Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Халқаро хабарлар

Афғонистонда 12 турк ҳарбийси нобуд бўлди

Туркия ҳарбийларининг билдиришича¸ Афғонистон пойтахти Кобулда рўй берган вертолëт ҳалокати оқибатида 12 турк аскари ўлган.

Афғон расмийлари¸ бугун Бағрами районидаги уйлардан бирига келиб урилган вертолëт ҳалокатидан бу уйдаги икки қизнинг ҳам ўлганини маълум қилди.

Турк ҳарбийлари¸ ҳозирда ҳалокат сабаблари ўрганилаëтганини билдирди.

Афғонистондаги НАТО қўшинлари қўмондонлигининг маълум қилишича¸ ҳалокат юз берган ҳудудда ҳеч қандай ҳарбий амалиëтлар кузатилмаган.

Афғонистондаги халқаро кучлар таркибида Туркиянинг 1800 га яқин аскари бор ва улар асосан пойтахт Кобул атрофида жойлашган.

Кун янгиликлари

RFE/RL ва Қозоғистон ТИВ журналистлар аккредитацияси бўйича медиатив келишувга эришди

Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи
Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиакорпорацияси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги билан Озодлик қозоқ хизмати журналистларининг аккредитацияси билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга қаратилган медиатив келишувга эришди.

Биз Ташқи ишлар вазирлиги билан эришилган мазкур келишувни олқишлаймиз”, дейилган RFE/RL медиакорпорацияси президенти ва бош ижрочи директори Стивен Капус баёнотида.

Бутун бу жараён давомида биз истаган ягона нарса — журналистларимиз Қозоғистонда ўзларининг муҳим бўлган фаолиятларини хавфсиз, ён беришларсиз давом эттира олиши бўлган. Биз аввалгидек ўз аудиториямизга мустақил, ишончга сазовор репортажларни тақдим этишга интиламиз ва аминманки, бу келишув айнан шу ишни амалга оширишимизга имкон беради”, дея билдирган Стивен Капус.

2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодликнинг қозоқ хизматида (“Азаттиқ” радиоси) ишлайдиган 36 нафар журналистга аккредитация беришни рад қилган эди. “Азаттиқ”да ишлайдиган айрим мухбирлар аккредитацияси 2022 йил охиридан буён узайтирилмай келинаётган, шу муносабат билан Озодликнинг қозоқ хизмати даъво аризаси билан судга мурожаат қилган эди.

Пашинян: “КХШТ суяниш мумкин бўлган механизм эмас”

Арманистон бош вазири Никол Пашинян
Арманистон бош вазири Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян нима учун республика ҳалигача Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлиб қолаётганига оид саволга ўзида жавоб йўқлигини билдирди.

Британия нашрларига берган интервьюсида Пашинян КХШТ чегаралар делимитация қилинмаганини баҳона қилиб, 2021 ва 2022 йилларда Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Арманистон чегаралари бузилган пайтда жавоб механизмларини ишга туширмаганини қайд этган.

У КХШТ Россия, Арманистон ва бошқа аъзо мамлакатлар суяниши мумкин бўлган механизм ўлароқ мавжуд эмаслигини урғулаган.

“Бу КХШТнинг реакцияси ва айрим аъзо мамлакатларнинг баёнотлари билан асосланади. Жамиятимиз биздан: “Нима учун КХШТга аъзо бўлиб қолишда давом этяпсиз?” деб сўраяпти. Очиғини айтганда, менда бу саволга жавоб йўқ”, деган Пашинян.

Арманистон бош вазири Россия Жанубий Кавказ минтақасида сезиларли ва жиддий роль ўйнашини ҳам билдирган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилган.

Британиялик журналистларга берган интервьюсида Пашинян Ереван Арманистон армиясидаги ислоҳотлар ва модернизация юзасидан Озарбайжондан келаётган баёнотлардан ҳам хавотирда эканини қайд этган.

Бош вазирга кўра, бир мамлакатнинг жанговар салоҳиятли армияга эга бўлиш ҳуқуқига бошқа ҳеч бир мамлакат қарши чиқолмайди.

У жанговар салоҳиятга эга армия фақат уруш учун эмас, тинчлик учун, кучлар мувозанатини барпо қилиш учун ҳам муҳимлигини урғулаган.

“Биз урушга эмас, тинчликка ҳозирланяпмиз. Бошқа томондан эса бизда Арманистон Республикаси ҳужумга учрамаслигига ҳозирча ишонч йўқ ва табиийки, биз мудофаа қобилиятимизни ривожлантиришимиз лозим”, деган Пашинян.

Бош вазир ҳозирги пайтда Арманистон ўта муҳим бўлган чегара демаркацияси жараёнига киришаётгани, бу жараён, хусусан, хавфсизлик таҳдидларини камайтириш нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаган.

Россия ҳарбийлари Харьковдаги телеминорага зарба беришди

Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси
Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси

Россиялик ҳарбийлар Харьковдаги телеминорага зарба беришган. Бир қисми қулаган телеминора видеоси ва фотосуратлари маҳаллий телеграм-каналлар томонидан ёйинланган.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов зарба ортидан Харьков шаҳрида “телевизион инфратузилма объекти”га шикаст етганини, рақамли телевидение сигналини узайтишда узилишлар кузатилаётганини маълум қилган.

Айрим манбалар мазкур телеминорада Украина ҳавога қарши мудофаа тизимининг антеннаси ўрнатилган бўлганини айтишган.

Телеминора баландлиги 240 метр бўлиб, бу шаҳардаги энг юксак нуқта эди.

Россия Украина ҳудудига, шу жумладан одамлар яшаётган тураржойларга ҳар куни зарба бериб келмоқда. 23 апрелга ўтар кечаси россияликлар Одесса ва Киевга ракета ва "Шаҳед" дронлари билан ҳужум уюштиришган. Бунинг натижасида Одессада, маҳаллий расмийлар қайдича, икки бола дохил етти киши жабрланган.

"Ҳужум натижасида Одессадаги тураржой уйларига шикаст етди, ёнғин содир бўлди. Қутқарувчиларимиз уч бола дохил 34 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди. Етти киши тан жароҳати олган, улардан икки нафари болалардир", деб ёзган Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер.

Еврокомиссия TikTok бўйича иккинчи текширувни бошлади

Европа комиссияси TikTok ижтимоий тармоғига нисбатан иккинчи текширувни бошлади. ЕК сайтида 22 апрель куни чоп қилинган хабарномага мувофиқ, текширув орқали “ширкат Франция ва Испанияда TikTok Lite иловасини ишга туширишда рақамли хизматлар (Digital Services Act, DSA) тўғрисидаги қонунни бузиб-бузмаганини баҳолаш” назарда тутилган. Бу ҳақда “Немис тўлқини” хабар қилди.

Текширувни бошлашга фойдаланувчиларга TikTok Lite иловасининг балл тўплаш имкониятини берувчи функцияси асос бўлган. Еврокомиссия маълумотига кўра, мазкур мукофотлаш тизими “юзага келиши мумкин бўлган хатарлар” диққат билан ўрганилмасдан ишга туширилган, бу ерда гап, хусусан, “одатланиб қолиш эффекти билан боғлиқ хавф-хатар ҳақида бормоқда”.

17 апрель куни Еврокомиссия TikTok Lite иловаси туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатарларни баҳолаш ҳақида TikTok’дан ҳисобот сўраган. Ширкатда регуляторга ҳужжатларни тақдим этиш учун бир сутка вақт бўлган, бироқ TikTok вакиллари бу ишни амалга оширишмаган. Эндиликда ширкатда хатарларни баҳолаш бўйича ҳисобот тақдим этишга яна бир сутка ҳамда бошқа сўралган маълумотларни бериш учун 3 майгача муҳлат бор.

Агар TikTok бу шартни бажармаса, Европа комиссияси ЕИ ҳудудида TikTok Lite дастури фаолиятини тўхтатиб қўйиши ёки ширкатни жаримага тортиши мумкин.

TikTok ширкати Еврокомиссия томонидан бошлатилган текширув юзасидан таассуф билдирган.

Бу қарор бизни умидсизлантирди — TikTok Lite мукофотлаш тизимидан 18 ёшдан кичик бўлганлар фойдалана олмайди ва видеоларни кўриш учун кунлик лимит мавжуд. Биз Европа комиссияси билан муҳокамаларни давом эттирамиз”, деган ширкат вакили.

АҚШ Исроил батальонига қарши санкция киритмоқчи

Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари
Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари

АҚШ Давлат департаменти Исроил армиясининг “Нецах Йегуда” бўлинмасига қарши санкциялар жорий этиш ниятида. Департамент маълумотига кўра, бу бўлим аскарлари Урдун дарёси Ғарбий қирғоғидаги фаластинлик араблар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда, деб ёзган Axios ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда.

“Нецах Йегуда” батальонида мутаассиб диний жамоатлардан бўлган исроилликлар хизмат ўтайди. Санкциялар бу бўлинма АҚШдан ҳеч қанақа ёрдам ололмаслиги ёки америкалик инструкторлардан таълим ололмаслигини англатади.

Нашр суҳбатдошлари қарор АҚШ Давлат департаменти махсус комиссиясининг мазкур батальон фаолияти юзасидан олиб борган текшируви асосида қабул қилинганини айтишган. Текширув исроиллик ҳарбийларнинг фаластинликларга нисбатан амалга оширилган зўравонликка алоқадорлигига оид маълумотлар тушгани ортидан 2022 йил охирида бошлаган эди.

Текширув бошланишига сабаблардан бири, Axios маълумотига кўра, 2022 йил январида асли фаластинлик бўлган 78 ёшли америкалик Умар Асаднинг ўлими бўлган. “Нецах Йегуда” аскарлари уни Ғарбий соҳилдаги қишлоқлардан бирида жойлашган назорат-ўтказиш масканида қўлга олишган. Асад исроиллик аскарларнинг текширувдан ўтиш талабини рад этган. Улар америкаликнинг қўлига кишан тақишиб, совуқда қолдиришган. Бир неча соатдан кейин унинг юраги тўхтаб қолган. Шундан сўнг, нашрнинг ёзишича, исроиллик икки зобит эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.

2022 йил декабрида Исроил “Нецах Йегуда” бўлинмасини Ғарбий соҳилдан олиб чиқиб кетган. Шундан сўнг батальон асосан мамлакат шимолида хизмат ўтаган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Axios қайдича, бу АҚШ томонидан Исроил армияси бўлинмасига қарши санкция киритилиши бўйича биринчи ҳолат бўлади. Бунинг кетидан Ғарбий соҳилда ҳаракатланаётган ЦАХАЛ (Исроил армияси) бўлинмалари ва Исроил полициясига қарши ҳам шунга ўхшаш қадамлар қўйилиши мумкин. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу “Нецах Йегуда” батальонига қарши муҳтамал санкцияларни “бемаъниликнинг энг чўққиси” деб атаган.

Эронда ҳижоб назорати бўйича янги хизмат ташкил этилди

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳасан Ҳазанзода Теҳронда аёлларнинг кийинишда шариат талабларига риоя қилиши масалалари бўйича янги ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ташкил этилганини эълон қилди.

Мазкур хизмат ходимлари, ИИПК мулозимига кўра, аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб “янада масъулиятли тарзда” ўраб юришини таъминлаш учун махсус тайёргарликда ўтишган.

Бу эълон сўнгги кунларда Эрон расмийлари аёлларнинг ахлоқ меъёрларига нақадар мувофиқ равишда кийинаётгани бўйича текширувларни кучайтирганига оид хабарлар ортидан очиқланди. Мазкур рейдлар чоғида, Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, масъуллар аёллар билан қўпол муомала қилганлар.

2022 йил сентябрида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг Эронда оммавий намойишлар бошланиб кетган эди. Норозилик чиқишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.

Эрондаги нисбатан мўътадил депутатларнинг айримлари шу кунда, шу жумладан минтақада ҳарбий қарама-қаршиликлар туфайли таранглик кучайган бир пайтда мамлакатда режимни кучайтириш заруратини шубҳа остига олганлар. Бироқ Эрон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти дресс-кодга риоя қилиниши бўйича янги чора-тадбирлар ҳамда яқиндаги рейдларни дастаклаб, буларнинг барчаси “қонун доирасида” амалга оширилаётганини урғулаган.

Покистондаги тошқин: шимоли-ғарбий ҳудудда сел кутилмоқда

Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари
Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари

Покистон шимолий-шарқида жойлашган Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида аҳоли музликлар эриши ва муттасил жала қуйиши мумкинлигидан огоҳлантирилди. Расмийлар қайдича, хавфсизлик чоралари кўрилмаган тақдирда, тошқинларнинг иккинчи тўлқини янада кўпроқ одам қурбон берилишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Покистонда экстремал об-ҳаво шароити кузатилиб, унинг натижасида ўнлаб одам нобуд бўлган эди. Тошқин одамларнинг уй-жойлари ва экинларига зарар етказган.

Экспертлар апрель ойида мамлакатда янада шиддатлироқ ёғин-сочин кузатилиши мумкинлигини айтишяпти ва буни иқлим ўзгариши билан изоҳлашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, яқиндаги тошқинларда энг кўп жабр кўрган тоғли Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида сўнгги беш кун ичида 59 киши ўлган, қурбонларнинг 33 нафарини ёш болалар ташкил қилган. Associated Press агентлиги хабарига кўра, табиий офат оқибатида камида 2875 та уй ва 26 та мактаб биноси вайрон бўлган.

Агар ўз вақтида хавфсизлик чоралари кўрилмаса, кутилаётган тошқин туфайли янада кўпроқ одам қурбон берилиши ва моддий талафотлар кўрилиши эҳтимоли мавжуд”, дея билдирган табиий офатларга қарши курашиш бўйича маҳаллий бошқарма вакили бўлган Муҳаммад Қайсар Хон.

Тиним билмаган ёмғирлардан Покистоннинг жануби-ғарбий вилояти бўлган Белужистон ҳам жабр кўрган. Расмийлар юзага келган вазиятни ҳал учун чекланган захираларга эга эканлари, лекин ёғин-сочин давом этаверса, ёрдам сўраб марказий ҳукуматга мурожаат қилишга мажбур бўлишларини билдиришган.

2022 йили келган сел ва дарёлар тошиши натижасида Покистон ҳудудининг учдан бири сув остида қолган, бунинг натижасида 1739 нафар одам нобуд бўлган эди. Ўшанда табиий офат туфайли 30 миллиард долларлик зарар кўрилгани айтилган эди.

Покистонда ёмғирлар мавсуми одатда июнь ойида бошланади.

Роскомнадзор “Чегарасиз мухбирлар” сайтини блоклаб қўйди

Россияда “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти сайти ёпиб қўйилган. Бу ҳақда Россия интернет сегментидаги цензура ҳолатларини кузатиб борувчи “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатди.

Сайтнинг нима сабабдан ёпиб қўйилганига аниқлик киритилган эмас. Айтилишича, блокировка номи кўрсатилмаган “давлат органи” талабига кўра амалга оширилмоқда. Одатда, бу каби блокировка Россия Бош прокуратураси ташаббуси билан амалга оширилади.

“Чегарасиз мухбирлар” дунё бўйлаб сўз эркинлиги ва журналистлар ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро нодавлат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Бошқа ишлар билан бир қаторда, ташкилот бир неча йилда бир марта “матбуот эркинлиги душманлари” рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур ҳисоботда, муаллифлар фикрича, ўз мамлакатларида мустақил оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказаётган сиёсатчилар номлари келтирилади. Сўнгги йилларда бу рейтингга Россиядан мамлакат президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров киритилган.

“Роскомсвобода” маълумотига кўра, “Чегарасиз мухбирлар” сайтидан ташқари яна ўша “номи келтирилмаган давлат идораси” талаби билан украиналик тадбиркор Виктор Пинчук жамғармаси, “OSINT-пчелы” лойиҳаси (у очиқ манбаларга таянган ҳолда Украинада жанг қилаётган россиялик ҳарбийларни аниқлашга ёрдам беради – таҳр.) сайтлари, Украина Қуролли кучларига асир тушишни истаган россиялик аскарлар учун очилган “Хочу жить” лойиҳасининг навбатдаги домени ҳамда Польшанинг Legion Polski сайтидаги россияликларга мурожаат ҳаволаси блокировка қилинган.

Россия қўшинларининг 2022 йил февралида бошлаган Украинага кенг кўламли босқинидан кейин Россияда йирик ижтимоий тармоқлар ва кўплаб мустақил нашрларнинг сайтлари дохил юз минглаб интернет-ресурс блокировка қилинган.

Ўш вилоятида сел тошқини оқибатида бир киши нобуд бўлди

Қирғизистон ФВВ томонидан воқеа жойида олинган фотосурат
Қирғизистон ФВВ томонидан воқеа жойида олинган фотосурат

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида сел тошқини бир машинани оқизиб кетгани натижасида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 21 апрель кунги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, Мирзаке – Қорағулжа – Олойқув автойўлининг 41-километрида (Қорағулжа тумани) ичида бир эркак, икки аёл ва бир ёш бола бўлган автомобилни сел тошқини суриб кетган.

Қайд этилишича, аёллар ва болани маҳаллий аҳоли вакиллари қутқаришга муваффақ бўлишган, ҳайдовчини эса оқим суриб кетган. Қидирув ишлари натижасида эркак жасади топилиб, қариндошларига топширилган.

Ўш вилоятининг Олой, Қорағулжа, Ўзган ва Қорасув туманларида 20 апрель куни ёғиб ўтган шиддатли жала сел тошқини юзага келишига сабаб бўлган. Мазкур туманларда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.

ФВВнинг маълум қилишича, табиий офат туфайли автомобиль йўлларининг бир қанчаси ёпилиб қолган, тошқин оқибатларини бартараф қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Вазирлик 21-23 апрель кунлари ҳам мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги тоғолди ҳудудларида сел хавфидан огоҳлантирган.

Қирғизистонда яна TikTok’ни чеклаш уринишлари кузатилмоқда

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги қошидаги Алоқа соҳасини бошқариш ва назорат қилиш хизмати маҳаллий операторларга TikTok ижтимоий тармоғига киришни чеклаш бўйича чора кўриш зарурлиги тўғрисида хат йўллади. Бу ҳақда бир неча нашр вазирлик вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ОАВ хабарларига кўра, вазирлик бу қарорни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хати асосида қабул қилган. Бунга ижтимоий тармоқ томонидан “Қирғизистонда болалар саломатчилигига, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси 1-бандига риоя қилинмагани сабаб бўлган.

ОАВ қайдича, МХДҚ хатида TikTok’да болалар информацион маконида “контент цензурасига тизимли ва принципиал ёндашув мавжуд эмас”лиги айтилган. Операторларга ижтимоий тармоққа киришни чеклаш учун 18 апрелгача муҳлат берилган.

Депутат Дастан Бекешев ижтимоий тармоқ блокировкасига оид қарорга изоҳ берар экан, бунинг фейкларга қарши кураш тенденциясининг давоми эканини айтган. Унга кўра, мазкур тенденция кучайиб, ижтимоий тармоқларга қарши курашга айланиб кетган.

Нима бўлганда ҳам, бу тенденция давом этади ва шунинг учун ҳам VPN-сервислардан фойдаланишни ўрганиб туришни маслаҳат бераман”, деб ёзган депутат ўз телеграм-каналида.

Бу Қирғизистон расмийларининг TikTok ижтимоий тармоғига чеклов киритиш бўйича илк уриниши эмас. 2023 йил ноябрида Қирғизистон Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқни блокировка қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. Вазирлик хатида “ижтимоий тармоқ контенти ўсиб келаётган авлоднинг эмоционал ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши” урғуланган.

Шундан сўнг мамлакат расмийлари билан музокара ўтказиш учун Қирғизистонга TikTok директори Сергей Соколов келган. Ўшанда Маданият вазирлиги Қирғизистон томони TikTok масъуллари олдига ёш чекловини жорий қилиш ва платформа тартиб-қоидаларини мамлакат қонунчилигига мувофиқ ҳолатга келтириш шартини қўйганини билдирган.

Ўтган йил декабрида Қирғизистонда TikTok блокировка қилинмагани маълум бўлган эди.

Россиянинг Днепропетровскка ҳужуми оқибатида саккиз киши нобуд бўлди

Днепр шаҳридаги Россия ракетасига нишон бўлган кўп қаватли тураржой, 2024 йил 19 апрели
Днепр шаҳридаги Россия ракетасига нишон бўлган кўп қаватли тураржой, 2024 йил 19 апрели

Россиянинг Днепропетровск вилоятига йирик ракета ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 25 киши жароҳатланди, қатор инфратузилма объектларига шикаст етди. Бу ҳақида вилоят расмийлари маълумот тарқатишди.

Украина президенти Владимир Зеленский мазкур ҳужум оқибатида тураржой биноси ва вилоят маркази Днепрдаги темир йўл вокзалининг бир неча қавати зарар кўрганини билдирди. У иттифоқчиларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборишга чақирди.

“Россия террори учун жавоб бериши керак. Ҳар бир ракета, ҳар бир шаҳид дронларини уриб тушириш керак. Дунё ҳамжамияти буни кафолатлай олади, ҳамкорларимиз зарур имкониятларга эга”, деган президент Зеленский.

19 апрель тонгида Россия Украинанинг Кривой Рог шаҳрига ҳам ракета зарбаларини берган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланган, инфратузилмага зарар етган.

Россияда Ту-22М3 бомбардимончи учоғи ҳалокатга учради

Россиянинг ракета ташувчи Ту-22М3 учоғи
Россиянинг ракета ташувчи Ту-22М3 учоғи

Россиянинг Ставрополь ўлкасида 19 апрель куни ракета ташувчи Ту-22М3 учоғи қулаб тушди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, авиаҳалокат учоқ жанговар топшириқни бажариб, аэродромга қайтаётган пайтда содир бўлган. Учоқ экипажларидан бири ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган. Мудофаа вазирлиги иддаосича, учоқ бортида жанговар комплект (ракета ёки бомбалар - таҳр.) бўлмаган. Учоқ кимсасиз ва биносиз жойда қулагани, вайронагарчилик йўқлиги айтилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги қайдича, экипажнинг парашют воситасида ҳалокатдан қутулиб қолган уч аъзоси топилган. Бу уч кишидан бири, Ставрополь ўлкаси губернатори Владимир Владимировга кўра, ҳалок бўлган, экипажнинг тўртинчи аъзосини қидириш ишлари давом этмоқда.

Украина Қуролли кучлари учоқ уриб туширилганини билдирган. Бу уруш бошидан буён украиналик ҳарбийлар томонидан Россиянинг стратегик бомбардимончи учоғи уриб туширилгани иддао қилиниши бўйича илк ҳолатдир. Бу иддао мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.

Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчукка кўра, Россиянинг Ту-22М3 бомбардимончи учоғи Украина Ҳаво кучлари зенит бўлинмаси ва Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси биргаликда амалга оширган операция натижасида йўқ қилинган.

Аввалроқ РБК-Украина нашрининг Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармасидаги (РББ) манбаси Россия учоғи РББ амалиёти натижасида қулаганини билдирган эди. Унинг айтишича, учоқ Украина ҳудудидан 300 километр нарида бўлиб, аввалроқ у Украина ҳудуди бўйлаб зарба берган.

Украинанинг NV нашри ҳарбий разведкада ишлайдиган ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда, учоқ совет замонида ишлаб чиқарилган С-200 зенит-ракета мажмуаси воситасида уриб туширилгани ҳақида хабар қилган. Бу зенит мажмуаси ракеталари кўпи билан 300 километр наридаги нишонга етиб бориши мумкин.

Ўтган йилнинг 12 августида Россиянинг Калининград вилоятида Су-30 қирувчи учоғи қулаб тушган, экипаж аъзолари эса ҳалок бўлишганди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган.

12 сентябрь куни Волгоград вилоятида Су-24 бомбардимончи учоғи қулаган. Орадан бир ҳафта ўтгач эса Су-34 қирувчи учоғи ҳалокатга учраган. Ҳар икки учоқ экипажи омон қолган. Ўша пайтда Россия Мудофаа вазирлиги учоқлар жанговар комплектсиз ўқув-машқ парвозларини амалга ошираётган бўлганлари ва кимсасиз жойга қулаганлари ҳақида маълумот тарқатган эди.

ЕКПА: “Путин режими неоимперия мафкурасига таянмоқда”

Владимир Путин Рус православ черкови патриархи Кирилл билан (архив сурати)
Владимир Путин Рус православ черкови патриархи Кирилл билан (архив сурати)

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) сайтида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг колониядаги ўлими муносабати билан 18 апрель куни қабул қилинган резолюция матни ёйинланди.

Резолюцияда россиялик расмийларга нисбатан кескин чоралар кўриш таклиф этилган, Навальнийнинг ўлими эса жавобгарлиги Россия давлати зиммасида бўлган қотиллик, деб аталган.

ЕКПА Навальнийни таъқиб қилишга бевосита дахлдор бўлган (уларнинг айримлари аллақачон санкция рўйхатларига киритилган) 50 чоғли кишига қарши санкция киритишга чақирган.

Владимир Путин ҳукмронлиги остида Россия Федерацияси феълан диктатурага айланиб бўлди”, дейилган резолюцияда. Ҳужжатда иддао қилинишича, Владимир Путин режими қўшни давлатларга қарши ўз тажовузкорлигини оқлаш учун “Рус дунёси”нинг неоимпериячилик мафкурасига таянмоқда. Резолюцияда мазкур мафкуранинг мустаҳкамланишида патриарх Кирилл бошчилигидаги Рус православ черкови иерархлари муҳим роль ўйнаётгани урғуланган. Бу “динни суиистеъмол қилиш ва насроний православ анъанасини нотўғри талқин қилиш” деб аталган, Рус православ черкови раҳбариятига эса Путин режими муҳтамал жиноятларининг шериклари ўлароқ қараш лозимлиги уқтирилган.

Резолюцияда жорий йилнинг март ойида Россияда бўлиб ўтган президент сайлови нолегитим деб аталган (ЕКПА 2023 йилдаёқ Путинни Россиянинг легитим президенти деб тан олмаслик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган эди).

Ҳужжатда Украинага зарур бўлган қурол-аслаҳа ва ўқ-дорини зудлик билан етказиб бериш, Россияга қарши санкцияларни кучайтириш, Россия ва Беларусь қамоқхоналарида тутиб турилган сиёсий маҳкумларни озод қилиш ёки алмаштириш, Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам беришда фойдаланиш ҳамда Россия раҳбарияти томонидан бошлатилган урушнинг муҳтамал жиноятларини тергов қилиш учун халқаро трибунал ташкил қилиш каби чақириқлар мавжуд.

Бундан ташқари ЕКПА вакиллари Россиянинг нефтни қайта ишловчи заводлари қонуний ҳарбий ҳадаф деб ҳисобланиши лозимлиги билдиришган (аввалроқ АҚШ маъмурияти вакиллари Украина томонидан ушбу заводларга зарба берилганини танқид қилиб чиқишганди).

Резолюцияда Россия ва Беларусдаги демократик кучлар билан мулоқот қилишга, жумладан, улар билан алоқалар бўйича махсус маърузачи тайинланишига доир чақириқ ҳам бор.

2022 йил февралида Украина ҳудудига кенг кўламли босқин уюштиргани ортидан Россия Европа кенгашидан чиқариб юборилган ва бугунги кунда ЕКПА фаолиятида иштирок этаётгани йўқ. ЕКПА резолюциялари моҳиятан тавсия характерига эга бўлиб, ассамблеяда Европа кенгашига аъзо бўлган мамлакатларни бу тавсияларни бажаришга мажбурлаш ваколати йўқ.

Қозоғистон тошқини: Ўлим ҳолатлари бўйича жиноят ишлари очилди

Тошқин туфайли Кулсари шаҳрида сув остида қолган уйлар, 2024 йил 9 апрели
Тошқин туфайли Кулсари шаҳрида сув остида қолган уйлар, 2024 йил 9 апрели

Қозоғистондаги тошқин чоғида одамларнинг бедарак йўқолиши ва ўлим ҳолатлари бўйича еттита жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълум қилди.

“Ҳа, афсуски, бундай ҳолатлар бўлди ва ОАВда кенг муҳокама қилинди. Абай вилоятида икки киши йўқолган, Атирау вилоятида жасад парчалари топилган. Абай вилоятида қидирув тадбирлари давом этмоқда”, дея иқтибос келтирган ИИВ мулозими сўзларидан “Власть” нашри.

Кожаевга кўра, Атирау вилоятида тўрт киши, Туркистон вилоятида эса ёш бола чўкиб ўлган. У икки киши бедарак йўқолган Абай вилоятида қидирув ишлари давом этаётганини ҳам қўшимча қилган.

Orda.kz нашрининг ёзишича, вазир ўринбосари Абай вилоятининг Аягоз туманида сўнгги бор сув ўртасидаги тракторда кўрилган икки кишини ҳам тошқин қурбонлари қаторига қўшган.

Аввалроқ Атирау вилоятида тошқинлар чоғида тўрт киши нобуд бўлгани ҳақида расмий маълумот тарқатилган эди. 6 апрель куни Кулсари шаҳрида яшаган икки киши сув остида қолган уйларини кўриш учун тракторда йўлга чиқишгани, бироқ трактор йўл четидаги зовурга тушиб кетгани оқибатида ҳалок бўлишгани маълум бўлганди. Шунингдек, 6 апрель куни бир эркакнинг, 14 апрель куни эса унинг ўғлининг жасади топилган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, улар аввалроқ эвакуация қилинган, бироқ кейин мустақил равишда уйларини кўргани боришган эди.

Бундан ташқари, аввалроқ Ақтўбе вилоятининг Айтекебий туманидаги тошқинда 10 яшар бола чўкиб кетгани, Абай вилоятида эса тўрт киши бедарак кетгани хабар қилинган эди.

“Чегарасиз мухбирлар” Россияни Алсу Курмашевани озод қилишга чақирди

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ходимлари ярим йил муқаддам Россияда ноқонуний ҳибсга олинган Алсу Курмашеванинг озод қилинишини талаб қилишмоқда
“Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти ходимлари ярим йил муқаддам Россияда ноқонуний ҳибсга олинган Алсу Курмашеванинг озод қилинишини талаб қилишмоқда

Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) татар-бошқирд хизматида ишлаган Алсу Курмашева 2023 йилнинг 18 октябридан буён Россия расмийлари томонидан ғайриинсоний ва қадр-қимматни таҳқирловчи шароитда тутиб турилибди. Бу ҳақда “Чегарасиз мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг галдаги баёнотида айтилган.

RSF яна бир бор ҳам АҚШ, ҳам Россия фуқароси бўлган Курмашевани зудлик билан озод қилишга чақириб, журналистнинг саломатчилиги юзасидан хавотир изҳор қилган.

Алсу Курмашеванинг яқинлари у ҳибсга олинганидан буён ўтган ярим йил ичида илк бор унинг овозини эшитишга муваффақ бўлишган. 1 апрель куни журналист аёлнинг эри Павел Буторин X ижтимоий тармоғида Курмашеванинг Қозон суди залидаги ойнаванд қафас ичида тургани акс этган видеони ёйинлаган.

Унинг ҳибс муддати 5 июнгача узайтирилиши ҳақидаги қарор эълон қилинишидан сал аввалроқ у ҳибсхонадаги шароит ҳақида қисқача маълумот берган. Курмашевага кўра, у ҳаво совуқ бўлишига қарамай, қарийб иситилмаётган кичкинагина камерада иссиқ сувсиз ушлаб турилибди, хонада иккита каравот билан токчагина бор. “Чегарасиз мухбирлар” бунинг ғайриинсоний ва киши қадр-қимматини таҳқирловчи шароит эканини урғулаган.

Курмашева ўтган йилнинг октябрь ойида Қозонда ҳибсга олинганидан буён эри, вояга етмаган (12 ва 15 ёшдаги) икки фарзанди ва қари онаси билан бирор марта ҳам гаплаша олган эмас. Россия расмийлари журналист аёлнинг АҚШ консулхонасига мурожаат қилиш илтимосини ҳам рад этишган, бунга эса АҚШ фуқароси сифатида унинг ҳуқуқи бор эди.

Россия қамоқхоналаридаги шароит расволиги туфайли Алсу Курмашеванинг саломатлиги ёмонлашишда давом этаётган бир пайтда унинг АҚШ фуқароси ўлароқ ҳақ-ҳуқуқлари расмийлар томонидан эътиборга олинмаяпти. АҚШдан консуллик ёрдами олинишининг рад этилиши Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясининг (ВККС) қўпол равишда бузилиши бўлиб ҳисобланади. RSF АҚШ ҳукуматини уни (Алсу Курмашевани) озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга чақиради”, дейилган ташкилот баёнотида.

RSF вакилларига кўра, Россия расмийлари мустақил ОАВга қарши ўз курашида хорижлик журналистларни таъқиб қилишдан ҳам тортинмай қўйган. Халқаро ташкилот Алсу Курмашевани имкон қадар тез фурсатда “ғайриқонуний равишда тутиб турилган шахс” деб эълон қилиш ва унинг озод қилишини учун барча чораларни кўриш илтимоси билан АҚШ Давлат департаментига мурожаат қилган. Россия ҳибсхонасида ушлаб турилган яна бир америкалик журналист – ўтган йилнинг 29 мартида “жосуслик”да гумонланиб, ҳибсга олинган Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович аввалроқ АҚШ Давлат департаменти томонидан Россияда “ғайриқонуний равишда тутиб турилган шахс” дея тан олинган эди.

“Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг 2023 йилдаги ҳисоботига мувофиқ, Россия дунёдаги 180 мамлакат ичида матбуот эркинлиги бўйича 164-ўринни эгаллаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG