Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:20

Нафақахўр газета билан судлашди


Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди “Новости Узбекистана” газетасини нафақахўр Жумадилла Усмоновнинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилишда айбдор деб топди.


Газета таҳририяти эса суднинг ҳал қилув қарорига қўшилмаслигини билдирмоқда.

“Новости Узбекистана”нинг 30 март кунги сонида бош муҳаррир Баҳодир Йўлдошев фуқаролик суди қарорига эътироз билдирган.

Таҳририят ва нафақахўр ўртасидаги можаро “Новости Узбекистана” газетасида “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб…” номли мақола чоп этилганидан сўнг бошланган.

Гап шундаки, бир муддат олдин Тошкент шаҳри Қорасув мавзесида яшовчи Жумадилла Усмонов таҳририятга хат йўллайди.

Нафақадаги ўқитувчи ўз мактубида фуқаролик, хўжалик ва жиноят ишлари бўйича суд мажлисларида ишончли вакил сифатида иштирок этиб келаётгани, аммо маъмурий ишларда вакил сифатида қатнашишига судялар томонидан тўсқинлик бўлаётганини маълум қилади. Ушбу ҳолат юзасидан маълумот беришни сўрайди.

2011 йил 25 нояб­р куни “Новости Узбекистана”да Ж.Усмонов мактубига “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб...” номли муносабат-мақола чоп этилади.

Унда пенсионерга юридик билимга эга бўлмай туриб, судда вакил бўлиш мумкин эмаслиги уқтирилади. Бунинг ўрнига кўчаларни ёритиш, йўлларга асфалт ётқизиш, дарахт ва гул экиш, маҳаллада тарбиявий тадбирлар ўтказиш сингари жамоат ишларида жонбозлик кўрсатиш маслаҳат берилади.

Шунингдек, мақолада Ж.Усмоновнинг имтиёзли нафақага чиқарилиши масаласи кўтарилади.

“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб...” мақоласи чиққач, Ж.Усмонов фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Нафақадаги ўқитувчи газетадан шикоят қилиб, 5 миллион сўм маънавий зарар ва раддия талаб қилади.

Ишни кўриб чиққан судя Д. Худойбердиева “Новости Ўзбекистана” таҳририятига 200 минг сўм маънавий зарар тўлаш ва мақола бўйича ёзма раддия бериш мажбуриятини юклайди.

Газета эса “мақола тарбиявий аҳамиятга эга, қолаверса, унда Ж.Усмоновнинг қадр-қиммати поймол этилмаган” деган позицияда.

Таҳририятга кўра, “газета ёпилса ёпилади, аммо раддия чоп қилинмайди”.

Газета суд процессуал қонунчилиги бузилганига ҳам эътибор қаратади. Маълум бўлишича, 2012 йил 27 феврал санаси билан чиқарилган ҳал қилув қарори, бир неча марта сўралганига қарамай, таҳририятга 27 март кунигина берилган.

“Новости Узбекистана” газетаси “Медиа-бизнес” жамияти муассислигида чоп этилади. Кузатувчиларга кўра, мазкур нодавлат газета мамлакат вақтли нашрлари орасида нисбатан эркин позицияси билан ажралиб туради.

Таҳририят “иқтисодиёт, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўткир танқидий мақолалар эълон қилиш”ни асосий вазифа деб белгилаган.

Мутахассисларга кўра, сўнгги йилларда матбуот ва фуқаролар ўртасида судлашувлар кўпаймоқда.

Охирги бир неча йил ичида “Халқ сўзи” газетасидан даъвогар Х.Мираҳмедовга 400 минг сўм, “ХХI аср” газетасидан даъвогар Ж.Болтаевга 900 минг сўм, “Ишонч” газетасидан даъвогар А.Эшонқуловга 150 минг сўм, “Ҳуқуқ оламида” газетасидан даъвогар Й.Холмуродовга 129 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундириб берилган.

“Ҳуррият”, “Адолат”, “Моҳият” газеталари ҳам жавобгарликка тортилган.
XS
SM
MD
LG