Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:39

Ўзбекистон статистикаси яна мақтанди


Ўзбекистон статисикасига кўра, 2012 йилнинг уч ойида мамлакатда 243 минг янги ишчи ўрни яратилган.
Ўзбекистон статисикасига кўра, 2012 йилнинг уч ойида мамлакатда 243 минг янги ишчи ўрни яратилган.

Ўзбекистон статистикаси 2012 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши 7,5 фоизни ташкил қилганини билдирди.

Бироқ статистик маълумотда бу ўсиш қайси йилга ёки қайси йилнинг қайси чорагига нисбатан экани кўрсатилмаган. Шунинг учун ҳам: "Бу кўрсаткични ютуқ сифатида қабул қилиш керакми ёки ортда қолиш сифатидами?" деган саволнинг жавоби очиқ қолмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 2012 йилнинг биринчи чорагида бюджет ЯИМга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан якунланганини эълон қилди. Аммо 2012 йилнинг биринчи чорагида бюджет чиқимлари ва даромади қанча бўлгани аниқ рақамларда, яъни пул нисбатида келтирилмаган.

Ўзбекистон статистикаси биринчи чоракда 243 мингта янги иш ўрни яратилганини, уларнинг 65 фоизи қишлоқ жойларида эканини билдиради.

Статистик маълумотда айтилишича, Ўзбекистонда истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш биринчи чоракда 5,4 фоизга, маҳаллий маҳсулот 19.4 фоизга, чакана савдо айланмаси 11 фоизга, хизмат кўрсатиш 12 фоизга ўсган. Ялпи ички маҳсулотда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши ўтган йилдаги 48, 5 фоизга нисбатан 52,1 фоизга кўтарилган.

Статистик рақамларнинг нисбатсиз келтирилгани ва ишчи ўринлари яратилиши юзасидан нореал рақамларнинг эълон қилиниши Ўзбекистон иқтисодин ўрганувчи мутахасисларда шубҳа туғдириб келади.

Иқтисодчи олим Вячеслав Зубенконинг айтишича, Ўзбекистон томони эълон қилган рақамларга халқаро ташкилотлар ҳар доим ҳам ишонч билдира олмайдилар.

- Иқтисоднинг ўсиши инфляциядан ортда қолаётгани қоғоз пулларнинг муомалага чиқарилишинининг кўпайтирилишига, бунинг ортидан миллий валютанинг қадрсизланишига ва аҳоли фаровонлигининг ёмонлашувига сабаб бўлади. Ўзбекистон ҳукумати Ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,5 фоизни ташкил этганини айтар экан, инфляция даражасини яширади. Дейлик, Ўзбекистон шароитида инфляция 10 фоизни, иқтисодий ўсиш 7,5 фоизни ташкил этса, бу олдинга силжиш эмас, минус 2,5 фоиз ортда қолиш деганидир.

Масалан, ўтган йили мустақил таҳлил Ўзбекистонда инфляция даражаси камида 20 фоиз бўлганини кўрсатган. Иқтисодий ўсиш эса 10 фоиз атрофида бўлган. Бу эса Ўзбекистон иқтисоди камида минус 10 фоиз ортга кетганини кўрсатади, -дейди Вячеслав Зубенко.

Ўзбекистонлик тажрибали иқтисодчи Расулжон Абдумажидов эса Ўзбекистон чинаккам иқтисодий ўсишга эришиши учун ҳукумат ташқи савдо ва хусусий тадбиркорликни либерилизациялаш, товар ва хизматлар билан таъминланмаган ортиқча пул миқдорини муомиладан чиқариш, миллий валюта қийматини сунъий йўл билан ушлаб туриш амалиётини тўхтатиши зарурлигини айтади.

- Энг аввало антикоррупцион ва антикрисиз дастури ишлаб чиқлиши керак. Ўзбекистонда бу йўналишда ҳукумат дастури йўқ. агар бу дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмаса инфляция кучайиб бораверади. Иккинчидан пул ислоҳотини ўтказиш керак. бугунги кунда 10 та номинал пулдан фақат учтаси: 200, 500, 1000 сўмлик амалда қолган. Қолган 7 номиналдаги пул истеъмолдан чиқди. Шунинг учун пул ислоҳотини 2005 йилдаёқ ўтказиш керак эди, -деди Расулжон Абдумажидов.
XS
SM
MD
LG