Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:25

Алишер Кароматов озодликка чиқарилди


Алишер Кароматов олти йилдан буён қамоқда қолаётган эди.
Алишер Кароматов олти йилдан буён қамоқда қолаётган эди.

Тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Алишер Кароматов 12 апрел куни муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди.

Алишер Кароматовнинг қамоқдан чиққани ҳақида Озодликка "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

- Алишер Кароматов бугун қамоқдан чиқди. Биз бу хабарни эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Бизнинг фаолларимиз у билан телефон орқали гаплашишди. У суҳбатда хонадонига соғ-саломат етиб келганидан мамнунлиги, кайфияти яхши эканини билдирди. Алишер муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқарилган, дейди Ташанов.

“Эзгулик” жамиятининг Кароматов озодликка чиққани борасида тарқатган баёнотига кўра, жамият томонидан “БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссариятига тақдим қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Алишер Кароматов иши жорий йилнинг 30 апрель – 4 май кунлари Женевада муҳокама қилиниши кўзда тутилганди. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссариятининг ноқонуний ҳибслар бўйича ишчи гуруҳи котиби Мигель Де Ла Лама ишнинг Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти иштирокида кўриб чиқилишини айтганди”.

Беш йилдан буён сил касаллиги билан оғриётган Алишер Кароматов Қаршидаги 64/49-сонли колонияда сақланаётган эди.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилган.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йилдан қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

2008 йилнинг 25 декабр куни Сирдарё вилоят жиноят ишлар суди Алишер Кароматовнинг кассация тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқиб, дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди. Кейинчалик аппеляция судининг қарори ҳам худди шундай мазмунда бўлди.

Human Rights Watch, Amnesty International, "ACAT-France - Насронийлар қийноқларга қарши" каби бир қатор халқаро ташкилотлар Алишер Кароматов ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти учун сохта айблар билан жазога ҳукм этилганини таъкидлаб, расмий Тошкентдан унинг озодлигини талаб қилиб келаётган эдилар.
XS
SM
MD
LG