Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ўзбек ҳукумати бу йил пахтани болаларсиз термоқчи


Ҳуқуқ фаоллари 2011 йилги пахта мавсумида фарғоналик ўқувчиларнинг дарс пайти пахта тераётганини суратга олган эди.
Ҳуқуқ фаоллари 2011 йилги пахта мавсумида фарғоналик ўқувчиларнинг дарс пайти пахта тераётганини суратга олган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жорий йилда мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик борасида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон болалар меҳнати бўйича огоҳлантирилди


Халқаро Меҳнат ташкилоти Экспертлар қўмитаси март ойи бошида эълон қилган сўнгги ҳисоботида Ўзбекистондаги болалар меҳнати вазиятини таҳлил қилди.

Ушбу ҳисоботда Ўзбекистонда 11-17 ёшдаги болалар маҳаллий хокимликлар томонидан пахта теримига жалб қилиниши қайд қилиниб, Ўзбекистон ҳукуматининг бу ишидан жиддий хавотир билдирилади.

Халқаро Меҳнат ташкилоти расмий Тошкентни мажбурий болалар меҳнатини бартараф этиш учун зудлик билан зарурий тадбирларни амалга оширишга чақиради.


Ҳукумат: пахтани болаларсиз терамиз!


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 мартдаги 82-сонли қарорини Халқаро Меҳнат ташкилотининг ушбу танқидий ҳисоботига жавоб ўлароқ қабул қилиш мумкин.

Ушбу қарорда мактаб ўқувчиларини мажбурий пахта йиғим-теримига жалб қилмаслик алоҳида қайд этилади.

Uzdaily.uz сайти маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори расмий Тошкент томонидан ратификация қилинган “Мажбурий меҳнат” ва “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича тезкор чора- тадбирлар” тўғрисидаги конвенциялардан келиб чиқиб қабул қилинган.

Ушбу икки халқаро конвенциянинг Ўзбекистондаги ижросига бағишлаб қабул қилинган ҳукумат қарорида пахта йиғим-теримида мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик қатъий таъкидланади.

Ушбу ҳужжатда жорий йилнинг август - октябр ойларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мажбурий пахта йиғим-теримига олиб чиқилишига йўл қўймаслик учун мамлкатнинг барча ҳудудларида мониторинг олиб борилиши айтилади. Мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон ҳукуматига таҳлилий маълумотнома тақдим қилинади.

Ҳукуматнинг ушбу қарорини ўрганган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, пахта давридаги ҳукуматнинг мониторингги Жаҳон Банки томонидан молиялаштирилади.

- Ҳукумат мўлжаллаëтган мониторинг вазифаси Ўзбекистондаги Жаҳон банки ваколатхонаси тарафидан молиялаштирилаяпти. Биз бу ташкилот вакиллари билан учрашиб, лойиҳа ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилгандик, лекин бизга жуда минимум маълумот берилди. Ким тарафидан мониторинг ўтказилади, қанақа критерийларга асосан бўлади, булар умуман номаълум. Шунинг учун бу мониторингнинг натижаси ижобий бўлади ва ҳаққоний бўлади, ҳаëтга мос бўлади дейиш ўта мушкул, дейди суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Мактаблар бошқармасидаги маъсуллардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳукуматниннг ушбу қарорида ўқувчиларнинг дарс машғулотларида қатнашиш давомати қаътий назорат остида бўлиб, ўқувчининг дарсда қатнашмаган ҳар бир ҳолати бўйича махсус текширув ўтказиш ҳам белгиланган.

Маълум сабабларга кўра, исми-шарифини ошкор қилмаётганимиз ушбу манбага кўра, пахта мавсуми пайтида ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашиши бўйича маъсулият мактаб директорлари зиммасига юклатилади ва ушбу мажбуриятни бажармаган директорларга нисбатан жавобгарлик кўзда тутилади.

Эндиликда ўқувчиларнинг пахта теримига жалб қилиниши олдини олиш мақсадида Ўзбекистон “Меҳнат кодекси”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларига маълум ўзгартириш ва тузатишлар киритиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисидаги қарори бир тарафдан Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботига жавоб бўлса, иккинчи томондан жорий йил 30 апрелдан- 4 майгача Женевада бўладиган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг 63-сессиясига тайёргарлик сифатида кўрилмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари: пахта болаларсиз терилмайди!


Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили ҳам пахтани болалар кучисиз йиғиштириб олинишини ваъда қилган эди.

Бироқ маҳаллий ҳуқуқ фаоллари кузатувлари бўйича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ўтган мавсумда ўқувчилар пахта теримига яна ялпи жалб қилинди.

Ўзбекистонда ўқувчилар кучидан пахта даврида фойдланилиши бўйича бир қанча мониторинглар ўтказган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов жорий йилда ҳам ўзбек пахтасини болаларсиз йиғиб олинишига ишонмаслигини айтади.

- Кузатишларимизча ҳозирчалик ҳукуматнинг бу режаларини амалда тадбиқ қилиш имконияти мавжуд эмас. Бу йилги пахта мавсумида ҳам мактаб ўқувчиларини ўтган йилгилардай ëппасига пахтага мажбуран жалб қилинишини кутсак бўлади. 2009-2010 йилдан бери ҳукуматда қабул қилинган болалар меҳнатига қарши кураш давлат дастурига қарамасдан, Маъмурий ва Жиноят кодексларига бу борада киритилган ўзгартиришларга ва жазоларнинг қаттиқлаштирилишига, кучайтирилишига қарамасдан ҳали ҳам болаларни мажбурий сифатда пахта йиғим-теримига жалб қилиш кузатиб келинаяпти. Бу йилги мавсумда ҳам шу такрорланади деб ўйлаяпмиз, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси маълумотига кўра, ўтган йили айрим вилоятларда бошланғич синф ўқувчилари, ҳатто 1-синф болаларини ҳам пахтага чиқарилган ҳолатлар кузатилган.

Ўтган йилги пахта қурбони бўлган чироқчилик 13 ёшли Баҳодир Пардаев ҳақида Озодлик бир туркум мақолалар эълон қилди.

Баҳодир 24 сентябр куни пахта теримидан қайтаётиб, автоҳалокатга учраган эди.

Пахтадан қайтаётганда автоҳалокатга учрагач, Баҳодир комага тушди ва фақат тўрт ойдан кейингина ҳушига келди. Бироқ унинг аҳволи ҳануз ўнгланмаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG