда энг гўзал аëл”ни ўқидим. Жуда чиройли. Менга ëқади уларнинг китоби.

Озодлик: Уятсиз китоб деб танқид қилиб чиқишибди.

- Ҳеч ҳам уят жойи йўқку. Яхшиликка, тозаликка чорлайдиган китоб. “Қора қаср”ни ўқимадим тўғриси. “Қўш узук” жуда чиройли берилган. Ҳаëтга жуда яқинмасу, энди яхшиликка йўллайдиган китоб, дейди суҳбатдош.

1954 йили Самарқанднинг Қўшработ қишлоғида туғилган ëзувчи Ҳабиб Темиров Озодлик билан суҳбатда бу танқидга ўз муносабатини ифода қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:00 0:00
Бевосита линк

Юксак ва хашаки адабиëт ҳақида

Мунаққид Иброҳим Ҳаққулов кимларнингдир назарида саëз бўлган ëзувчиларни тақиқлаб қўйиш маъқул иш эмаслигини айтади:

- Одамлар ўқиëтган бўлса бу китобларни уларнинг қўлидан тортиб ола олмаймизку. Бу энди китобхон савияси билан боғлиқ холат. Аммо сен ëмон китоб ўқияпсан деб китобхонни ëки сен нега ëмон китоб ëздинг дея ëзувчини ур калтак қилиш керака эмас.

Иброҳим Ҳаққулов билан суҳбатни тўла ҳолда мана бу ерда тинглаш мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк


Таниқли ўзбек мунаққиди Аҳмад Аъзам Озодлик билан суҳбатда адабиëтга муносабат ҳақида гапириб кейинги 20 йил ичида бўш қолган ҳудуднинг мана шунақа “адабиëт” билан тўлдирилганидан афсусланиш билдирди.

Аҳмад Аъзам билан суҳбатни тўла ҳолда мана бу ерда тинглаш мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00
Бевосита линк


Чўлпон орзу қилган адабиëт

Адабиëт яшаса Миллат яшар. Абдулҳамид Чўлпоннинг бу мисралари Ўзбекистон ëзувчилар уюшмасининг интернет нашрига шиор қилинган. Бу шиорни ўқиб кошки деган истак туғилади қалбимизда.

Абдулҳамид Чўлпон "Садои Туркистон" газетасининг 1914 йил 15-сонида босилган "Адабиёт надур?" мақоласида "Бас, масала бу тариқ экондур, ҳаётимизнинг бетўхтов ҳаракат қилиб турмоғи учун сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, кундалик маишатимиз йўлида руҳимиз ва вужудимизни заҳматкаш фалакнинг қора кирлари, аччиқ қурумларидан ювиб турмоқ учун адабиёт шу қадар зарурдир", деб ёзади.

Аммо Чўлпон орзу қилган адабиëт надур?

Бу савол жавобини Озодлик муштарийларидан кутамиз.
XS
SM
MD
LG