Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

Форум 18: Ўзбекистонда одамларнинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланмоқда


Ўзбекистонда диндорлар ва диний эркинлик бўйича фаоллар чиқиш визасини олиш ҳамда мамлакатга кириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Қароргоҳи Ослода жойлашган, диний эркинликларни тарғиб қилувчи "Форум-18" ташкилоти бу ҳақда баёнот тарқатди.

- Ўзбек ҳукумати Совет давридан қолган ОВИР тизимини сақлаб қолган холда четга чиқмоқчи бўлганлар устидан кучли назорат ўрнатган ва ҳозир шу тизим орқали шубҳали кўринган диндорларнинг чет давлатларга чиқишларига тўсқинлик қиляпти,- дейди "Форум-18" ташкилоти фаоли Феликс Корли.

Ташкилот фаолига кўра, чиқиш визасини ололмаётганлар орасида Ҳаж сафарига отланган мусулмонлар ҳам бор.

- "Форум-18" Ўзбекистонда Ҳаж сафарига расман рухсат олган фуқароларнинг айримларига ҳам чиқиш визаси берилмагани ҳолатларини ҳам ўрганди,- дейди Корли.

Шунингдек, насроний ҳамда Ёҳуво гувоҳлари деб аталувчи диний гуруҳининг айрим мансублари ҳам мамлакатдан чиқиш визасини, айрим хорижлик фаоллар эса Ўзбекистонга кириш визасини олиш мушкулотлари билан юзма-юз келишган.

- Ҳар кимнинг вазияти ҳар хил. Лекин, нимага расмийлар бундай шахсларга виза беришдан бош тортаётганини тушиниш қийин. ОВИР идораларидаги расмийлари буни сабабларини айтишмайди,- дейди "Форум-18" ташкилоти фаоли Феликс Корли.

Ҳаж сафарига отланган фуқароларга ҳам чиқиш визаси рад этилаётганини Хорзамдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов ҳам тасдиқлайди.

- Диндорлар ўзлари яшайдиган масжидларга мурожаат қилишади ва уларга рақам айтилади, сен рўйхатда 16инчи, фалон куни кетасан дейилади. Орада маълум муддат ўтгандан кейин, шу одамга сени навбатинг 16инчи эмас, 116инчи бўлиб қолибди, деб айтишади. Уларга ОВИР тасдиқламабди, баъзи техник камчиликлар бўлиб қолибди, дейишади. Шу билан Ҳажга боришни ният қилган одамлар кетмай қолишади,- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Чиқиш визасини олиш азоби

Совет давридан қолган чиқиш виза тартиби туфайли Ўзбекистон фуқаролари ўзлари истаган мамлакатга истаган пайтда кетаолишмайди. Икки йилга рухсат берувчи чиқиш визасини олиш жараёни бир неча хафта, баъзида ойлаб чўзилиши айтилади.

Шунингдек, мазкур чекловлар туфайли одамлар катта миқдорда пул бериб, ишларини битказишга интиладилар. Баъзи ҳолларда чиқиш визасини олиш бир неча юз долларга тушади.

- Фуқаролар ОВИР расмийларининг “Эрта кел, индин кел”, деган баҳоналаридан безор бўлиб кетишган. Фуқаро шу келадиган кунида иши битишини ўйлаб, чет мамлакатга сафар учун билет олиб қўяди. Лекин яна фақат ваъда олиб, билет пули куйиб кетади. ОВИР ходимлари, чўзилиш бизларга боғлиқ эмас, дейдилар. Ҳужжатларда бирон бир камчиликни топиб, аниқ гап ҳам айтмайдилар, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти раҳбарининг ўзи ҳам виза олиш учун мурожаат жараёнида юқоридаги муаммоларга дуч келганини айтади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда фуқароларнинг чет элга чиқиши учун махсус рухсатнома бериладиган ягона давлат ҳисобланади.

- Ҳозир дунёдаги кўплаб давлатлар бу каби чекловларни бекор қилаётган бир пайтда, Ўзбекистон уларни янада кучайтирмоқда, - дейди “Форум 18” фаоли Феликс Корли.

Ҳеч қанақа муаммо йўқ

Хоразмлик 45 яшар Ойпошша сўнгги йилларда Ўзбекистонда биометрик паспорт йўлга қўйилганидан сўнг чиқиш визасини олиш қайтанга енгиллашганини айтади.

- Ҳеч қанқа муммо йўқ. Ҳамма ариза ёзилиб, керкли ҳужжатлар топширилганидан кейин 10 кун ичида сизга қўнғироқ қилишади, тайёр бўлди, келинг деб айтишади. Ўн кундан нарига ўтмаяпти,- дейди Ойпошша опа.

Германияда яшовчи тошкентлик 28 яшар Ойбек ҳам яқинда ҳеч қанақа муаммосиз чиқиш визасини олиб, Берлинга учиб келди.

- Озгина навбатда туриш, қоғоз тўлдиришни ҳисобга олмаса ҳеч қийинчилиги йўқ. Ҳатто пулини тўласангиз қоғозни ҳам ўзлари тўлғизиб беришади, - дейди Ойбек.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўз исмини айтмаган ходимига кўра, чет элга кетаётган шахсларга икки йилга чиқиш визалари бериш жараёни, ҳужжатларни кўриб чиқиш 15 кун, баъзи ҳолларда бу муддат зарурат бўлганда 30 суткагача узайтирилиши мумкин.

- Хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ бўлмаган, судланган ва жараёни ҳали якунланмаган шахсларга чиқиш визаси берилмайди, - дейди ИИВ расмийси.
XS
SM
MD
LG