Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:23

Рустам Усмонов оиласи президентдан мурувват кутяпти


Рустам Усмонов.
Рустам Усмонов.

Ўзбекистондаги илк хусусий банк "Рустамбанк" эгаси, 14 йилдан буён қамоқда қолаётган Рустам Усмоновнинг ўғли Шуҳрат Усмонов президент Ислом Каримовдан отасини озод қилишни сўради.

"Президентдан мурувват кутаяпмиз"

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига йўлланган очиқ хат орқали Шуҳрат Усмонов президентдан отасини кечиришни ва озодликка чиқаришини сўрайди.

- Бу энди нима, 64 га кирди. У 14 йилдан бери қамоқда. Балки мурувват қилар. Хатни ёзишдан мақсад дадамнинг тезроқ чиқиб кетишида. Самый главный у чиқса бўлди. Неваралари бор мана уже. Ҳаммаси катта бўлиб қолди. Кам кўришишаяпти. Узоқ. Аям икки йилдан бери кўргани йўқ дадамни. Боради, бошқа жойга кетиб қолади ëки киргизишмайди. Муҳими уни озод этишса бўлди,- дейди Шуҳрат Усмонов.

Очиқ хатда ёзилишича, президент Каримовдан аввал ҳам бир неча бор Рустам Усмоновнинг қамоқдан чиқарилиши сўралган ва бу илтимослар жавобсиз қолгач, унинг 14 йиллик қамоқ муддати тугаши кутилган.

Озодликка чиқай деганда қўшимча муддат

Шуҳрат Усмоновнинг айтишича, иқтисодий жиноятларда айбланиб, 14 йилга қамалган отасининг озодликка чиқишидан 12 кун аввал унга яна беш йиллик муддат қўшиб берилгани уларнинг умидларини пучга чиқарган. Усмоновлар оиласи шундан кейин президентга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Қўнғирот туман судининг Рустам Усмоновга нисбатан чиқарган ҳукмининг нусхаси.
Қўнғирот туман судининг Рустам Усмоновга нисбатан чиқарган ҳукмининг нусхаси.
Жорий йилнинг 1 феврал куни Қўнғирот туман суди ҳукмига кўра, Рустам Усмонов Жиноят кодексининг 221-моддаси 2-қисми (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик модаси) бўйича - қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланиб беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

- Сроги келганда чиқиши керак эди. Яна қўшиб беришди. Ухлаб қолибди деб битта статья ëзибди. Яна битта статьяси ëнидаги одамга зубной паста берибди. Ўшанга 5 йил қўшиб берибди. Бу нарушение экан. 14 йил ётди, чидадик, энди бўлса яна беш йил қўшиб берди йўқ нарсадан. “Суд бўлгани йўқ, прокурор келгани йўқ. Мени Жаслиқдан Нукусга олиб келишди. Икки ой ушлаб туришди. Ҳеч қанақа суд бўлмади” деди отам,- дейди Шуҳрат Усмонов.

Суд ҳукмида Рустам Усмоновнинг қамоқхона ички тартибини мунтазам бузиб келгани ва бошқа маҳкумларни ҳам тартибни бузишга ундагани ҳақида айтилади.

Озодлик эвазига 60 миллион доллар суюнчи

Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган Рустам Усмонов бундан икки йил аввал озодликка чиқса, 60 миллион АҚШ долларини Ўзбекистон ҳукуматига ҳадя қилиши ҳақида қамоқдан туриб баёнот берган эди.

Ўғли Шуҳратнинг айтишича, ўн кун аввал Жаслиққа бориб отаси билан учрашганида, у 60 миллион долларлик ваъда ҳали ҳам ўз кучида эканлигини айтган.

- 60 миллион доллар. Бу ҳали ҳам режада, “Мен ўзим қиламан бу нарсани. Мен қилиб бераман, бор нарсани” деб менга бу сафар ҳам айтди. У порамас, бошқамас, суюнчи сифатида озодликка чиқиши учун,- дейди Шуҳрат Усмонов.

Рустам Усмонов озод бўлган тақдирда 60 миллион доллар Ўзбекистондаги “Баркамол авлод” жамғармасига ўтказиб берилиши ваъда қилинган.

Бу пулнинг 50 миллиони ташқаридаги банкларда ва ундан 10 миллиони Ўзбекистон ичкарисида экани айтилган эди.

Шуҳрат Усмоновга кўра, отаси пул билан боғлиқ ваъдасига ўғилларини арлаштирмаяпти. Бироқ бу амалга ошиши аниқ бўлган ваъда эканлигини таъкидлайди суҳбатдош.

Чувалчангдан олтин қилган тадбиркор

Рустам Усмонов 1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилди. Иқтисодий мавзуларда мақолалар ëзиб юрган олим Горбачëв даврига келиб тадбиркорлик билан шуғулланди.

1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очди. Канада ëмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланди.

1992 йилда очилган Ўзбекистондаги илк хусусий банк - "Рустамбанк" эагаси ҳам айнан Рустам Усмонов бўлди.

90-йилларида Рустам Усмонов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эътиборига тушган тадбиркорлардан бири бўлди.

Сал ўтмай Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатган “Рустамбанк” ëпилди ва Рустам Усмоновнинг ўзи қора курсига ўтқазилди.

1998 йил 19 октябр куни Андижон вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
XS
SM
MD
LG