Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:21

Uznews.net ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати зиддиятга киришди


Мунозараларга Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси шаънига Uznews.net нашрида билдирилган фикрлар сабаб бўлди.
Мунозараларга Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси шаънига Uznews.net нашрида билдирилган фикрлар сабаб бўлди.

Томонлар зиддиятига эса сўз эркинлиги борасидаги қарама-қарши фикрлар сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ ҳаркати Муассислар мажлиси номидан Uznews.net нашри ва унинг Бош муҳаррири Галима Бухорбоевага эътироз билдирилган баёнот эълон қилинди.

Ушбу баёнотда Галима Бухорбоева мухолифатдаги ЎХҲ ташкилоти ва унинг етакчиси Муҳаммад Солиҳ шаънига туҳмат қилганликда айбланди.

Ташкилот иддаосига кўра, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг Туркияга сафари ва сафардан Ўзбекистонга қайтибоқ, руҳий хасталар шифохонасига тушиб қолиши билан боғлиқ жараён хусусида Uznews.net нашри чоп этган мақолалар "ошкора дезинформация" ва "фактларни қалбакилаштириб кўрсатиш"га уринишдир.

Uznews.net нашри бунга қадар ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг 27 мартдан 1 апрелга қадар Туркияга қилган сафари давомида ЎХҲ етакчиси Муҳаммад Солиҳ билан учрашгани ҳақида хабар берган эди.

Бу хабарларда ҳуқуқ ҳимоячиси яна хасталаниб қолишига унинг Муҳаммад Солиҳ билан мулоқотлари, хусусан, унинг рафиқаси қўлида даъволанганини сабаб, деб билиши ҳақидаги иддаоси келтирилган эди.

Бу мақолаларга жавобан ЎХҲ томонидан эълон қилинган баёнотда Uznews.net нашри сўз эркинлигини суиистеъмол қилишда айбланган ва айни пайтда сайтни молиялаштираётган муассислардан Uznews.net фаолиятини кузатиб бориш сўралган.

Бу баёнотларга жавобан нашр муҳаррири Галима Бухорбоева ЎХҲ томонидан илгари сурилган бу айбловларни асоссиз, деб ҳисобламоқда. Унинг таъкидича, Елена Урлаева ҳамда унинг ҳолати юзасидан кейинчалик яна бир ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева берган баёнотлари Uznews.net сайти томонидан холис ёритилган.

Навбатдаги мақоласида журналист ЎХҲ айбловларини ташкилот етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг "сўз эркинлигига тоқатсизлиги" ўлароқ баҳолади.

Шу тариқа, айнан сўз эркинлиги бобида мустақил матбуот ва сиёсий мухолифатнинг таниқли вакили ўртасида зиддият юзага чиққани кўзга ташланди.

Аввалига Озодлик Муҳаммад Солиҳ ва Галима Бухорбоевани ўзаро баҳсга таклиф қилди.

Журналист Галима Бухорбоева баҳсга дарҳол розилик билдирди.

ЎХҲ етакчиси Муҳаммад Солиҳ эса "бу журналистни ўз тенги деб билмаслигини" айтиб, у билан баҳслашишдан бош тортди. Аммо, Озодликнинг бу борадаги саволларига жавоб беришга тайёр эканини айтди.

Шу тариқа Озодлик томонларга айни саволлар билан мурожаат қилишга қарор қилди.


Туҳматми ё тоқатсизликми?


1- савол: Сизга билдирилган айбловга қандай муносабат билдирасиз?

Галима Бухорбоева: Мен танқидга ҳамиша тоқат билан ёндошганман ва ҳар доим Uznews.net мақолалари ҳамда менинг чиқишимдан норози бўлганларни тинглашга тайёрман. Лекин, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг баёнотини ўқир эканман, мен унинг нақадар асоссизлиги, бу билан одамлар ўз номига қаратилган ҳар қандай танқидга тоқатсизлигини яшириш учун "дезинформация", "провокация" каби тушунчаларни бузиб қўллашга уринаётганидан ҳайратландим.

Ҳаттоки, бу борада журналистларнинг ноқулай саволларига тоқатсизликни кўряпман мен.

Мени яна бу баёнотда Муҳаммад Солиҳнинг донорларимиз Uznews.netни молиялаштириш масаласини қайта кўриб чиқиши ҳақида гапириш даражасида тубанликка тушгани ҳайратга солди.

Бундай таҳдидни қўллар экан, демак бу одам ўйлайдики, агар кимдир менинг чўнтагимга зарба берса, мен гўёки фикримни ўзгартираман, бошқача ёзишни бошлайман ва ёзганларимдан бош тортаман. Йўқ. У мендан буни кутмасин ва мени бу билан қўрқитишга ҳожат йўқ.

Энг аянчлиси, мен шу вақтга қадар Муҳаммад Солиҳни ҳурмати жуда баланд, танқид ва мулоқотга тайёр шахс, деб билардим. Аммо, унинг кечаги баёноти аслида бу одамнинг бу каби ғоя ва прициплардан жуда узоқлиги, нафақат демократияни тушунмайдиган, балки ўзи ҳам демократ бўлмаган бир шахс эканини кўрсатди, бу биринчидан.

Иккинчидан, бу билан у ўзининг ҳеч қандай сиёсатчи эмаслигини ошкор қилди. Агар сиёсатчи бўлганда, у стратегик жиҳатдан аввалига яхшилаб ўйлаб кўрган бўларди: ҳозир жамоатчилик олдида Ўзбекистон ҳақидаги эҳтимол ягона мустақил сайтга қарши чиқиш менга, партиямга ва ҳаракатимга фойда келтирадими? Демократ либосида юрар эканман, Ислом Каримов билан бир даражага тушиб, журналистга ташланиш менга фойдалими?

Мен бугун тўлиқ англаган ҳолда, тўла масъулият билан келган хулосамни айтишим мумкинки, Муҳаммад Солиҳ сиёсатчи эмас ва бу шуниси билан аянчлики, демак Ўзбекистоннинг Ислом Каримов етакчилигидаги режимига қарши тура оладиган, соғлом, дунёвий, бошқалар ҳаққини ҳурмат қилишга қодир ҳеч қандай мухолифат йўқ экан.


Муҳаммад Солиҳ: Танқидга тоқат қилмайди деган гап мен учун Галима Бухорбоеванинг навбатдаги туҳмати.

Чунки расман менга қарши танқид бошланганига 30 йил бўлаяпти. Илк бор менга қарши 1983 йилда "Адабиёт ва санъат газетаси"да катта танқид чиққан эди. Ўшандан бери танқид бирор кун ҳам тўхтагани йўқ. Бу аввал адабиëтда, кейин сиëсатда бўлиб келаяпти. Бугунга қадар 30 йил давомида мен танқид ëмғири остида яшаяпман. Агар маданиятли танқид бўлса, танқидчи ҳақиқатан ҳам ашëнинг табиатига уйғун шаклда танқид қилган бўлса, мен уни доим ҳурмат қилганман.

Бизнинг фақат адабиëт ëки шеъриятдаги позициямизга қарши эмас, балки сиëсатдаги позициямизга қарши ҳам жуда кўп танқидлар бўлган ва ҳеч қачон мен улардан хафа ҳам бўлганим йўқ, улар билан душманлашганимиз ҳам йўқ.

Лекин кейинги пайтда мана бу Интернет пайдо бўлгандан кейин танқиднинг савияси шу қадар тубанлашдики, энг ëмон томони, танқид фақат менинг шахсим билан чекланиб қолганда ҳам бу танқидларга умуман жавоб берганим йўқ. Лекин бу сафар менинг оиламга, оила аъзоларимга тега бошлагани сабримни тоширди.

Бу нарсани мутлақо рад қиламан ва Галима Бухорбоеванинг қилаëтган иши унинг навбатдаги туҳмати ва умуман, бу маданиятсиз бир чиқишдир.

Сўз эркинлиги - масъулият маданияти

2-савол: Гарчи универсал бир тушунча бор бўлса-да, бугун айнан сўз эркинлиги борасида қарама-қаршилик юзага чиқмоқда. Аслида, сизнингча сўз эркинлиги нима?

Галима Бухорбоева: Сўз экинлиги бир журналист сифатида мен учун, энг аввало, масъулиятдир. Мен Uznews.net сайти орқали ўзимда мавжуд бўлган эркин минбарни суиистеъмол қилишни хоҳламайман.

Лекин, энг аввало, бу ўз фикрини билдириш ҳаққи ҳамдир. Бу ўзинг ўйлаётган фикрларни айтиш ҳаққидир. Эҳтимол, хабарларни талқин қилиш, уларга муносабат билдиришда менинг шахсий кўз қарашим сезилар ва мен ҳеч қачон ўта объектив журналистликка даъво қилмаганман. Мен ҳам оддий одамман ва тайёрлаган материалларимда Муҳаммад Солиҳ ёки сизга ўхшамаган шахсиятим кўринади.

Лекин табиийки, айни пайтда менинг зиммамда масъулият ҳам бор. Агар одамлар мени кимнидир ҳақорат қилаяпти, кимгадир туҳмат қиляпти, фактларни бузиб кўрсатяпти, деб ўйлашса, судга беришлари мумкин.

Энг камида шахсан менга мурожаат қилиб, айбимни юзимга айтишлари мумкин ва шу вақтгача агар айбли иш қилганимга ишончим комил бўлган бўлса, буни тан олмаган вақтим бўлмаган. Аммо, агар ҳақлигимга ишончим комил бўлса, у ҳолда мен охирига қадар курашишга тайёрман.


Муҳамад Солиҳ: Сўз эркинлигини мен ҳақорат эркинлиги, бировни пастга уриш эркинлиги, маданиятсизлик эркинлиги, фуҳуш эркинлиги деб тушунмайман.

Сўз эркинлиги, деганда мен маданият эркинлиги, инсонларнинг озодлигини, ҳурриятини ҳурмат қилиш эркинлиги ва уларга сўз ҳуқуқи бериш эркинлигини тушунаман.

Булар эса чексиз-чегарасиз ҳақорат қилиш эркинлигини сўз эркинлиги, деб тушунади. Uznews.net сайти сариқ нашрлар ичида энг маданиятлиси ҳисобланган. Биз шунинг учун ҳам иложи борича бу сайт билан алоқа қуришга интилдик ва доим мулоқотда бўлиб келдик.

Лекин охирги йилда бу сайт чиғириқдан чиқди. Энг ëмони, туҳмат даражасида бизга қарши ҳужум қила бошлади бу сайт. Шунинг учун ҳам бу сайтга биз жавоб бердик ниҳоят.
XS
SM
MD
LG