Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Элчихона машиналарига талаб ўзгарди


Бу сурат Дмитрий Чистопрудов рухсати билан унинг http://chistoprudov.livejournal.com блогидан олинди.
Бу сурат Дмитрий Чистопрудов рухсати билан унинг http://chistoprudov.livejournal.com блогидан олинди.

Бундан буён Ўзбекистондаги дипломатик корпус ва хориж ташкилотларига қарашли автомобиллар ҳам мамлакатдаги қоидалар асосида техник кўрикдан ўтказилади.


Қарор қабул қилинди


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг 24 февралида қабул қилган 49-сонли қарорига мувофиқ мамлакатда “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби ҳақидаги низом”га қатор ўзгартишлар киритилди.

Ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва хориж ташкилотлари автомобиллари ҳам Ўзбекистонда ўрнатилган тартиб-қоида асосида техник кўрикдан ўтказиладиган бўлди.

Ўзбекистон Давлат автомобил назорат хизматининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган мутасаддисига кўра, шу вақтга қадар хорижий ташкилот ва элчихоналарга қарашли бўлган автомобиллар Ўзбекистонда техник кўрикдан ўтказилмаган.

- Олдин бизнинг техник кўрикдан ўтмасди. Ҳозир қабул қилинган қарорда аниқ кўрсатиб қўйилган, ўша хорижга қарашли автомобиллар ҳам биздаги тартиб қанақа бўлса, шу тартиб асосида техник кўрикдан ўтади. Энди Ўзбекистонда юрибдими, шу ердаги талабларга жавоб бериши керак, деди Давлат Автомобил назорат хизматининг айнан техник кўрикдан ўтказиш бўйича масъул мутасаддиларидан бири.


Ижро юзасидан йўриқнома ҳам тайëр


Расмий маълумотга кўра, ҳозирда бу қарор ижроси бўйича йўриқнома ҳам ишлаб чиқилган. Бунга мувофиқ ҳар бир вилоятдаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Техника назорати бўлимига дипломатик корпусларга қарашли автомобилларни ҳам назоратдан ўтказиш вазифаси юклатилган.

- Масалан, Тошкент шаҳрини оладиган бўлсак, ҳокимнинг қарори билан 1 июлгача жадваллар тасдиқланиб бўлган. Энди шу жадвалларга дипломатик корпус машиналарини ҳам киритилади ва 1 июлгача уларнинг машинаси ҳам бизнинг техосмотрдан ўтади, деди республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Техника назорати бўлими мутасаддиси.

"Дипломатлар автомобилларида қўшимча хавфсизлик чоралари, мисол учун, ойнаклари қорайтирилган ёки камера ўрнатилган бўлса ҳамда бу чоралар Ўзбекистондаги тартибга жавоб бермаса нима чора кўрилади?" деган саволимизга бу мутасадди қисқагина қилиб: "Унда техосмотрдан ўтказилмайди", деб жавоб берди.


Аммо ижро энди бошланади

Айни пайтда бу мутасадди Ўзбекистонда амалга киритилаëтган ўзгартишлар халқаро миқёсда ўрнатилган тартиб-қоидалар доирасидан чиқилмаслигини ҳам урғулади.

- Бу қарор энди қабул қилиндида. Ҳали тажриба йўқ. Ҳали бирорта дипломатнинг машинасини кўрикдан ўтказмадик. Агар иш бошланса, шунақа муаммоларга учрасак, яна ўйлашиб кўрамизда, деди Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Техника назорати бўлими мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ҳукумат қарорида Ўзбекистонда транспорт воситаси тегишли рухсатномаларсиз қайта жиҳозланган бўлса ёки белгиланган муддат ичида техник кўрикдан ўтмаган бўлса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига бундай машиналар рақамларини ечиб олиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Қарорда белгиланишича, бундай қоидабузарлар ўз машиналари рақамини "Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда камчиликлар бартараф этилмагунича” қайтиб ололмайди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 49-сонли қарорига мувофиқ Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари уч ҳолатда автомобилларнинг номерини ечиб олишга ҳақли.

Автомобил техник назоратдан ўтказилган чоғда носозлик топилса, техник кўрик муддати ўтиб кетган бўлса, тегишли рухсатсиз автомобил қайта жиҳозланган бўлса, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари автомобил номерини ечиб олиши ва носозлик бартараф этилмагунча, номерни бермаслиги мумкин.

Ўзбекистонда мавжуд тартибга кўра, автомобиллар ҳар йили бир бор техник кўрикдан ўтказилади.
XS
SM
MD
LG