Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2023, Тошкент вақти: 07:14

Халқаро хабарлар

Москвада бино қулаши оқибатида бир киши нобуд бўлди

Москва жанубида янги қурилаётган олти қаватли бинонинг қулаши оқибатида бир киши нобуд бўлди, 10 киши жароҳат олди.

РИА Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, бино қулаган 500 квадрат метр жойда қутқариш ишларига 300 дан ортиқ одам ва 80 дан ортиқ техника жалб қилинган.

Москванинг Соғлиқни сақлаш бўлими расмийлари жароҳат олган 10 киши “ўртача оғир” аҳволда эканини маълум қилди.

Хабарларга кўра, олти қаватли бино сешанбага ўтар кечаси қулаган.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Lifenews.ru Интернет сайти ўлган ва яраланган одамлар рўйхатини эълон қилди.

1. Абдуллаев Рамиш Баҳромович, 25 ёш
2. Аберанулов Жума Тўраевич, 24 ёш
3. Ашуров Аслиддин Умарович, 17 ёш
4. Ашуров Сахретдин Умарович, 21 ёш
5. Икром-зода Нуриддин Пазлетдинович, 22 ёш
6. Исмурадов Парви, 27 ёш
7. Маминов Оғабек Шералиевич, 22 ёш
8. Мустафаев Ўлмас Аҳмашеевич, 19 ёш
9. Исми номаълум (ҳалок бўлган ва жасади моргда сақланмоқда)
10. Седых Сергей Геннадьевич, 29 ёш
11. Умаров Аслан Фарходович, 36 ёш
12. Ҳалилов Комрон, 18 ёш

Кун янгиликлари

Косово шимолида полиция билан маҳаллий серблар тўқнашди

Лепосавич шаҳри кўчасида кетаётган полициянинг махсус машинаси

Қисман тан олинган Косово Республикаси шимолида 26 май куни яқинда сайланган мулозимларни муниципал биноларга ўтказмасликка уринаётган маҳаллий серблар билан полиция ўртасида тўқнашув бўлиб ўтмоқда.

Associated Press агентлигининг маҳаллий нашрлар маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, тартибсизликлар чоғида бир неча автомобиль ёқиб юборилган. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Тўқнашувлар юзасидан муносабат билдирган Сербия президенти Александр Вучич давлатга қарашли РТС телеканали орқали берган баёнотида ўз фармони билан армияни “юксак ҳозирлик ҳолати”га келтирганини қайд этган. Вучич зудлик билан серб қўшинларини Косово чегарасига ташлаш ҳақида буйруқ берганини ҳам маълум қилган.

Associated Press агентлигининг ёзишича, полиция “сайланган мэрларга ишлаш ҳуқуқидан фойдалана олишда кўмаклашиш” мақсадида Лепосавич, Звечан ва Зубин-Поток жамоатларида рўй берган ҳодисалар бўйича чора кўришга тўғри келганини тасдиқлаган.

Косово расмийлари эскалация учун масъулиятни Сербиядаги тузилмаларга юклаган. Бу ҳақда Озодликнинг Болқон хизмати Косово президенти маъмуриятидан олинган маълумотга таяниб, хабар қилди.

Косово шимолида маҳаллий сайловлар мэрлар косоволик сербларнинг энг йирик партияси – “Серб рўйхати”дан кетгани ортидан 23 апрель куни ўтказилган. Мазкур партия Приштинанинг Сербия рақамига эга бўлган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказишга оид қарорига қарши чиққан эди.

Сайловлар бу тумандаги серб миллатига мансуб аҳолининг кўпчилиги томонидан бойкот қилинган. Сайловда давомат сайловчилар умумий сонининг 3,47 фоизини ташкил қилган.

Косово Республикаси 2008 йили бир томонлама Сербиядан мустақиллик эълон қилган эди. Уни Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари ва АҚШ ҳамда БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг кўпчилиги тан олган, бироқ Россия, Украина, Хитой, Ҳиндистон ва ЕИга кирган бир неча мамлакат ҳалигача Косово мустақиллигини тан олишдан бош тортиб келмоқда. Белград ва Приштина 2013 йилдан буён ЕИ воситачилигида ўзаро муносабатларни изга солишга уриниб келишади.

Сербия билан Косово ўртасидаги можаро ўтган йилнинг июль ойида таранглашган. Ўшанда Приштина Сербиядан кириб келаётган фуқаролар учун муваққат ҳужжат жорий этишга қарор қилган ҳамда серб озчилигидан Сербиянинг эски авторақамларини маҳаллий рақамларга алмаштиришни талаб қилган. Ноябрь ойи охирида Косово ва Сербия ЕИ ўртамчилигида автомобиль рақамлари атрофидаги мунозарани бартараф қилишга муваффақ бўлишган, бироқ минтақада можаролар келиб чиқиши ҳалигача давом этмоқда.

Туркиядаги президент сайлови: Қиличдорўғли рақиби Эрдўғонни судга берди

Туркия президенти лавозимига номзодлар - амалдаги президент Эрдўғон (ч) ва бирлашган мухолифат номзоди Қиличдорўғли (ў)

Туркиядаги президент сайловида мухолифат номзоди ўлароқ иштирок этаётган Жумҳурият халқ партияси лидери Камол Қиличдорўғли сайловдаги рақиби Ражаб Тоййиб Эрдўғонни сохта видео тарқатганликда айблаб, судга берди. Бу ҳақда Қиличдорўғлининг адвокати Желал Челик Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур видеода ЖҲП лидери Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчи партияси (PKK) билан алоқада айбланган.

Адвокат Челик мухолифатчи Қиличдорўғли номидан берилган даъво аризасида етказилган маънавий зарар учун Эрдўғондан 1 миллион турк лираси (тақрибан 50 минг АҚШ доллари) миқдорида товон пули талаб қилинганини билдирган.

Челикка кўра, агар Қиличдорўғли бу судда ғалаба қозонса, ундирилган пулни террорчилар билан жангларда қурбон бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари ўқиши учун сарфламоқчи.

Жорий йилнинг 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган президент сайловида номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаган. Сайловнинг иккинчи босқичига, МСК расмий маълумотларига кўра, 49,52 фоиз овоз олган Эрдўғон билан 44,88 фоиз овоз олган Камол Қиличдорўғли чиққан. Президент сайловининг иккинчи босқичи келаётган якшанба, яъни 28 май куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Лукашенко: Россия Беларусга ядровий қуролларни кўчира бошлади

Беларусь президенти Александр Лукашенко.

Беларусь президенти Александр Лукашенко Москванинг “Биринчи канал”ига берган интервьюсида Россия Беларусга ядровий қуролларни кўчириш жараёнини бошлагани тўғрисида билдирди.

“Биз ядровий қуролни сақлаш жойларини тайёрлашимиз лозим эди. Биз буни амалга оширдик, шунинг учун ядровий қуролни кўчириш ишлари бошланди”, - деди Лукашенко.

Журналистнинг “Беларусь ҳудудига ядровий қурол етиб бордими”, деган саволига Лукашенко “Бўлиши мумкин. Мен борганимда кўраман”, деб жавоб берди. Бу вақтда Лукашенко Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Москвада бўлиб турган эди.

Россия ва Беларусь мудофаа вазирлари 25 май куни Минскда бўлиб ўтган учрашувда Россиянинг ностратегик ядровий қуролини Беларусь ҳудудида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаган.

БелТА давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Виктор Хренин ва Сергей Шойгу “ҳарбий-сиёсий вазият ҳамда мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари”ни ҳам муҳокама қилган.

Беларусга Россия ядровий қуроллари жойлаштирилиши тўғрисида президент Владимир Путин 2023 йилнинг мартида баёнот берган эди. Унга кўра, Беларусда 1 июлгача ядровий қуроллар сақланадиган жойларнинг қурилиши якунланиши лозим.

Қўшфуқаролиги бўлган тожикистонликларнинг Россиядан чиқиши тақиқланди

Ҳарбий хизматга электрон чақирув олган қўшфуқаролиги бўлган тожикистонликларга Россияни тарк этиш тақиқланди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати Россияда яшаётган тожик фуқароларига таянган ҳолда хабар берди. Манбалар бу ҳақда Россиянинг “Давлат хизматлари портали”дан маълумот олганларини айтганлар.

Бу маълумотни мигрантлар ҳуқуқи ҳимоячиси Валентина Чупик ҳам тасдиқлади. Чупикнинг билдиришича, унга армияга электрон чақирув олган тожикистонликлар мурожаат қилган. Унга кўра, Россия ҳукумати қўшфуқароликка эга бўлганларни Украинадаги урушга жўнатиши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин 14 апрелда ҳарбий хизматга электрон чақирув тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Кузатувчилар бу қонун Россия фуқаролигини олган мигрантларга ҳам таалуқли бўлишини билдирган эди.

Қонунга асосан электрон чақирув фуқаронинг “Давлат хизматлари портали”даги шахсий кабинетига жойлаштирилади. Электрон чақирувни олган фуқаролар ҳарбий комиссариатга бориши шарт ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқланади.

Расмий маълумотларда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ 45 мингга яқин тожикистонлик Россия фуқаролигини қабул қилган.

Озарбайжон ва Арманистон ўзаро ҳудудий яҳлитликни тан олишга келишди

25 майда Россия президенти воситачилигида Москвада Озарбайжон ва Арманистон лидерларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Баку ва Ереван ўзаро ҳудудий яҳлитликни тан олишга келишгани тўғрисида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Москвада ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев йиғилишда Бакунинг Арманистонга ҳудудий даъвоси йўқлиги тўғрисида баёнот берди. Алиевга кўра, Ереван Озарбайжон ҳудудий яҳлитлигини тан олишга тайёрлигини билдиргани ортидан сулҳ битимини имзолаш учун имконият пайдо бўлди.

22 май куни Ереванда ўтган матбуот анжуманида Пашинян Арманистон Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди эканини тан олишга тайёрлигини айтган эди. Пашинян бунинг учун Бакуга Тоғли Қорабоғдаги этник арманлар хавфсизлиги кафолатланишини шарт қилиб қўйганди.

25 майда Россия президенти Владимир Путин воситачилигида Москвада Озарбайжон ва Арманистон лидерларининг учрашуви бўлиб ўтди. Дастлаб Алиев ва Пашинян Путин билан алоҳида-алоҳида учрашди. Кейин эса уч томонлама музокаралар ўтказилди.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ўзига қайтарди.

Минскда Россия ядровий қуролини Беларусга жойлаштиришга оид ҳужжатлар имзоланди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу беларуслик ҳамкасби Виктор Хренин билан, Минск, 2023 йил 25 майи

Россия ва Беларусь мудофаа вазирлари 25 май куни Минскда бўлиб ўтган учрашувда Россиянинг ностратегик ядровий қуролини Беларусь ҳудудида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашган.

БелТА давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Виктор Хренин ва Сергей Шойгу “ҳарбий-сиёсий вазият ҳамда мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари”ни ҳам муҳокама қилишган.

Мудофаа вазири Шойгу Беларусни Россиянинг “содиқ иттифоқси ва ишончли ҳамкор” деб атаб, иккала мамлакат гўё ўзларига қарши эълон қилинмаган уруш олиб бораётган “коллектив Ғарб”га қарши биргаликда қаршилик кўрсатаётганини айтган. Айни пайтда Шойгу бу ерда гап Беларусга ядровий қурол бериш ҳақида бормаётганини, уни қўллаш қарори ҳали ҳам Москва ихтиёрида эканини қайд этган.

Москвадаги Евросиё иқтисодий форуми сессияси арафасида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия ва Беларусь “икки мамлакат – бир давлат” формуласи асосида “дунё сиёсий тарихида ўзига хос прецедент яратишган”ини айтган эди.

Кечирасиз-у, ҳозирда ҳатто ядро қуроли ҳам икки мамлакат учун битта”, деган Тоқаев. У ЕОИИ доирасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон билан тамсил этилган интеграциясининг бошқа бир даражаси ҳам борлигини ва “бу реаллик билан ҳисоблашиш лозим”лигини урғулаган.

Бу шароитда қандай ишлаймиз – бу концептуал масаладир. Мазкур муаммони муҳокама қилиб олишимиз зарур, деб ўйлайман”, деган Тоқаев.

Қозоғистон аввалроқ ўзини мустақил деб эълон қилиб олган “Луганск халқ республикаси” ва “Донецк халқ республикаси” мустақиллигини, шундан келиб чиққан ҳолда, Россия томонидан Украина вилоятларининг аннексия қилинишини тан олмаган эди. Беларусь ҳам аннексияни тан олгани ҳақида очиқ-ойдин баёнот берган эмас, гарчи Александр Лукашенко “ДХР”га Россия томонидан раҳбар этиб тайинланган Денис Пушилин билан бўлса-да.

Россия ўз тактик ядровий қуролини Беларусь ҳудудига жойлаштирмоқчи экани ҳақида президент Владимир Путин жорий йил мартида эълон қилган эди. Унга кўра, 1 июлга бориб мазкур қурол сақланадиган иншоот қурилиши якунига етади. АҚШ ва НАТО мамлакатлари Россия ва Беларусь расмийларининг бу қарорини қоралашган.

Тактик ядровий қурол тушунчасига аниқ бир таъриф берилмаган – тахминларга кўра, бу ерда гап қуввати катта бўлмаган ядровий бомбалар ҳамда стратегик (қитъалараро) ядро қуролига кўра яқинроқ манзилга учадиган ракеталар ҳақида бормоқда. “Искандер” ракеталарининг ҳаракат радиуси 500 километргача экани айтилади, яъни Беларусь ҳудудида жойлаштирилган ракеталар Польша, Болтиқбўйи мамлакатлари, шунингдек, қисман Германия, Словакия, Чехия ва Украина ҳудудлари учун хавф солиши мумкин.

Россиянинг Душанбедаги элчиси Тожикистон ТИВга чақиртирилди

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Россияда тожикистонликларнинг оммавий қўлга олинаётгани юзасидан “хавотир изҳор этиш учун” 24 май куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

ТИВ хабарномасига кўра, чоршанба кунги учрашувда Россиянинг Хабаровск ўлкасида рўй берган нохуш ҳодиса ҳам муҳокама этилган.

Аввалроқ Озодлик Амур бўйидаги Комсомольск шаҳрида университетда таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар ётоқхонада маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан калтаклангани, ОМОН рейди чоғида 100 дан зиёд талаба жабрлангани ҳақида хабар қилган эди.

Университет ректори Эдуард Дмитриев талабалар ёппасига калтакланганини рад этган, у воқеани “миграция хизмати рейди чоғида талабаларнинг текширувчилар билан бўлган можароси” дея таърифлаган.

Душанбелик мулозимлар бу каби нохуш кўринишлар Тожикистон-Россия ҳамкорлиги руҳига уйғун эмаслигини ва таълим соҳасидаги бундан буёнги ҳамкорликка путур етказиши мумкинлигини урғуланганлар.

Озодликнинг тожик хизмати Россиянинг турли ҳудудларидан ўтказилган рейдлар, тожикистонлик мигрантларнинг калтакланиши ва таҳқирланиши акс этган ўнлаб янги видео олгани ҳақида хабар қилган.

Россия Олий суди мухолифатдаги ПАРНАС партиясини ёпиш ҳақида қарор чиқарди

ПАРНАС партиясининг таъсисчи лидерларидан бири Михаил Касьянов (архив сурати)

Россия Олий суди Адлия вазирлиги аризасини қаноатлантириб, Халқ озодлиги партиясини (ПАРНАС) тугатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилди.

ПАРНАС 2010 йилларда рўйхатга олинган кам сонли мухолифатдаги сиёсий партиялардан бири эди. 2015 йили ўлдириб кетилган Борис Немцов ҳам мазкур партия раҳбарларидан бири бўлган.

“Медиазона” нашрининг Адлия вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, партиянинг ҳудудлардаги бўлимлари сони 47 тадан 40 тага тушган, бу эса Россиядаги ҳудудлар ярмидан камдир.

Олий судда бўлиб ўтган маҳкама чоғида ПАРНАС вакиллари ҳозиргача 40 та эмас, балки 44 та бўлим фаолият кўрсатаётганини иддао қилишган. Бироқ бу етарли эмас, чунки россиялик расмийлар ўз субъектларини сонини кўрсатишда Москва томонидан ишғол этилган Украина ҳудудларини ҳам ҳисобга қўшганлар. Аннексия қилинган Қрим, Севастополь ва тўрт вилоят билан қўшиб ҳисоблаганда Россиядаги ҳудудлар сони 89 тага етади, россиялик мулозимлар айнан шу рақамни эътиборда тутишади.

Аввалроқ Адлия вазирлиги ПАРНАС партиясининг рўйхатга олинишини тўхтатиб қўйган. Сўнгги пайтларда, айниқса, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин партия деярли фаолият кўрсатмаган.

ПАРНАС илк бор 2012 йили рўйхатга олинган бўлиб, ўшанда партияга Владимир Рижков, Борис Немцов ва Михаил Касьянов ҳамраис этиб сайланишган. Кейинроқ Рижков раҳбарликдан кетган. Партиядан Ярославль вилояти қонун чиқариш йиғинига депутат бўлиб сайланган Немцов 2015 йил февралида Москвада ўлдириб кетилган. Шундан сўнг партиянинг ягона лидери Михаил Касьянов бўлиб қолган эди.

Россиядаги мухолифатчи кучлар ПАРНАС базасида Алексей Навальний тарафдорлари иштирокида катта коалиция тузишга уринишган, бироқ бу иш муваффақиятсиз якунланган. 2016 йили партия Дума сайловида иштирок этган, бироқ, расмий маълумотларга кўра, 1 фоиздан камроқ овоз олган. Сўнгги йилларда ПАРНАСнинг бир қатор фаоллари қатағонга учраган, улардан айримлари Россияни тарк этишга мажбур бўлган.

Республикачи Рон Десантис ўз номзодини президентликка кўрсатди

Десантис амалдаги президент Жо Байденнинг асосий рақиби бўлиши кутилаётган эди.

Флорида губернатори, республикачи Рон Десантис АҚШ федерал сайлов комиссиясига 2024 йилдаги президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этиши ҳақида билдирув киритди. У партиядоши бўлган собиқ президент Дональд Трамп билан номзодлик учун курашади. Десантис ўзининг твиттер саҳифасида ва Twitter Spaces платформасида Илон Маск билан қилган суҳбатида президентликка номзодини қўйганини айтди.

Ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Десантис бир муддат Трампдан устунликка эришган ва амалдаги президент Жо Байденнинг асосий рақиби бўлиши кутилаётган эди. Бироқ сўнгги ҳафталарда республикачилар орасида унинг рейтинги сезиларли даражада пасайди ва Трампдан ортда қола бошлади.

“Десантис Байденни енгиши мумкин бўлган ягона республикачи номзод бўлиши мумкин, бу унинг номзодини қўллаб-қувватлаш учун асосий аргументдир”, деб ёзди “Америка овози”.

Губернатор Флорида штатида абортларни кескин чекловчи, аҳолига қуролни яширин тарзда олиб юришга рухсат берувчи, ўқувчиларга хусусий мактабларда ўқиш имкониятини берадиган ваучер дастурини кенгайтирувчи ва давлат университетларидаги инклюзив дастурларни молиялаштиришни бекор қилувчи қарорларни қабул қилган.

Десантис айни пайтда Walt Disney Co билан судлашишда давом этмоқда. Ширкат давлат мактабларида гендер тенглик концепциясини ўқитишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни танқид қилиб чиққан эди. Walt Disney Co Десантис устидан федерал судга ариза киритган. Ширкат губернаторни штат ҳукуматидан Walt Disneyга босим ўтказишда фойдаланаётганликда айблаган.

Республикачилар партиясидан АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси никки Хейли ва Жанубий Каролина штатидан сенаторликка сайланган Тим Скотт ҳам президентликка номзодини кўрсатган.

Россия Давлат думаси мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилишни таклиф этди

Иллюстратив сурат.

Россия Давлат думасига халқ таълими тўғрисидаги қонунга мактаб ўқувчиларини ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилишга оид ўзгартиш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси тақдим этилди. Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири бўлган депутат Ольга Казаковага кўра, бу ўзгартишнинг қабул қилиниши мактаб ўқув дастурини янада мукаммаллаштиришга хизмат қилади.

Казакованинг фикрича, ўқувчиларни “мактаблар атрофига гуллар ва дарахтлар экишга, мактаб биносини ва синфларни безатишга, музей ва кутубхоналарга ёрдам кўрсатиш”га тортиш мумкин.

Казакова бу таклифни ўтган йили ҳам киритган эди. Ўшанда ўқувчиларни ота-оналар рухсати билангина мажбурий меҳнатга жалб қилиш тўғрисида гап борган. Айни пайтда Россия халқ таълими қонунида болалар меҳнати тақиқланган.

Бельгияда 16 ёшдагиларга Европарламент депутатларини сайлаш ҳуқуқи берилди

Бельгиядаги сайлов участкаларидан бирида олинган сурат.

Бельгия ҳукумати Европарламент депутатлигига сайловда овоз беришда иштирок этувчиларнинг минимал ёшини камайтирди. Эндиликда ёши 16 га тўлган ўсмирлар Европа парламенти депутатларини сайлаш ҳуқуқига эга бўлди.

Бельгия ички ишлар вазири Аннелиз Верлинден шу муносабат билан ёшларга мурожаат қилар экан: “Ёш чекловини ўзгартириш орқали биз аниқ мужда йўлламоқдамиз. Биз сизнинг овозингиз ва фикрингизни билишни, уларни ҳисобга олишни истаймиз”, - деб айтди.

Янги қоидага асосан 280 минг ўсмир 2024 йилда ўтадиган сайловда қатнашиш имкониятига эга бўлди. Овоз беришни истаган ўсмирлар бунинг учун аввалдан сайловчилар рўйхатидан ўтишлари лозим бўлади.

Бельгия Мальта, Германия ва Австриядан кейин 16 ёшлиларга сайлаш ҳуқуқини берган тўртинчи давлат бўлди, деб хабар берди "Евроньюс".

Туркманистонда полиция икки аёлни “номуносиб кийинганлик”да айблаб қўлга олди

Ашхабод кўчасидаги аёллар ва полиция ходимлари.

Туркманистоннинг Мари шаҳридаги «Мару-шаху Жахан» бозори яқинида 22 май куни полиция икки аёлни «номуносиб тарзда кийинганлик»да айблаб қўлга олди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Аёллар полиция бўлимига олиб келинган ва бир неча соат сўроқ қилинган. Полиция бўлимида аёлларга «жамоат жойларида енгил табиатлик қилмаслик шартлиги» уқтирилган. Шундан сўнг улар уйларига қўйиб юборилган.

Озодлик радиоси туркман хизматининг ўз манбаларига таянган ҳолда билдиришича, дастлаб аёллар нега ушланганларини тушуна олмаган. «Сизлар туркман аёллари учун номаъқул бўлган кийимни кийгансиз. Кўйлагингизни қаранг, сийнангизнинг ярми кўриниб турибди», деб иқтибос келтирган гувоҳлар полициячиларнинг сўзларидан.

Аёллардан «туркман одатларига амал қилиш»ни талаб қилган полициячиларнинг ўзлари эса сўроқ пайтида уят сўзларни айтишган.

Туркманистон қонунчилигида «маъқул» ёки «номаъқул» кийимлар тушунчаси мавжуд эмас. Шунингдек, қонунчиликда жамоат жойларида ўзини қандай тутиш ва кийинишга оид қоидалар ҳам йўқ. Шунга қарамай, Сердар Бердимуҳамедов президентликка келганидан сўнг аёлларнинг кийиниши ва ташқи кўринишини назорат қилиш кучайиб бормоқда.

Россия қамоқхоналаридаги 450 дан зиёд қирғизистонлик маҳкум ватанига экстрадиция қилинишидан бош тортди

Россиядаги қамоқхоналардан бири

Россия қамоқхоналарида сақланаётган 459 нафар қирғизистонлик фуқаро ватанига экстрадиция қилиниш имкониятидан воз кечган. Бу ҳақда Бишкекда бўлиб ўтган давра суҳбатида Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти раҳбари Алмаз Букалаев маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

ТИВ мулозимига кўра, Россиядаги маҳкумлардан фақат 33 нафаригина Қирғизистон қамоқхоналарига кўчирилган.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Россия қамоқхоналарида мингдан зиёд қирғизистонлик жазо ўтамоқда, улардан кўпчилиги наркотик айланмаси билан боғлиқ жиноятларда айбланишган.

“Жорий йилнинг I кварталида [Қирғизистонга] 19 нафар фуқаро кўчирилган. Яна 38 киши экстрадицияси ҳақида музокаралар олиб борилмоқда”, дея қўшимча қилган Букалаев.

У Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги қамоқхоналарда жазо ўтаётган жами 550 нафар қирғизистонлик фуқаро билан шахсий суҳбат ўтказган, бу маҳкумларнинг 400 нафари Россия қамоқхоналарида ўтирибди.

Украинадаги урушда талафот катта бўлгани сабабли Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати Россия қамоқхоналаридаги маҳкумларни урушга ёллаш билан шуғулланмоқда. Қамоқхоналардаги айрим маҳкумлар ўз ихтиёрлари билан шартнома имзолашган, бошқалари эса босим бўлаётганидан шикоят қилишган. Урушга ёлланган маҳкумлар орасида қирғизистонликлар ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган фуқаролар ҳам бор.

Петербург яқинидаги саноат ҳудудида содир бўлган портлашда ўзбекистонлик ишчи нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Ленинград вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш ҳудудида 23 май куни содир бўлган портлаш оқибатида 41 ёши ўзбекистонлик дохил уч киши ҳалок бўлган.

“ЛЕН ТВ 24” хабарига кўра, портлаш Новосергиевка қишлоғида содир бўлган. “Дидал-СК” корхонаси ҳудудида пайвандлаш ишлари олиб борилаётган пайтда денгиз понтони ёрилиб кетган.

Портлаш чоғида ўзбекистонлик муҳожирдан ташқари петербурглик 37 ёшли йигит ҳамда тожикистонлик 50 ёшли ишчи нобуд бўлган.

Шунингдек, нохуш ҳодиса натижасида тожикистонлик 51 ва 54 ёшли ишчилар оғир тан жароҳати олгани, енгилроқ жароҳат олган 47 ёшли яна бир эркак эса тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига жўнатиб юборилгани айтилган. Хабарда уйига йўлланган ишчининг қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритилмаган.

Портлашга янги бўёқнинг буғланиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия Жиноят кодексининг 216-моддаси (Қурилиш ёки бошқа ишларни юритиш чоғида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши) бўйича иш қўзғатганлар.

Бош вазир Кисида Япониянинг НАТОга кириш режаси йўқлигини билдирди

Япония бош вазири Фумио Кисида

Японияда НАТОга аъзо бўлиш режаси йўқ, бироқ Токиода альянснинг офисини очиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда, Reuters агентлигининг хабар қилишича, Япония бош вазири Фумио Кисида ҳукумат мажлиси чоғида билдирган.

Бош вазир Японияда НАТО офисини очиш бўйича қарор қабул қилинган-қилинмагани ҳақида ўзида маълумот йўқлигини айтган. Кисидага кўра, Япония НАТОга аъзо бўлишни режалаётгани йўқ.

Аввалроқ Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Токиода НАТО ваколатхонасини очиш режаланаётгани, бу альянснинг Осиёдаги илк офиси бўлишини билдирган эди. Хаяси Россиянинг Украинага бостириб кириши бутун дунёдаги барқарорликда ўз аксини топаётганини урғулаган. Унга кўра, Япония ўз минтақаси хавфсизлигини мустаҳкамлаши лозим. Дипломат гарчи ўз мамлакати НАТОга аъзо бўлмаса-да, НАТО офисининг очилиши томонларнинг тиғиз ҳамкорлик қилишидан далолат беришини қайд этган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бу борада Токио билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган. У Японияни Шимолий Атлантика альянсининг яқин ва муҳим ҳамкори, деб атаган.

НАТОга Атлантика океанининг шимолий қисми ҳавзасида жойлашган Шимолий Америка ва Европа қитъалари мамлакатлари киради. Тинч океани чеккасида жойлашган Япония эса ўзининг географик жойлашуви туфайли НАТОга кира олмайди.

Айни пайтда НАТО альянсга кирмаган Швеция, Швейцария, Австрия ва Украина каби мамлакатларда бир неча бюросига эга. Улар НАТО ва бу ўлкалар ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланишади, бу мамлакатларнинг ҳарбий идораларига ахборот ва консультатив дастак кўрсатиб келади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG