Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:57

Тил кимлигингизни белгилаб берадими?


Одамлар орасида тиллар ҳақида турли стереотиплар бор. Масалан, француз тилини ошиқ-маъшуқлар тили дейишади, ёки немис тили энг тартибли тил, деган фикр бор. Яқинда АҚШдаги машҳур Йел Университетининг иқтисод фанлари профессори бир тадқиқот ўтказиб, қайси тилда гаплашишингиз пулни иқтисод қилиш қобилиятингиз, чекиш, жисмоний машқ билан шуғулланиш ва, ҳатто, жуссангизга таъсир қилиб, пировардида соғлигингизда ўз изини қолдириши мумкин деган хулосага келди.

Эстониялик Региина Ноҳова Чехияга кўчиб келиб дуч келган катта муаммолардан бири чех калималарини айтишига оғзи келишмаслиги бўлди. Эстонлар оғизларини бунчалик тўлдириб гапирмайди, дейди Региина.

- Эстонияда биз секин, шошилмай гапирамиз. Гапирганимизда оғзимиз деярли очилмайди. Сўзларни дона-дона қилиб гапиришни одат қилмаганмиз. Одатимиз шунақа. Бизда иқлим салқинроқ бўлиб, одамлар кўпроқ вақтини уйнинг ичида ўтказгани учун бўлса керакда, ўзи шунақамиз. Менимча, эстонлар билан чехлар ўртасида, юриш-туришию гапиришида катта фарқ бор, дейди кулиб 35 ёшли Региина.

У кўп йиллардан бери Прагада яшайди, бу орада икки фарзандли бўлди ва чехчани ҳам, сўзни дона-дона қилиб гапиришни ҳам ўрганиб олди.

Лекин, дейди у, эрим билан бир тилда гаплашганимиз билан, ҳар кунги юмушларда, масалан, соғлом турмуш тарзи масаласида қарашларимиз турличадир.

- Бошида орамизда, айтайлик овқат масаласида, катта фарқ бор эди. Айниқса қизларимиз туғилганида соғлом овқатланиш ва унинг аҳамияти ҳақида тортишиб қолар эдик. У соғлом овқатнинг унчалик аҳамияти йўқ дер эди. Жисмоний тарбияга ҳам турлича ёндашар эдик. Масалан, мен ҳозир йога билан шуғулланаман, у шуғулланмайди, дейди Региина Ноҳова.

Бунақа келишмовчиликлар ҳар бир оилада бўлади, дейиш мумкин.

Лекин АҚШда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, она тилингиз соғлом турмуш тарзи – овқатланиш ва жисмоний машқдан тортиб қаричилик кунлари учун пул тўплаб қўйиш қобилиятигача бўлган масалаларга ўз таъсирини ўтказиши мумкин экан.

Йел Университетининг иқтисод фанлари бўйича профессори Кит Чен ана шундай хулосага келди. Унинг айтишича, грамматикасида келаси замоннинг муафассал шакли бўлмаган тиллар – мандарин, япон, немис ва эстон тилларида, статистикага кўра, одатда соғломроқ ва “бели бақувватроқ” халқлар гаплашади.

- Японлар, ўнлаб йиллар давомида дивидендлар миқдори ўта паст бўлишига қарамасдан, пул тўплаш одатини ташламади. Хитойларни қаранг, пул тўплашда уларга тенг келадигани йўқ. Немислар ҳам пул тўплашини ҳамма билади. Скандинавия ва нордик мамлакатлари ҳам пул тўплашда кўпчиликни ортда қолдириб юборади. Бу халқларнинг ана шу жиҳати билан улар гаплашадиган тиллар ўртасидаги ана шу боғлиқлик мени қизиқтирган илк нарсалардан бири бўлди. Яъни сиз сўзлашаётган тил келажак ва ҳозирги замон ҳақида турлича ўйлашга ундамаса, келажак учун пул тўплаш осонроқ бўлиши эҳтимоли ошиши мумкин, чунки сиз ҳозирги замонга қандай ёндашсангиз, келажакка ҳам шундай ёндашасиз, шундай эмасми, дейди профессор.

Чен турли мамлакатлардан иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни тўплаб, уларни таҳлил қилгач чиқарган хулосасидан хайрон қолди.

Жисмоний соғлиқ ва иқтисодий жиҳатдан масъулияти юқорироқ бўлган мамлакатлар халқларининг тилларида “келаси замоннинг аниқ кўриниши” йўқлиги кузатилади, дейди у.

Масалан, Европа Иттифоқининг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли Германияни олинг: келгуси замондаги “Эртага ёмғир ёғади”, деган дарак гапни немисча “Morgen regnet es”дан ўзбек тилига қайта таржима қилсангиз, “Эртага ёмғир ёғяпти”, деган маъно келиб чиқади.

Келаси замони “аниқроқ” кўринишда бўлган инглиз, чех, рус, форс ва туркий тилларда сўзлашадиганлар эса, бундан фарқли ўлароқ, профессор Чен тўплаган статистикага кўра, жисмоний ва иқтисодий жиҳатдан масъулияти сустроқ бўлиб чиқди.

Туркий тиллилардан ўзбек тилида “Эртага ёмғир ёғади” ёки келаси замони аниқроқ рус тилида “Завтра будет дождь”, дейилади бу тиллардан сўзлашувчи мамлакатлар жон бошига ялпи ички маҳсулот нисбати ва ўртача умр кўриш кўрсаткичи энг паст бўлган давлатлардан ҳисобланади, дея қайд этади профессор.

Профессор Ченнинг тадқиқоти тилшунослар орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи таҳлилчилар бугун дунё юз тутган иқтисодий инқироздан тортиб баъзи мамлакатларда одамларнинг ҳаддан ортиқ семириб кетаётгани билан боғлиқ муаммоларнинг асл сабаби тилдир, деган иддаоларни сура бошлашди.

Лекин тилшуносларнинг кўпчилиги иқтисодчи Ченнинг топилмаларини инкор қилишга шошилди.

Канададаги Калгари Университетининг тилшунослик ва психолгия фанлари профессори Жули Седиви, албатта, кўпчилик халқлар мисолида тил кўникма билан боғлиқ, дейди. Лекин Чен ўтказган тадқиқот каби илмий изланишлар тил грамматикаси билан иқтисод қилиш ёки соғлом турмуш тарзига амал қилиш ўртасида аниқ боғлиқликни кўрсатиб бера олмайди, дейди тилшунос.

- Одамлар орасида ҳали ҳам баъзи тиллар бошқаларга қараганда мантиқийроқ, тартиблироқ ёки романтикроқ деган тушунча бор. Лекин бу тушунча бу тилларда ишлатиладиган воситлардан кўра, уларда сўзлашувчиларга хос бўлган хусусиятлардан келиб чиқади, дейди канадалик тилшунос олим Жули Седиви.

Ченнинг тадқиқоти шов-шувларга сабаб бўлган бўлсада, расман чоп қилингани йўқ, илм олами ҳам унга ўз баҳосини берганича йўқ.

Шунинг учун ҳозирча вазнингиздаги ортиқча килолар учун она тилингизни айблашга шошилмай туринг.
XS
SM
MD
LG