Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:31

"Туя гўшти еган" темир йўл


Бишкек ва Пекин расмийлари Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг техник ва иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш юзасидан меморандумни имзоладилар.

Қирғизистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Йўл қурилиш корпорацияси Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан меморандумни имзолади. Меморандумда бир йил ичида темир йўлнинг техник ва иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш белгиланди. Шундан сўнг, темир йўл лойиҳаси устида иш бошланади.

Темир йўлнинг узунлиги 268 километрни ташкил этади. Қирғизистон томони темир йўлни Қашқар-Тўруғарт- Балиқчи-Қора Кеча-Жалолобод-Андижон йўналишида қуришни таклиф қилмоқда.Бу ҳолатда Қирғизистон шимолини жанубий вилоятлар билан боғлаш имконияти пайдо бўлади.

Расмий маълумотларда айтилишича, агар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилса, Қирғизистон биргина транзитнинг ўзидан йилига 260 миллион доллардан ортиқроқ фойда кўради. Темир йўл қурилиши учун эса 2 миллиард доллар маблағ сарфланади.

Бироқ Хитой томони темир йўлни қуриб бериш учун Қирғизистондаги учта темир конини талаб қилмоқда. Бишкек расмийлари эса темир конлари Хитойга берилмаслигини расман билдирди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистон ҳукуматидаги айрим расмийлар темир йўлнинг қурилиши яқин йилларда бошланишига умид қилмасликларини билдирмоқдалар.

- Бу муваффақиятли тарзда амалга ошмайдиган лойиҳага ўхшаб қолди. Чунки Хитой аввалги позициясини ўзгартирмаган ҳолда, сармояга заҳираларни алмаштириш деган нуқтаи назарда қатъий турибди. Улар Қирғизистон томонидан таклиф қилинаётган бошқа вариантларни мутлоқ қабул қилишмаяпти. Хитой фақат темир конларини сўрамоқда, -деди ўз номини айтмаслик шарти билан суҳбатлашган қирғиз расмийси.

Қирғизистон тоғ-кон бирлашмаси раҳбари Ўрўзбек Дуйшеевнинг айтишича, Қирғизистондаги темир конлари жуда катта заҳирага эга. Шунинг учун ҳам Хитой темир йўлга сарфланадиган 2 миллиард доллар сармоя эвазига бундан бир неча юз баробар кўп фойда бериши мумкин бўлган конларни талаб қилмоқда.

- Хитой талаб қилаётган Етим тоғ кони дунёдаги энг катта заҳирага эга. Бу коннинг заҳираси миллиардлаб тоннага тенг. Бундан ташқари бу кондаги темир мадани сифати ҳам ўта юқори даражада. Қирғизистон ҳукумати бу конни беришга ҳеч қачон рози бўлмайди. Қирғизистон қачон қодир бўлганда, бу конни ўзи ўзлаштириб, ўзи ишлатади, -деди Ўрўзбек Дуйшеев.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси биринчи маротаба президент Акаев даврида эълон қилинган эди. Ўшанда Хитой томони темир йўлдан 99 йил фақат ўзи фойдаланишини талаб қилган. Президент Бакиев даврида эса Хитой томони темир йўлга 47 йил эгалик қилишга розилигини билдирган. Бироқ Қирғизистон президентлари Хитойнинг бундай талабларига рад жавобларини беришган эди.
XS
SM
MD
LG