Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:01

Ўш-Бишкек довонида ҳалокатли кўчки


Ўш-Бишкек йўлида кўчки тушиши баҳор мавсумида айниқса кўп кузатилади.
Ўш-Бишкек йўлида кўчки тушиши баҳор мавсумида айниқса кўп кузатилади.

Қирғизистоннинг шимолий ва жанубий пойтахтларини туташтирувчи асосий трассада шанба оқшомида тушган кўчки оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди.

Бу маълумотни тасдиқлаган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ўш-Бишкек трассасининг 246 километрида тушган 3600 куб метрлик кўчкидан 7 киши жабрланганини, уларнинг тўрт нафарини қутқаришга муваффақ бўлинганини билдирдилар.

Қирғизистонликларга Ўш-Бишкек автойўлининг “Сичқон” деб танилган дараси яқинида содир бўлган кўчки оқибатларини бартараф қилиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тўқтағул шаҳридаги қутқарувчилар гуруҳи ҳамда Чуй вилояти ва Тошкўмир шаҳридаги бошқа ходимлари жалб этилганлиги маълум қилинди.

Кўчки остида ҳалок бўлганлар Лайлак туманида истиқомат қилган 42 ёшли Қуттубек Ниязматов, Тўқтўғул шаҳрида яшаган 41 ёшли Н. Қўнўқбаев ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғида яшаган 35 ёшли А. Саматов экани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, дам олиш кунлари мазкур трассада камида бешта кўчки содир бўлган, уларнинг энг каттаси 4800 куб метрлик, кичиги эса 1485 куб метрлик ҳажмга эга бўлган.

Сўнгги икки кун давомида Қирғизистонда ҳаво ҳароратининг кескин совуб кетиши, тинимсиз қор ёғиши кузатилмоқда. Бетўхтов ёғаётган қор туфайли 19 март куни тушгача Ўш аэропортида барча рейслар бекор қилинди. Аэропорт масъуллари бунга об-ҳаво шароити боис самолётлар осмонга кўтарилолмаётганини сабаб ўлароқ келтирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG