Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Маҳалла қўмиталари аҳоли қарздорлигини тугатмоқда


Йиллардан бери на газ ва на электрга ëлчимаëтган аксар ўзбекистонликлар коммунал тўловлар ва турли солиқлар учун қарздорга чиқарилган.
Йиллардан бери на газ ва на электрга ëлчимаëтган аксар ўзбекистонликлар коммунал тўловлар ва турли солиқлар учун қарздорга чиқарилган.

Ўзбекистонда маҳалла қўмиталари фуқароларга бериладиган ҳар бир ҳужжат эвазига коммунал қарзи йўқлиги ҳақидаги тасдиқнома талаб қилмоқда.


Маҳалла қўмитаси вазифаси яна биттага кўпайди

Шу йилнинг апрел ойидан бошлаб, Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги маҳалла қўмиталарига аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлигини ёпишга оид ички топшириқ берилган.

Озодлик боғланган Тошкент ва Фарғона вилоятидаги бир қатор маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотларга кўра, апрел ойи бошидан маҳалла қўмиталари маълумотнома сўраб келаётган фуқаролардан коммунал қарзи йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиши шарт.

- Апрел ойидан қарор чиққан, бирорта ҳам маълумотнома берманг ҳеч кимга, қарзи йўқ, деган маълумотномани берганидан кейин бергин ҳужжат, дейишяпти. Шунинг учун ҳозир 50 минг қарзи бўлса, ҳеч бўлмаса, 25 мингини тўлатишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзи бизнинг маҳаллада ҳозир 200 миллиондан ортиқ қарздорлик бор. Тушунгани тушуниб, тўлаяпти. Квитанцияларни келиб топшираяпти, дейди Фарғона вилоятидаги маҳалла қўмиталаридан бири раиси.

Тошкент шаҳридаги қатор маҳалла қўмиталари ходимлари бундай вазифа ўзларига ҳам юклатилганини тасдиқладилар.


Эски талаб энди кескинлашди

Маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотларга кўра, аслида бундай талаб сал юмшоқ шаклда аввалдан ҳам бўлиб келган.

- Талаб қилардик фақат, тўлаб келинглар илтимос, деб. Олдиндан бор эди. Лекин ҳозир қарздорлик жуда осмонга чиқиб кетди. Шунинг учун, шунақа қаттиқ талаб бўлаяпти. Ҳозир қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотномани кўрсатмаса, ҳеч қанақа маълумотнома берилмаяпти, дейди Тошкент шаҳридаги маҳалла қўмиталаридан бирининг исмини ошкор қилмаган раиси.

Расмий маълумотларга кўра, аҳоли тўловларини йиғиб оладиган деярли барча ташкилотлар, жумладан, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари, электр ва газ таъминоти идоралари, солиқ қўмиталари аҳоли қарздорлиги бўйича мавжуд маълумотларни яшаш жойидаги маҳалла қўмиталарига мунтазам тақдим этиб бормоқда.

Сўнгги бир неча йил ичида маҳалла қўмиталари фаоллари бу маълумотлар асосида аҳолини қарздорликдан қутулишга чақириб келган.

- Масалан, бизнинг маҳаллада қарздорларнинг рўйхати бор. Бирор маълумотнома сўраб келишса, мен қарздорлигига қарайман. Қарзи катта бўлса бермайман, тўғриси. Айниқса, солиқданам баъзиларда катта қарз бўлиши мумкинда. Шуни озгина-озгинадан бўлса ҳам, тўланглар, деб тўлаттираяпмиз¸ дейди Тошкент шаҳридаги яна бир маҳалла қўмитаси раиси.

Маҳалла қўмитаси расмийларига кўра¸ катта шаҳарлар, айниқса, Тошкентда аҳолининг коммунал тўловлар, хусусан, иссиқ сувдан қарздорлиги кўпроқ экани кузатилади.

- Тўғрисини айтсам, бизнинг ҳудудимиз ҳам ўзи оғирроқ ҳудудда. Асосан, ижтимоий қийналган қатлам бизда. "Унақа справка берилсин, деб қаерда ёзилган? Нима энди сизларни деб болам боғча ёки мактабдан қолиши керакми?" деган жанжаллар ҳам бўлган. Ўзи шундоғам қийналиб ётибди ҳамма. Лекин барибир анча-мунча тўлашаяпти, қарздорлар ҳам оз қолди бизда, дейди Тошкентдаги маҳаллалардан бири раиси.


Қарздорга нафақа ҳам¸ ойлик ҳам йўқ

Аҳоли бундай талабни сўнгги йилларда коммунал тўловни ундириш бўйича кескинлашиб бораётган талабларнинг навбатдагиси ўлароқ қабул қилмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳрида истиқомат қиладиган Дилбар исмли аёл, ҳатто, болалар пулига ҳужжат топширмоқчи бўлган оналардан коммунал тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотнома сўралаётганига муносабат билдирди.

- Келинларимиз, қўшниларимиз боришса маҳаллага, шунақа квитанцияларни олиб келиб кўрсатинглар, деяпти. Кўрсатаяпмиз энди. Биз пенсиядан тўлаяпмизку ҳар ой. Кейин ўша ерни ўзида болалар пулиданам кесиб қолаяпти, тўлатишяптида бир амаллаб, дейди наманганлик суҳбатдош.

Тошкентлик Муяссар опа ҳам коммунал қарздорликни тугатиш бўйича талабнинг кескинлашганини тилга олар экан, бу борада бошқа бир жиддий муаммо бор, деб қўшимча қилди.

- Масалан, мен тўловларни йил бошидан тўлаб қўяман. Лекин нимагадир йил охирида яна қарзингиз бор, қарзингиз бор, деб келаверади. Булар билан бориб қанча тортишсангиз, фарқи ҳам фойдаси ҳам йўқ, қарз бўлиб қолаверасиз. Маҳаллага борсангиз, тўлаганингиз ҳақидаги маълумномани кўрсатинг¸ дейишади, тамом, дейди тошкентлик Муяссар опа.
XS
SM
MD
LG