Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:44

Бекобод цемент заводи раҳбарияти қамалгани маълум бўлди


Бекобод цемент заводининг аввалги раҳбарияти ҳам талон-тарожда айбланган эди.
Бекобод цемент заводининг аввалги раҳбарияти ҳам талон-тарожда айбланган эди.

Бекобод цемент заводига 2010-11 йилларда раҳбарлик қилган Россия фуқароси Сергей Никитин бир йил аввал мазкур корхона мол-мулкини талон-тарож қилганлик ва давлатга катта миқдорда зарар келтирганлик айби билан қамалгани маълум бўлди.

Горизонт.уз нашрига кўра, собиқ директор Никитин қўли остидаги шериклари билан ҳамкорликда цемент махсулотларини яширинча сотиб, даромадни ўзлаштириб келган.

Завод ходимларидан бири Сергей Никитин ва унинг шериклари қамалганини тасдиқлади.

- Никитин қамалган. Адашмасам, 7 йилга кесилган. Бир йилдан ошиб қолди бу ҳодисага. Ҳозир у қамоқда жазо муддатини ўтаяпти,- деди Бекобод цемент заводининг ўз исмини айтмаган ходимларидан бири.

Терговчилар Россия фуқароси бўлган Никитин ўзи раҳбарлик қилган Бекобод цемент ҳиссадорлик жамияти молиявий директори Қозоғистон фуқароси Ойгул Жамиева, заводнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси Шавкат Бозоров, заводнинг тижорий директори муовини Ҳусан Саримсоқов ва бошқалар билан тил бириктириб, завод мулкини ўғирлаган, деган хулосани берган. Айтилишича, ўзлари ишлаб чиққан схема асосида ноқонуний даромад орттириб келганлар.

Горизонт.уз нашрининг ёзишича, собиқ директор Никитин бошчилигидаги гуруҳ Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги Билиқтау конидан қазиб олинган цементни яширинча сотиб, даромадни ўз ҳамёнларига уриб келган.

Шунингдек, жиноий гуруҳ Республика Божхона ҳизмати ҳамда Марказий банкдаги шериклари ёрдамида цемент махсулотларини ноқонунуний йўллар билан четга сотиш билан ҳам шуғулланиб келган, дейилади шу ҳафта ошкор бўлган хабарда.

Бекобод цемент заводи ҳодимларидан бири "жиноий тўдага алоқадор айрим шахслар ҳибсга олингани, айримлари ишдан бўшатилгани"ни маълум қилди Озодликка.

- Ҳозир заводга янги раҳбар тайинланган. Зоев Александр Анатолевич. Заводда ҳозир вазият анча яхшиланиб қолди, ҳамма иш маромида,- деди Бекобод цемент ходимларидан бири.

Россиянинг Оренбург вилоятидан бўлган Сергей Никитин 2010 йилда Бекобод цемент заводига раҳбар этиб тайинланган.

Бекобод цемент заводининг аввалги раҳбари Алик Нуриддинов ҳам 2010 йилда корхона мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ўша йили “Қизилқумцемент” бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров ҳам ўзига нисбатан жиноий иш очилиши ортидан мамлакатдан қочиб кетганди.

1995 йилда Бекобод цемент комбинати негизида ташкил топган заводда йилига 714 минг тонна цемент ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда жами олтита цемент заводи бор. “Қизилқумцемент”, “Оҳонгаронцемент” ва “Қувасойцемент” республикада цемнт ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналар ҳисобланади.

Ўзбекистонда йилига 7 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади. Мазкур соҳани Ўзбекистонда ҳокимиятга яқин нуфузли молиявий гуруҳлардан бири назорат қилиши айтилади.
XS
SM
MD
LG