Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:46

Усама ўлдирилган кун Обама Кобулга келди


Ал-Қоида террор тармоғи етакчиси Усама бин Ладин ўлдирилганига бир йил тўлган кунда олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга келган Оқ уй раҳбари президент Карзай билан стратегик ҳамкорлик келишувини имзолади.

Кобулда қилган баëнотида Обама АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда керагидан бир кун ҳам ортиқ қолмасликларини билдирди.

Обама¸ жорий йил охирига қадар Афғонистондаги АҚШ аскарларининг 23 минг нафарини мамлакатдан олиб чиқиш¸ 2014 йил охирига бориб эса¸ хавфсизлик устидан назоратни маҳаллий афғон кучларига тўлиқ топшириш қарорида қатъий эканини таъкидлади.

- Биз бу мамлакатда доимий ҳарбий база ўрнатмоқчи эмасмиз. Афғон шаҳарлари ва тоғлари устидан патруллик қилиш ҳам бизнинг ишимиз эмас. Бу ишни афғон халқининг ўзи эплайди¸ деди чоршанба куни Бағром ҳарбий базасида АҚШ ҳарбийлари олдида қилган чиқишида президент Обама.

2 май кунги Афғонистон сафари Обаманинг президент сифатида бу мамлакатга қилган учинчи ташрифидир.

Обаманинг Афғонистондаги нутқидан парча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00


АҚШ президенти Кобулни тарк этар-этмас пойтахтда бир неча портлашлар содир этилди.

Хориж пудратчилари ва халқаро ëрдам ташкилотлари ходимлари яшайдиган Яшил қишлоқ яқинида амалга оширилган худкуш ҳужуми оқибатида асосан тинч аҳоли вакиллари¸ хусусан мактаб ўқувчилари нобуд бўлди. Сўнгги хабарларга кўра¸ бу ҳужум оқибатида 7 одам нобуд бўлган¸ 17 нафари жароҳат олган.

- Бу Толибон томонидан амалга оширилган яна бир истиқболсиз ҳужумдир. Бу ҳужум оқибатида яна бегуноҳ афғон фуқаролари нобуд бўлди. Қурбонларнинг аксари мактаб ўқувчиларидир¸ деди НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот котиби генерал Карстен Якобсон.

Афғонистондаги урушни масъулиятли бир тарзда якунлашга онт ичган АҚШ президенти 2 май куни яна бир бор Толибонга мужда йўллади.

- Биз улар олдига очиқ таклиф қўйдик. Толибон¸ агар Ал-Қоида билан алоқани узиб¸ афғон қонунларига риоя қилса¸ улар ҳам Афғонистон келажагининг бир қисмига айланиши мумкин. Бу уруш Афғонистондан бошланди ва у яна айни Афғонистонда якун топади¸ дея онт ичди президент Обама.

2 май кунги қисқа сафари давомида АҚШ раҳбари Афғонистон президенти билан Америка ҳарбийлари мамлакатни тарк этганидан кейинги ўзаро стратегик ҳамкорликка оид шартнома имзолади.

Ҳужжатни имзолаш маросимида Америка халқига Афғонистонни қайта қуришда кўрсатаëтган ëрдами учун ташаккур билдирган президент Карзай ўзаро стратегик ҳамкорлик келишуви икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқажагини билдирди.

- Бу келишув ўтган 10 йиллик мавсумни ëпади ва муносабатларимизда янги бир даврни бошлаб беради. Бугунги ҳужжатга қўл қўйиш орқали биз икки суверен ва мустақил давлат ўртасида ўзаро ҳурмат¸ ишонч ва дўстлик асосига қурилган муносабатлар фаслини бошлаëтирмиз¸ деди Афғонистон президенти Карзай.
XS
SM
MD
LG