Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:00

Петербургда Ўзбекистон фуқароси ўлдириб кетилди


Петербургда Ўзбекистон фуқароси ўн жойидан пичоқлаб ўлдирилди. Яна бир ўзбекистонлик эса маҳаллий фуқарони ўлдириб қўйишига сал қолди.

26 март куни Санкт-Петербургнинг Придорожная аллеяси 7-уй ёнида меҳнат муҳожирини ўлдирганликда айбланиб маҳаллий фуқаро Николай Волков ҳибсга олинди.

“Содир этилган қотиллик оқибатида Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди”, деди ўзини Ольга деб таништирган Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Тергов қўмитаси матбуот маркази ходимаси.

- 26 март куни Волков тергов томонидан ҳозирча аниқланмаган сабабларга кўра ўтиб кетаётган шахснинг бўйнига камида 10 марта пичоқ билан урган. У жиноят жойидан қочиб кетаётганида уни жиноят гувоҳи бўлиб қолган икки маҳаллий фуқаро тўхтатиб қолган ва кейинчалик полициячиларга топширган, дейди Тергов қўмитаси ходимаси .

Жиноят жойига етиб келган полиция наряди қонга беланиб ётган шахс аллақачон жон таслим қилганини аниқлашган. Кейинроқ ўлган шахсдан топилган ҳужжатлар асосида у Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган.

Исми ошкор этилмаётган ўзбекистонликни ўлдирганликда айбланаётган 39 ёшли Николай Волковга нисбатан РФ Жиноят Кодексининг 105 моддаси 1 қисми (қоттилик) асосида жиноий иш очилди.

Айни пайтда, дея давом этади Санкт-Петербург тергов қўмитаси вакили Ольга, шу куни кечаси шаҳарда маҳаллий фуқарони пичоқлаганликда гумон қилинаётган бошқа бир Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очилди.

- Аниқроғи, бу ерда маҳаллий фуқарога нисбатан суиқасд бўлган. Айбланувчи – Ўзбекистон фуқароси Қаҳрамон Қиличев. Унга 27 март куни эрталаб Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг қотилликка уриниш моддаси юзасидан айблов эълон қилинди, дейди Озодликка Тергов қўмитаси ходимаси.

Тергов материалларидан маълум бўлишича, 26 март куни кечаси Қаҳрамон Қиличев Санкт-Петербургнинг Седова кўчаси 98-уйда спиртли ичимлик ичиб ўтирган. Ўтириш давомида у меҳмонлардан бири билан жанжаллашиб қолиб, уни дўппослаган, стол устида турган пичоқни олиб петербургликнинг кўкрагига санчган. Оғир жароҳат олган маҳаллий фуқаро шифохонага олиб кетилган.

Шаҳар полицияси Қаҳрамон Қиличев тергов давомида Санкт-Петербург изоляторларидан бирида ҳибсда сақланишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG