Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

Ўзбек гўзали “Miss World”га боради


Танлов ғолибасига ўтган йилги дунё гўзали венесуэлалик Ивиан Саркос янги тож кийдиради.
Танлов ғолибасига ўтган йилги дунё гўзали венесуэлалик Ивиан Саркос янги тож кийдиради.

Бу йил “Miss World 2012” дунё гўзали танловида Ўзбекистон вакиласи илк бор қатнашади.

Бу ҳақда танлов ташкилотчисининг расмий саҳифасида эълон қилинди.

Лекин ҳозирча танлов расмий сайтида Ўзбекистондан қатнашадиган қизнинг кимлиги ҳақида маълумот йўқ¸ унинг фотосурати ҳам жойлаштирилмаган.

Дунёнинг энг гўзал қизи деб эътироф этилишга даъвогар ўзбек соҳибжамолининг ким экани "Miss World" сайтида яқин фурсатда эълон қилиниши айтилган.

Лекин, "Miss World" сайтида эълон қилинган миллий танловлар рўйхатида Ўзбекистон йўқ.


Маданият вазирлигининг хабари йўқ

Танловга сал кам беш ой қолган бир пайтда унда Ўзбекистондан ким қатнашиши, дунёнинг энг гўзал қизи бўлишликка даъвогар Ўзбекистонда қандай танлаб олиниши ҳақида Озодлик суҳбатлашган маҳаллий расмийлар бирор маълумотга эга эмасликларини билдирдилар.

- Маданият вазирлиги бу билан шуғулланмайди. Бизнинг ваколатимизга кирмайди бу. Агар Фонд Форум каби хусусий ташкилот шуғулланмаётган бўлса, яна билмадик ¸ деди Ўзбекистон Маданият вазирлигининг 21 март куни Озодлик боғланган расмийларидан бири.

Ўзбекистондан дунё гўзали танловида бу йил ким қатнашишини билмаëтган расмийлар¸ бунинг ортида мамлакат Маданият вазирлиги фаолиятини ўз қўлига олган Фонд форум¸ аниқроғи бу форум эгаси президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.


Гулнора Каримованинг Форуми ҳам танловдан бехабар

Айрим Интернет нашрларида балки Каримова хонимнинг ўзи дунё гўзаллари танловида қатнашар, деган ярим ҳазил тахминлар ҳам билдирилган.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова раҳбари бўлган Фонд Форумдагилар эса буни қатъият рад этишди.

- Биз эмас, точно, деди Фонд Форум матбуот вакили Динара Дўлтаева.

Шу ой бошида Гулнора Каримованинг “Гули” брэнди либослари Москвада бўлиб ўтган “Россия гўзали” танловида тақдим этилган эди.

- Москвадаги “Мисс Россия” гўзаллик танловида ҳар йили биронта дизайнерни кийимларини олиб, финалда тақдим қилишади. Авваллари, Юдашкин каби дизайнерларни либослари тақдим этилган. Бу йил ташкилотчилар “Гули”ни танлашди. Яъни, у дизайнер сифатида у ерда қатнашди, деди Динара Дўлтаева.


Ўзбек жамияти танлов ҳақида икки қутбга бўлинган

62-бор ўтказилаётган бу йилги “MIss World” танлови 18 августда Хитойнинг ички Монголия минтақасида жойлашган Ордос шаҳрида бўлиб ўтади.

Танлов ғолибасига ўтган йилги дунё гўзали венесуэлалик Ивиан Саркос янги тож кийдиради.

Дунёнинг энг гўзал қизи номи учун Ўзбекистон вакиласидан ташқари яна 120 га яқин мамлакат вакиласи ўзаро рақобатлашади.

Ўзбек соҳибжамолининг дунё гўзаллик танловида қатнашиши борасида ўзбекистонликлар нима дейди?

- Жуда зўрку. 100 фоиз аминман¸ дунёда гўзаллик бобида ўзбек қизларимизга тенг келадигани йўқ, дейди тошкентлик 35 яшар Муҳаббат.

Фарғоналик 45 яшар Муқимжон ака эса ўзбек қизларининг танловда ярим-яланғоч чиқарилишига қарши.

- Бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Умуман мен бунақа танловларда қизларнинг ҳамманинг кўзи ўнгида ярим яланғоч олиб чиқилишига қаршиман. Ҳаммаси анъана, удумларимизга мос бўлиши керак, дейди Муқимжон ака.

Гўзаллик танлови шартларидан бири қизларнинг саҳнага чўмилиш костюмида чиқишидир.

Ўтган йили "Miss World" танловининг финал босқичида Британия номидан муслима қизнинг қатнашиши мусулмонлар ғазабини келтирган эди.

25 ёшли Шанна Бухорий Британия гўзаллари танловида иштирок этганидан буён радикал диндорлардан ҳақорат ва нафратга тўла мактублар олганини айтади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG