Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:47

Россияга ўсимлик маҳсулотлари киритилишига чеклов қўйилди


Бундан кейин Россияга қовун олиб боришдан аввал "справка"сини тайёрлаб қўйиш керак бўлади.
Бундан кейин Россияга қовун олиб боришдан аввал "справка"сини тайёрлаб қўйиш керак бўлади.

16 апрелдан Россияга Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистондан келаётган йўловчиларнинг қўл юки ва багажида ўсимлик маҳсулотларини олиб кириш тақиқланди.

Қишлоқ хўжалиги махсулотлари назорати (Россельхознадзор)нинг қарорига кўра, Душанда кундан бошлаб Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистондан махсус серитификатсиз Россияга олиб кирилаётган қишлоқ хўжалиги махсулоти ва ҳар қандай ўсимликка тақиқ қўйилди.

Бу чора биринчи навбатда ушбу мамлакатларда карантинга киритилган маҳсулотларнинг олиб кирилиши ёки транзити ҳолатларининг кескин кўпайиши билан боғлиқ, дейди Озодлик Радиосига Россельхознадзор матбуот котиби Юлия Трофимова.

- Бу чекловлар Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистондан келаётган йўловчиларнинг қўл юки ва багажида учраётган ҳар қандай ўсимлик махсулотларига тегишлидир, яъни гап бу мамлакатлардан санитария сертификатларига эга, Россия ва халқаро фитосанитария талабларига жавоб берадиган махсулотларга, жумладан сертификатланган тадбиркорлик товарларига тегишли эмас. Қарор фақат Россия ҳудудида амал қилади, Бож Иттифоқига аъзо давлатлар бу масалани ўзаро ҳал қиладилар, деди Россельхознадзор расмийси Юлия Трофимова.

Идорадан олинган маълумотга кўра, 2011 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистондан 130 маротаба, Озарбайжондан 9 маротаба ва Тожикистондан 228 маротаба Россияда карантинга киритилган маҳсулотларнинг олиб кирилиши ёки транзити қилиниши ҳолатлари аниқланган.

Ветеринария ва фитосанитария назорати Федерал хизматининг Астрахан вилояти бўйича ўсимликлар карантини бўлими бошлиғи Надежда Чечевицинанинг Озодликка айтишича, бундан кейин ҳатто ўз истеъмоли учун олиб кирилаётган қуруқ мева ёки бошқа қишлоқ хўжалиг махсулотлари мусодара қилинади ёки ортга қайтариб юборилади.

- Одамлар нима олиб кириши мумкинлиги, нима мумкин эмаслигини билмайди. У меҳмонга кетаётган оддий одам. У албатта совға тарзида чемоданига бир ҳовуч майиз, туршак ёки кўчат солиб олади. Эндиликда бунинг учун у ўз мамлакатининг тегишли идорасида фитосанитария сертификатини олиши шарт. Бу энг аввало баҳор фаслида қишлоқ хўжалиги махсулотлари билан ўзи билмаган ҳолда турли зарарли ҳашаротлар ва хавфли қурт-қумурсқаларни олиб киришлиши хавфи билан боғлиқ, дея изоҳ берди Анстрахан вилоятининг фитосанитария назорати бўлими бошлиғи Надежда Чечевицина.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистондан Россия Федерациясига асосан данакли махсулотлар (ўрик, гилос, олча, олхўри), олма ва бошқа мева турлари, шу жумладан қуритилган мева ва полиз экинлари олиб кирилади.

Россельхознадзор жорий йилнинг март ойида бу уч мамлакатга нисбатан қўл юки ва шахсий багажда ўсимлик махсулотлари импортини тақиқлаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш берган ва тегишли идораларга мурожаат қилган.

Фитосанитария назорати ходимлари мазкур чеклов қайси муддатгача давом этиши ҳозирча ноаниқ эканлигини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG