Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

Йўллар нега таъмирланмаяпти?


Қишдан чиққан пойтахт кўчаларида бундай манзарани кўп учратиш мумкин.
Қишдан чиққан пойтахт кўчаларида бундай манзарани кўп учратиш мумкин.

Тошкент шаҳри йўллари қишки мавсумдан кейин абгор аҳволга келиб, йўлларнинг ўнқир-чўнқир бўлиб кетганидан одамлар норозилиги ошиб бораётгани айтилмоқда.

Одамлар ўз автомобиллари ва шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатаётган давлатга қарашли янги “Мерседес” автобуслар ҳам ғадир-будир йўлларда яроқсиз ҳолга келаётганини айтмоқда.

Аввал Ўзбекистонда ҳар бир автомобил эгасидан йиллик йўл солиғи ундирилар ва бу маблағ янги йўллар қуриш ва эски йўлларни таъмирлашга сарфланар эди.

ЎР Вазирлар маҳкамаси 2011 йилги қарорида 2012 йил 1 январдан жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларида бензин, дизел ёнилғиси ҳамда сиқилган ва суюлтирилган газдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси белгиланди.

Қарорга мувофиқ ҳозирда ҳар бир литр бензин нархига 200 сўмдан “жисмоний шахсларга ёнилғидан фойдаланганлик солиғи” киритилган.

Йўл солиғи бензин нархига киритилгани ҳисобга олинса, йўлларни таъмирлаш учун мутасадди ташкилотларда бюджет камомади бўлиши эҳтимолдан йироқ.

Бироқ йўллар таъмирталаб ҳолда қолмоқда.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида “Йўллар нега таъмирланмаяпти?” деган саволга жавоб қидирдик.

Дилмурод, Тошкентдаги “автозаправка” ходими:

- Тошкентда йўлларнинг баъзи жойлари яхши. Кўп жойлари яхши эмас. Чуқурлар кўп. Ёғингарчилик бўлганидан кейин йўлларда чуқурлар кўпайган. Созланмай қолиб кетяпти кўпчилиги. Созлангани ҳам “хўжа кўрсин”га қилиб кетилган. Икки ҳафта ўтганидан кейин яна ўша аҳвол бўлади. Менимча, йўлларни таъмирлаши керак бўлган идоралар ишни рисоладагидек қилмаяпти.

Расулжон, фарғоналик тадбиркор:

- Фарғонада йўлларга яхши қарашади. Масъулият сезишадими, билмадим. Чунки йўлларга ҳамиша яхши қарашган, Фарғонада йўллар равон. Тошкентликлар ҳам мақташади, водийнинг йўллари зўр, деб. Тошкентда чуқурлар кўпайиб кетди. Бу йил қор кўп ёғди. Йўллар ўйилиб кетди. Таъмирлашда чуқурларга чиқинди асфальт ташлаб ямаб кетяптида. Бу бир-икки кунга етади холос. Машина юрганидан кейин тошларни чертиб-чертиб ҳаммасини чиқариб юборади. Кўп жойни ямаяпти. Ямаган билан узоққа бормайди. Йўллар таъмирланмаслигини сабаби йўллар бошқармаси расмийларининг лоқайдлигида, менимча.

Абдуҳаким, самарқандлик шифокор.

- Биринчи ўринда, йўл таъмирланмаётгани учун юқоридаги мутасадди ташкилотлар айбдор бўлса, 90 фоиз аҳоли айбдор. Аҳоли юқорига мурожаат қилиб талаб қилмайди. Давлатни биринчи раҳбаридан кўришади. Лекин қуйидаги раҳбарлар ҳам бунга айбдор-да. Каримов периферияга қараб муаммони кўра олмайди-ку. Йўлга ажратилган маблағларни кимлардир ўзлаштириб кетяптими? Маҳаллий оммавий ахборот воситалари фақат яхши томонни кўрсатиб ёмон томонини яшириб юрибтида.

Раҳимжон Муҳаммаджонов, Қўқон шаҳар Маҳалла жамғармаси раиси:

- Бизда йўллар жуда зўр. Икки-уч йилдан бери ремонт қилиниб, янгиттан асфальтлар ётқизилган ака. Лекин биззи Қўқон шаҳрига Тошкентдан келган, хориждан келган меҳмонлар ҳам хайрон. Қўқоннинг марказий кўчалари текислиги, атрофда ободонлаштириш ишларининг олиб борилганлигини кўриб танимай ҳам қоляпти. Сабаби, президентимиз ташрифларидан кейин икки йилдан бери ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. 2011 йил ноябрида ҳам келиб кўриб кетдилар. Президентимиз кўрганларидан кейин Қўқон шаҳрининг аҳолисига раҳмат айтиб, икки йил ичида шунча ишлар қилиб обод қилибсиз деб миннатдорлик билдириб кетдилар. Ундан олдин камчиликлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин ҳозир Қўқон қайтадан қурилдику.

Баҳром, қаршилик ишчи:

- Расво бўлиб ўпирилиб ëтибди ҳамма жойлар. Буни энди катта ҳокимиятлар билса керак. Бизларнинг Қаршида катта қурилишлар бўлаяпти. Ўшалар битгандан кейин йўлларни таъмирлаймиз деяптими. Ҳозир Қаршида 4-5 этажли иморатлар қурилаяптида. Ўшаларга катта-катта техникалар кираяпти. Техника киргандан кейин йўллар бузилади. Кейинчалик ремонт қиламиз деб балки ремонтни кейинга чўзаëтган бўлиши ҳам мумкин. Ҳозир янги ҳоким зўр олиб бораяпти ишларни. Олдингиси ўзининг киссасига ишлайверар эди. Ошна-оғайничилик билан қилар эди. Ҳозир келган ҳоким нормалний ишлаяпти. Қаршида қурилишлар бўлаяпти. 30-40 тонналик машиналар юрибди шаҳарнинг ичида. Ўшанга йўл ремонтини кейинга чўзаëтган бўлиши мумкин.

Баходир, бухоролик ўқитвчи:

- Бу йил автомобил йўлларини аҳволи яхши эмас. Яқинда Вазирлар маҳкамаси шаҳар ва қишлоқ жойларида автомобил йўлларини яхшилаш тўғрисида қарори қабул қилди. Бухорода энди автомобил йўллари тузатиляпти. Шунга қарамай, аксар йўллар таъмирталаб.

Аъзам, жиззахлик уста:

- Жиззахда кўчаларнинг ёмон жойи ҳам бор, яхши жойи ҳам бор. Яхши жойи камда. Йўлни ремонт қилишни энди қайтадан бошлашдику. Кеча тўртта-бешта юк ташийдиган машина кўрдим. Шибёнка ташиб шаҳарни ўртасидаги кўчаларни ямаяптида. Мелкий-мелкий жойларга шибёнка тўкиб, шунақа қиляпти. Дарахтларни кесди. Йўлларни кенгайтиряпти. Мошина кўпайиб кетдику. Шунга қурилишлар бўляпти.


Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG